...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Совуқ уруш” хавфини вужудга келтираётган учта асосий сабаб


17:04, 10.03.2018 Олам
 7 490

“Янги совуқ уруш” хавфи вужудга келаётгани кўпгина сиёсий доираларни сергаклантирмоқда.

Бугунги кунда дунёдаги лидер мамлакатларнинг қуролланиш ва қуроллардан фойдаланиш бўйича хатти-ҳаракатлари, нафақат, тинчликпарвар халқаро ташкилотларни, балки сиёсатчиларнинг ҳам диққат марказида бўлиб турибди.
 
Кўпчилик бундай вазиятни “янги совуқ уруш” хавфи дея баҳоламоқда. Хусусан, АҚШнинг машҳур “The Nation” журнали муҳбири Майкл Клэр ўзининг бу борада таҳлилий мақоласини эълон қилди.
 
Жорий йилнинг февраль ойида уч йирик давлат АҚШ, Россия, Хитой ўртасида “янги совуқ урушни келтириб чиқарувчи” муҳим воқеалар содир бўлди, деб ёзилади “The Nation” нашрида.
 
Майкл Клэрга кўра, агар эски “совуқ уруш” давридаги қуролсизланиш ташаббуслари амалга оширилса, дунё бу қарама-қаршиликдан эсон-омон ўтиб олади.
 
“Биз барчамиз ўтган асрдаги “совуқ уруш” бошланиши ва тугашини англатувчи муҳим воқеаларни эслай оламиз.
 
Масалан, 1945 йил августда Хиросима ва Нагасакига атом бомбаларининг ташланиши ва Уинстон Черчиллнинг 1946 йил 5 мартдаги “темир парда” ҳақидаги нутқи “совуқ уруш” бошланганини билдирувчи белги бўлган бўлса, 1989 йил 9 ноябрда Берлин деворининг қулаши “совуқ уруш” тамом бўлганидан хабар берган”, деб  ёзади у.
 
Бугунги кунда дунёнинг уч мамлакати, АҚШ, Россия ва Хитой ўртасидаги қуролланиш пойгаси Майкл Клэр назарида “янги совуқ уруш”ни вужудга келтирмоқда. Шунингдек, муаллиф буларнинг барчасига жуда катта сабаб бўлган яна бир воқеани, “жорий йил февраль ойидаги “янги совуқ уруш”нинг “ўт олишини” қўшиб ўтади.
 
У бир ой мобайнида  учта ўзаро боғлиқ воқеалар юз берганини таъкидлади:
 
Биринчидан, АҚШ ядровий заҳираларини кенгайтириш ва ядровий қуролларни ишлатишда нисбатан юмшоқ сиёсат олиб боришни назарда тутувчи янги доктринасини эълон қилди. Ушбу доктринага Россия, КХДР, Эрон ва Хитойнинг Халқаро қуролланиш дастурини бузганлиги тўғрисидаги махсус бўлимлар киритилган.
 
Иккинчидан, хитойлик амалдорлар Хитой Халқ Республикаси раиси бошқарув муддатини бекор қилишди ва бу Си Цзиньпинга 2023 йилда тугайдиган беш йиллик муддатдан кейин ҳам бошқарувда қолиш имконини яратди.
 
Учинчидан, жорий йил 1 март куни Россия президенти Владимир Путин Федерал мажлисдаги мурожаатида Американинг ракетага қарши ҳимоясини четлаб ўтиб АҚШнинг қоқ юрагига зарба бера олувчи янги ядровий қуролларини намойиш қилди.
 
Биргаликда бу уч воқеа халқаро муносабатларда аввалги “совуқ уруш”даги каби шубҳа, душманлик ва жанговорлик муҳитининг яратилишига имкон бермоқда.
 
Ўша вақтлардагидек, бир тарафнинг қурол яратганини эълон қилиши, иккинчи тарафга янги қуроллар яратишга баҳона бўлади ва натижада шиддатли “қуролланиш пойгаси” авж олади.
 
“Аммо ҳозирги давр аввалгисидан икки эмас уч йирик давлат марказий рол бажараётгани билан фарқланади ва бу дунёдаги яширин қайноқ нуқталарни ҳисоблашда хатоларга олиб келиши мумкин”, деб ёзади муаллиф.
 
Майкл Клэр бу даврда дунёни сақлаб қолиш учун эски “совуқ уруш”и давридаги қуролсизланиш ташаббусларини янгидан ташкил этиш ва коммуникацион ютуқлар билан мустаҳкамлаган ҳолда жонлантириш кераклигини илгари сурган.
 
Аввалги “совуқ уруш”да тинчлик тарафдорлари икки усулда ҳаракатланишган: улар сиёсатчиларга босим ўтказиш учун кенг қамровли намойишларни ташкиллаштирганлар ва “ядровий хавф содир бўлишнинг олдини олиш” учун илмий бирлашмалар билан қуролланишни назорат қилиш меьёрларини яратиш борасида ҳамкорликлар қилганлар.
 
“Биз бу янги “совуқ уруш”да фақатгина ўз фуқаровий фаоллигимиз эвазига омон қола оламиз” деб ёзади “The Nation” журналисти Майкл Клэр.
 
Дарҳақиқат, замонавий дунёда ушбу уч йирик мамлакат ўзига хос ҳарбий салоҳиятга эгалиги, дунёдаги манфаатли нуқталар сари ҳаракатланиши ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришда ўта фаоллиги билан ҳам бошқалардан ажралиб туради.
 
Бу, албатта, тинчликни мақсад қилган халқаро ташкилотлар ва сиёсий доираларнинг муносабатларига сабаб бўлмоқда.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Совуқ уруш АҚШ Хитой Россия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!