...
МЕНЮ
ONLINE TV

Америка разведкаси Россиянинг президент сайловига аралашганини исботловчи далилни топди


16:34, 05.01.2017 Олам
 5 431

“WikiLeaks” асосчиси Жулиан Ассанжнинг айтишича, Оқ уй сайловда Дональд Трамп ғалаба қилганини инкор этиш истагида.

Америка разведка хизмати Россиянинг АҚШ Демократик партияси серверидан “ўғирланган” маълумотларни учинчи шахс орқали “WikiLeaks”га етказганини исботловчи аниқ далиллар топганини маълум қилмоқда. Бу ҳақда америкалик мансабдорлардан бир нечтаси “Reuters” ахборот агентлигига хабар қилган.
 
Халқаро ахборот агентлигига маълумот берган манбалар Россиянинг ҳужжатларни ҳақиқатан ўғирлаганини исботловчи далил ҳақида ошкор қилишни исташмади.
 
АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Бреннан 2016 йининг ноябрь ойида ўтган АҚШ президенти сайлови жараёнига Россиянинг аралашганини исботловчи ҳужжатларни бугун, 5 январь куни Барак Обамага тақдим этишини маълум қилди. Эртага эса бу ҳақда Оқ уйнинг бўлажак раҳбари Дональд Трампга ҳам маълумотлар ошкор қилинади.
 
“WikiLeaks” асосчиси Жулиан Ассанж бир неча кун аввал, 2016 йил ёз мавсумида АҚШ партиясининг маълумотлар базаси билан боғлиқ ҳодисада Кремлнинг алоқаси йўқлигини маълум қилган. Бу ҳақда “The Hill” хабар берганди.
 
Унинг фикрича, Оқ уй сайловда Дональд Трамп ғалаба қилганини инкор этиш истагида. Бунинг учун эса Россияни маҳфий маълумотларни ўғирлаганликда айбламоқда.
 
Аслида 2006 йилда асос солинган “WikiLeaks” портали фаолияти дунё сиёсатида кўплаб баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Портал асосан турли манбалардан олинган маҳфий маълумотларни ёритиш билан шуғулланади.
 
Германиянинг бир неча нашрлари эса “WikiLeaks”ни Америкага қарши ошкора ҳаракат қилиши ҳақида ёзишган.
 
Портал асосчиси Жулиан Ассанж 2012 йилдан буён Лондондаги Эквадор элчихонаси ҳудудида яшайди. Швеция прокуратураси унга 2010 йилда икки аёлни зўрлаган, деган айб билан мамлакатдан чиқариб юбориш истагида. Лекин Ассанж бундай айбни инкор қиляпти.
 
2016 йил ёзда маҳфий маълумотлар ёритилганидан сўнг, Ассанж яшаган Лондондаги Эквадор элчихонаси интернет тизимидан узиб қўйилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги бошқа давлатлар сиёсатига аралашмаслигини маълум қилганди.
 
Ўтган йил октябрь ойида эса АҚШ ҳукумати Россияга мамлакат партиялари почталарига кибер ҳужум уюштирганлигини иддао қилиб, расман айб қўйди. Шу орқали Россия АҚШ президенти сайловига аралашганлиги ҳақидаги айблов ҳам тасдиқланди. Ўз навбатида Кремль бу айбловни “чўпчак” деб атаганди. Аввал хабар қилганимиздек, АҚШнинг Россияга қарши санкциялар эълон қилишини Россия Ташқи ишлар вазирлиги “душманлик қадами” деб атаганди.
Дурдона Расулова 

Теглар:АҚШ-Россия Разведка WikiLeaks 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!