Тошкентда қурилаётган кўп функционал “Ҳумо Арена” муз саройи Ўзбекистонда илк ҳашаматли спорт аренаси ҳисобланади.
Келаси йилга қурилиш ишлари якунланиши режалаштирилган муҳташам саройнинг асосий қисмини Сингапур мамлакатининг йирик компанияларидан бири Enter Engineering Pte. Ltd қурувчилари ўз зиммаларига олишган.
Ўзбекистоннинг Wind Rose компанияси қурилишни молиялаштириш билан бирга шахсий инвестициясини сарфламоқда.
Эскизларга кўра, бино замонавий хай-тек услубида шиша ва металлдан қурилади. Энергия жиҳатидан “ақлли” ва яшил технологиялар ҳам четда қолмайди.
Янги комплекс ўзида замонавий меъморий ечимлар, илғор технология ва миллий меъморчилик анъаналарини мужассамлаштиради.
Бинога бежиз “Ҳумо Арена” деб ном берилмаган бўлиб, Ҳумо қуши азалдан бахт тимсоли сифатида таърифланади. Давлатимиз гербида ҳам ушбу афсонавий қушнинг тасвири акс эттирилган.
Компания вакилларининг сўзларига кўра, мажмуанинг асосий муз аренасида 12 500 та томошабин ўрни бўлади, қўшимчасида 300 та ўрин, шунингдек 200 та автомобиль сиғимига эга автотураргоҳ ҳамда болалар учун тематик парк ва бир нечта ресторан қурилади.
“Муз саройини кўп функцияли деб эътироф этилишининг сабаби — бу ерда хоккей, шорт-трек, фигурали учиш, бокс, баскетбол, волейбол, концерт чиқишлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашганини эътиборга олган ҳолда, мажмуа 9 баллик ер силкинишларига дош бера оладиган қилиб қурилади”, дея изоҳ беришди “Heerim Architects”да.
Қайд этиш лозим, компания Ўзбекистондаги бошқа йирик лойиҳада хам иштирок этмоқда. Янги Тошкент аэропорт терминалининг дизайн лойиҳасини айнан шу компания ишлаб чиққан.
Лойиҳа бир муддатга тўхтатилган эди, бироқ яқинда МАК вакиллари унинг тикланишини ва шу мақсадда Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореяга ташриф буюришини таъкидлади.
Биз қалбда ишонч ва ғурур билан Ўзбекистонда янги спорт саройи қуриб битказилишини интиқлик билан кутиб қоламиз.