20 майдан бошлаб катта экранлар орқали намойиш этиладиган “Ойқиз эртаги” фильмини томоша қилишга 7 сабаб...
Биз картина ҳақида кўп гапирмасдан, бу фильмни томоша қилиш учун 7 жиддий сабаб ҳақида сўз юритамиз.
Биринчидан: фильм режиссёри Акбар Бектурдиев кино оламида кеча чиққан ном эмас, бунгача режиссёрнинг “Жазо” (2007), “Сўнгги лаҳза” (2009), “Хавфли саргузашт” (2010), “Муҳаббатнома” (2010), “Ҳур қиз” (2011), “Бахт уйи” (2011), “Салом севги, хайр севги” (2012) каби фильмлари катта экран юзини кўрган. Энг эътиборли жиҳати шундаки, шунча режиссёрлар орасида Акбар Бектурдиев ёш бўлишига қарамасдан, журъат этиб, мазкур картинани суратга олишга бел боғлади.
Иккинчидан: фильм 4К форматда суратга олинган бўлиб, Dolby Surround 5.1. форматига мослаб овозлаштирилган, жуда кўп саҳналарда махсус эффектлардан фойдаланилган.
Учинчидан: фильмнинг бюджети 1млрд 600 млн сўмни ташкил этади, бу – шу вақтгача “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан энг кўп маблағ ажратилган фильм, деб таъкидланмоқда. Бундан бироз аввал, катта экранларда намойиши бўлиб ўтган, киносаройларни ларзага келтирган “Барон” фильмининг бюджети ҳам, “Ойқиз эртаги” фильмидан 100 млн сўмга камроқ. Яъни, “Ойқиз эртаги” 1млрд 600 млн сўмга суратга олинган бўлса, “Барон” фильми 1 млрд 500 млн сўм эвазига киносаройларга етиб келган.
Тўртинчидан: фильмда бош қаҳрамонларни – Йигитали Мамажонов ҳамда Юлдуз Ражабова гавдалантирган. Иккала ижодкор ҳам мухлислар муҳаббатини қозона олган бўлиб, суратга олиш майдонида ҳам қушдек енгил ҳаракат қилишганини режиссёр бир неча бор таъкидлади. Тасвирга олиш жараёнларида Юлдуз Ражабова бир неча марта ҳушидан кетиб қолгани, Йигитали Мамажонов эса каскадёрнинг “беминнат” ёрдамини рад этиб, бор оғирлик ва масъулиятни ўз бўйнига олгани, шундай шароитда ҳам катта матонат билан съёмкани давом эттиргани ҳам таҳсинга лойиқ иш.
Бешинчидан: Йигитали Мамажонов ҳамда Юлдуз Ражабовадан ташқари, фильмда – Маъруф Отажонов, Хайрулла Саъдиев, Дилбар Икромова сингари профессионал актёрлар роль ижро этишган. Улар ҳам турфа хил тақдирларни гавдалантирганликларини суратлардан билса бўлади.
Олтинчидан: мазкур фильм Хоразм вилояти, ичкари чўлда ҳамда Тошкент вилоятининг эртакнамо гўшаларида суратга олинган. Бундан ташқари, “Ўзбекфильм”да 9та махсус декорация қурилган. Мазкур фильм хориж кинотеатрларида қўйилса, Ўзбекистондаги тарихий обидаларга, шаҳарларга қизиқиш янада ортиб, туризм соҳаси янада ривожаланади.
Еттинчидан: фильм сценарийсини ёзишдан бошлаб, токи монтаж жараёнлари тугагунига қадар, яъни 1000 кун мобайнида 1000 дан ортиқ етук мутахассисларнинг меҳнати сингган.