...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir.uz”нинг Туркиядаги мухбири: “Ражаб Тойиб Эрдўған Бухорога Нақшбанд зиёратига боради”


13:21, 06.03.2018 Олам
 3 258

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистон замини ва ундан етишиб чиққан диний уламоларга ҳурмати юқори.

Аввалроқ, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик.
 
Туркия раҳбарининг навбатдаги ташрифи икки кун давом этиши кутилмоқда. Ражаб Тойиб Эрдўған бу гал Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари саналган Бухорога ташриф буюриб, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишни режалаштирган. Бу ҳақдаги хабарни “Qalampir.uz”нинг Туркиядаги махсус мухбири етказди. Ушбу хабарни Туркия Буюк Маллат мажлиси расмийлари тасдиқлаган.

Aziz Rametov tavsiya etadi!
 
Турклар Ўзбекистоннинг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини отаюрт санайди. XIII аср бошларида мўғуллар истилоси даврида ўғузларнинг қай уруғи Мовароуннаҳр ва Хуросондан Кичик Осиёга келиб ўрнашган. Сўнг Анадолу ерларида Усмонлилар сулоласига асос солинган.
 
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистон замини ва ундан етишиб чиққан диний уламоларга ҳурмати юқори. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ислом дини қадриятларидан сўз очиб, Имом Бухорий номини тилга олган эди. Мирзиёевнинг нутқи тугагач, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған уни бағрига босиб қутлаб, миннатдорлик билдирган эди.
 
Туркия Президентининг фикрича, ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмаган, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаган.
 
Маълумотларга қараганда, айни дамда Бухоро вилоятида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг биринчи сабаби баҳори айёмлари бўлса, иккинчи сабаби Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ташрифи, деб тахмин қилинмоқда.
 
Ўтган икки йил Ўзбекистон-Туркия муносабатларида ривожланиш даври бўлди, десак муболаға бўлмайди. Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2016 йил ноябрь ойида Самарқандга амалга оширган ташрифи ўзбек-турк халқлари муносабатида янги саҳифани очиб берди.
 
2017 йилнинг 25-26 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироатхон Ҳошимова билан Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларига ташриф буюрди.
 
Музокаралар якунида Президентлар икки мамлакат ҳамкорлигини янги, стратегик босқичга кўтаришга замин яратадиган Қўшма баёнотни имзолади.
 
Шунингдек, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 20 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3-4 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани, бу икки мамлакат ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлаган эди. 

Теглар:Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон-Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!