Оддий инсонларда “оёғим тортмаяпти”, “кўнглим бўлмаяпти”, “негадир ғашман...” кўринишида намоён бўладиган ушбу сезги айрим кишиларда бирмунча такомиллашган ҳолатда пайдо бўлади...
Инсон ақл-заковати ҳали-ҳануз туб моҳиятига етиб боролмаётган жумбоқлар бир талай эканлиги барчамизга маълум.
Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали одам организмига, аниқроғи унинг руҳияти билан боғлаб таъриф берганимизда, инсон организмига тааллуқли бўлган маълумотлар ҳақида (1-, 2-, 3- ва 4-ўнталик) туркум мақолалар эълон қилганимиздан сўнг муштарийларимиз кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди. Айниқса нутқ ва хотира ҳақидаги маълумотларга ўқувчиларимиз ўзларининг қизиқарли фикр-мулоҳазаларини қолдиришди.
Улардан бирини эътиборингизга ҳавол этамиз ва сир-синоатга тўла ҳаётимиздаги ҳайратомуз маълумотлар билан ўртоқлашишни бошлаймиз...
“Бухородан Рустам Ширинов: Замондошларимиз орасидан “ҳислатли”, “орқали”, “кўзли” ва яна бир қанча сўзлар билан айтиладиган ғайритабиий, ноёб қобилиятга эга инсонлар бор. Масалан, болаларча ғўлдирайдиган уч яшар қизча дабдурусдан алланималар ҳақидаги гапни, аниқроғи “башоратни” айтиб юборади. Кўп ўтмай унинг айтгани содир бўлганида ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Шундай ҳислатли инсонлар ҳақида маълумот берсаларингиз?”
Соғлом кишидан (руҳий ҳамда жисмоний) бешта ҳистуйғу мужассам:
- кўриш;
- эшитиш;
- таъм билиш;
- ҳид билиш;
- сезиш (механик таъсирлар ва босимни сезиш).
Бу, аввало, инсоннинг мияси, қисман унинг руҳияти билан чамбарчас боғлиқ туйғулар. Бу биологик белгиларни яна “физиологик туйғулар” ҳам деб аташади.
Бироқ буни қарангки, ушбу физиологик белгилар қамрови чегарасининг ортида ҳам аллақандай ғайритабиий туйғулар пайдо бўлиши мумкин экан.
Маълум бўлишича, “олтинчи туйғу” деб аталмиш ҳис белгилари кўпчиликда мавжуд булиб, ўша шахсга “ҳислатли”, “кароматли” дея таъриф беришларига сабаб бўлади. Масалан, шулардан бири — телепатия.
Грекчадан телепатия: “tele” — “узоқ”, “йироқ” (маълум масофадан бошқариш), “pathos” — “туйғу”, “ҳиссиёт” маъноларини англатади.
Атаманинг луғавий мазмунидан маълумки, телепатия — маълум масофадан туриб ҳисҳаяжон, туйғу, хабар ва фикрларнинг узатиш, бошқариш мумкинлигига ишора.
Телепатиядан ўз мақсадларида Собиқ Иттифоқ ва АҚШ ҳарбийлари унумли фойдаланишганлари сир тутилмаган ва ҳозирда ҳам ҳарбийлар амалда бу усулдан самарали фойдаланишларини яширмайдилар.
Ҳатто бир пайтлар Иттифоқ сув ости кемалари дунё сув ҳавзаларида тетепатия орқали бошқарилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди...
Олтинчи туйғулар сирасига яна парапсихология ва ғайриоддий тўйғуларга оид бир қатор тушунчалар киритилади. Булар: башорат қилиш (фол кўриш, ром очиш), “иккиламчи қиёфа” (маълум бир жойда пайдо бўлганда содир бўлган ёки содир бўлиши мумкин бўлган воқеани кўра олиш ва тасвирлаб бериш), кўнгил сезиши (яхши ёки ёмон хабар, ёхуд воқеаҳодисани олдиндан сезиш, бироқ аниқлик кирита олмаслик, тасвирлаб беролмаслик), психокинез (жисмларни механик таъсир кўрсатмасдан жойидан силжитиш) ва ҳоказолар.
Фикрни масофадан туриб ўқиб олиш мумкинми?
Олимлар бир неча асрлардан буён “фикрнинг масофадан узатилиши” дея телепатияга оид воқеаҳодисаларни ўрганиб келишган.
1937 йилда америкалик тадқиқотчи олимлар тажриба ўтказадилар. Шимолий қутбнинг маълум ҳудудида мажбурий қўнишни амалга оширган рус учувчисини қидириш мақсадида самолётда учиб кетган Хюберт Вилкинсом телепатия тадқиқотчиси Харолд Шерман билан телепатик алоқа кўприк ясаши лозим эди.
Хюберт шимолий қутбда, Харолд эса НьюЙоркда эди. Хюберт ҳафтада уч марта, маълум бир келишилган вақтда анча олисдаги шаҳарда истиқомад қилаётган шеригига телепатик маълумотлар жўнатиб турди ва юбораётган хабарларини ён дафтарчасига қайд этиб борди.
“Маълумот қабул қилиш”нинг ҳар бир сеансидан сўнг жаноб Шерман ҳис қилган фикрларини қоғозга тушириб, тадқиқотлар институтига тақдим этиб турди. Тажриба тугаганидан сўнг ҳар иккала кишининг бир неча минг километр узоқликдаги вертуал алоқасига доир қайдномалар солиштирилди ва натижа ҳайратланарли бўлиб чиқди!
Ёзувлар мазмунининг қарийб 80% да бирхиллик бор эди!
Бундан ташқари, яна бир ҳайратомуз воқеа юз берди. 1937 йилнинг 11 ноябрида Нью-Йоркдаги тадқиқотчи Харолд Шерманнинг кўз олдида кучли қорбўрони, самолётнинг мажбурий қўниши ва шериги Хюберт Вилкинсом смокингда аллақандай ҳашаматли бинода вальс рақсига тушгани кўринди.
Кучли қор бўрони ва самолётнинг манзилга етмай қўниши мумкинлиги тахмин қилиш мумкин, бироқ шимолий қутбдаги қандайдир шодёнада қутқарувчи смокинг кийиб вальс тушиши тасаввурга сиғмас ҳол эди.
Тажриба тугагандан сўнг барчасига ойдинлик киритилди. Ростдан ҳам қутқарувчилар самолёти ноқулай обҳаво туфайли чекка ҳудуддаги Регин шаҳарчасига қўнишга мажбур бўлишган экан. Меҳмонларни қарши олган шаҳар мэри уларни шаҳар маъмурият нишонлаётган миллий байрамига таклиф этган ва у ерда Хюберт мезбонлар ҳадя этган смокингда рақсга тушган...
Айрим кишилар қандай қилиб бахтсиз ҳодисаларни олдиндан сезишади?
Олтинчи туйғулар сирасига кирувчи ҳиссиёт белгисининг энг кўп учрайдигани — бу “кўнгил сезиши”. Оддий инсонларда “оёғим тортмаяпти”, “кўнглим бўлмаяпти”, “негадир ғашман...” кўринишида намоён бўладиган ушбу сезги айрим кишиларда бирмунча мураккаб, такомиллашган ҳолатда пайдо бўлади.
Прекогнация деб аталмиш бу ҳолат минглаб афсонаю ривоятлар, эртаклару достонларда тилга олинади.
Замонавий матбуотда ҳам, одатда бу оламшумул табиат ҳодисаси ёки бахтсиз ҳодиса рўй бергандан сўнг чоп этилади, кўнгил сезиши тўғрисида мақолалар нашр этилиб турилади.
Мисол учун “Аберфан ҳалокати” деб ном олган машъум воқеани ёдга олишимиз мумкин.
1966 йилнинг 21 октябр санасида Уэльснинг Аберфан номли тоғли қишлоғида улкан кўмир қоришмали кўчки кўчиб, қишлоқ мактабини лой остида қолдирган эди.
Машъум бахтсиз ҳодиса туфайли 128 нафар болакай ва 16 киши вафот этган эди. Воқеадан кейинги кунларда маълум бўлишича, британиялик кўпчилик болалар ҳам, катталар ҳам ушбу фалокатни олдиндан кўришган экан.
Қироллик тадқиқодчиси, психолог олим Ж.С.Баркер буни исботлаш учун 35 та далил тўплади ва жамоатчиликка маълум қилди.
Мана шулардан бирининг сўзлари: “Аввалига кўз ўнгимда кичик қишлоқ мактаби намоён бўлди, сўнг улкан тоғ чўққилари кўринди. Бир пайт тоғ томондан қорқора кўчки ваҳимали овоз билан оқиб кела болади. Ундан қочаётган бир болакай кўчкига қоришиб кетганини кўриб ўзимча ёрдамга шошилдим. Сўнг эгнига махсус кийимбош кийган қутқарувчи кўринди”.
Воқеа жойидан 300 километр узоқ бўлган Плимут шаҳарчасида истиқомад қилувчи аёлнинг гаплари бахтсиз ҳодисанинг шоҳиди бўлган гувоҳнинг кўрсатмаларига жуда яқинлиги кишини ҳайратга солади.
Аёл ўз шаҳарчасининг черковида чўқиниб, кўзига кўринган тасвирларни черкор ходималарининг олти нафарига ҳаяжон билан сўзлаб берган. Сўнг шошапиша уйига қайтгану, дарвозаси ёнида қўшни аёлни кўриб унга ҳам кўзига кўринган тасвирларни айтган.
Аберфандаги мактаб Плимутдаги аёлнинг кўзига кўрингандан сўнг 45 минут ўтиб, яъни соат 9 дан 15 минут ўтганда кўчки остида қолган...
Кент графлигида Сидкуп истиқомад қилувчи бошқа бир аёл фалокат юз беришидан 7 кун олдин ўзининг дугоналарига кўрган тушини қуйидагича гапириб беради: “Мен тушимда кўмир қазиб оладиган конга яқин жойлашган бир қишлоқни кўрдим. Сўнг ичи болалар билан тўлган каттакон уй кўринди. Тоғдан оқиб келган қора лой ва сув ўша уйни узоқузоқларга суриб юборибди. Болакайларнинг чинқиришини шу қадар аниқ эшитдимки, ҳатто ўзим ҳам уларга қушилиб бақираётган эмишман”.
Фалокат қурбони бўлган бир болакай икки кун олдин отаонасига кўрган тушини айтиб беради: “Худди мен мактабга борибману у жойида йўқ эмиш. Худди устига аллақандай қора нарса тушганмиш...”
Доктор Баркер худди шундай 35 та воқеани изчил ўрганди, бироқ илмфан вакиллари унга ишонишмадилар.
Тадқиқотчининг ҳаракатлари шовшув қилишга уриниш билан тенглаштирилди. Бироқ кишиларнинг бирор фалокатдан олдин уни дабдурустдан кўз ўнгида ёхуд тушида кўриши давом этмоқда.
Бу каби ҳодисаларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш эса барибир турли тўсиқларга дуч келмоқда.
Азиз муштарий, Сиз-чи, сиз бунга ўхшаш ғайритабиий воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўлганмисиз?