...
МЕНЮ
ONLINE TV

Зирапча ёхуд санъатга қозон тўнкариш пайти келди-ёв


10:41, 29.06.2017 Шоу-бизнес
 5 812

Она қизини танимайди, қиз онаси туққан қиёфага қониқмайди. О-ҳо, не кунларга қолди кунимиз-а...

Атрофга кундан-кун феъл-рўйининг мазаси қочган, овозини эшитган бедана ҳам тавба айтиб юборадиган “зирапча”лар бўрондек ёпирилиб, ҳар истеъдоднинг оёғига нинадек санчилаётганмиш. Бу “зирапча”ларнинг оҳангини эшитган товуқлар тухумларини текинга беришга ҳам тайёр. Кошки, “домашний” тухумларни “свежий-свежий” ютсаю, қурғур овози очилиб кетса.
 
Афтидан ҳеч фойдаси бўлмаяпти чоғи, овозларини пулнинг ҳидини олган “афсунгар”лар орқали тузатишяпти. Во ажаб, бу тушмагур одамлар нималарни ўйлаб топишмайди-я! Алламбалолигини айтмайсизми?! Нима эмиш, уларнинг сеҳрли таёқчаси орқали эшак ҳам ҳанграмай, куйлаб юборар экан. Ана кейин “зирапча”лар алмойи-алжойи куйларини буралиб-буралиб, шамга келиб урилган парвонадек ҳасрат билан айтаверишади. Уларни кўрган ўта “сезгир” шинавандалар “Шўрликнинг куйлашини қаранг, юракдан куйлаяпти бечора”, деб қарсакларни қарсиллатиб чалаверишади. Иложи бўлса, пешаналаридан шопиллатиб ўпиб қўйишса.
 
Яна денг, айрим “зирапча”ларга зирапча кириб кетганми ё зах тортиб, қилиқларини совуқ урганми, дейман бир жойда туролмайди. Гоҳ уёқдан-буёққа Али аканинг итидай чопса, гоҳ осмонга маймундай сакрайди, шунча шармандаликка чидолмаган тер эса танадан думалаб тушаверади. Шуларга ҳам ачинасан киши. Жарақ-жарақ пулларни “афсунгар”ларга бериб, ўзлари “чор-ночор” йиртиқ-ямоқ кийимларда мухлислари томон отилишади. Мухлисларга қарайвериб, кўзгуга боқиш ёдларидан чиққанларининг сочини кўрсангиз борми, ўлиб қоласиз. Худди хўрознинг тожига ўхшайди. Айтдим-а, нега хўрозлар сўнгги пайт тожсиз туғиляпти деб.
 
Ҳа, айтмоқчи, нохуш “хушхабарни” эшитдингизми, ёши катта “зирапча”лар ҳам катта-катта эврилишлар қилаётганмиш. Юзларидаги “Европа харитасини” кўрган мухлислар уларни хушламай қўяётганидан, “харита”ни ўзгартирай деб бечоралар эртаю кеч абгор. Яқинда ойнаи жаҳонда отам замонидаги Аломатхон исмли “зирапча” хоним чиқиб қолса денг. Отам: “Бир замонлар Аломатхон дегани бўларди, бу ўшанинг қизи бўлса керак”, деса, ўзимни кулгидан аранг тўхтатдим. Табиат қонуни шундай бўлса керак-да. Аввалига жўжа товуқ бўлай дейди, товуққа айлангач, жўжа бўлсам дейди. Аммо ҳозирги замонда товуқни жўжага айлантириб қўйиш иш бўлмай қолди. Пулинг бўлса, ё “зирапча” бўласан, ё “жўжа”.
 
Бу она сути оғзидан кетмаган “зирапча”лар ўзидан бир қарасангиз, африкаликни, бир қарасангиз, европаликни “ясаб” олаётганини кўриб, жиғибийрон ҳам бўласиз. Икки йил бурун кўрган оппоққина, қўнғироқсоч ойимча тамоман бошқача. Вой, ишонмайсиз, онаси бир йил судма-суд “зирапча”мни ўзимга қайтаринг, деб дод солиб юрди. Энди кеч. Она қизини танимайди, қиз онаси туққан қиёфага қониқмайди. Ў-ҳў, не кунларга қолди кунимиз-а...
 
Бу “зирапча”ларнинг овозию, қилиқларига бир куйсангиз, мусиқасида айтилаётган сўзларга минг куясиз. Қўшиқ сўзларини ёзганлар китобни тескари ўқишган шекилли, йўқса, беўхшов, мантиқнинг доирасидан чиқиб кетган жумлалар қайдан ҳам яраларди.
 
Бошлагандан сўнг энди ҳаммасини айтиб қолайлик. Тунов куни бип-бинойидай деб юрган Каромат деган “зирапча”ойнинг бир тўйда кўрсатган кароматига кўзим уялганидан оқиб тушай, лабимга учуқ тошай деди. Узоқдан хушрўйроқ кўринадиган бу хонимча хурмачасидан тўлиб-тошгунча ичган бир бақалоқ амаки билан чунонам рақс тушдики, хурсандлигидан қорнига сиғмай кетган амаки чўнтагига “сиғмай” қолган пулларини Кароматхоннинг бошидан зардай сочди. Бир чеккада қутидай матоҳ жонини бериб, бор овозда баралла жаврайверади, бу эса қўлидаги матоҳни оғзига яқин келтириб, қошини, аниқроғи, кўзининг юқорироғига аммамнинг бузоғидан ҳам қиммат турадиган қалам билан бўялган чизиқни зўрға икки-уч марта кўтардию, эшагига яраша тушови бўлгач, солланиб орқасига кетди.
 
Шу дейман, бу “зирапча”лар ўзи жимитдек бўлсаям, оламни бузаман, дейди-да. Билмадим-у, бундай кетишда аллада азиз, тўрвада майиздек “эъзозли” “зирапча”ларимиз янада кўпайиб, санъатга қозон тўнкаришади-ёв.
Нигина Ҳакимова

Теглар:Зирапча санъат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Олим
14:51 29.06.2017

Ассалому алайкум... Яхши, ўзига хос услубда ёзилган мақола! (Қўшимча: мақоладаги каби савиядаги шоу-бизнесчиларга нисбатан журналистнинг савияси узил-кесил юқори бўлиши шарт... "Али аканинг ити" ибораси юқорида таъкидлангани каби савияси ўзига ярашалар айтган ҳикоялардан бизгача етиб келган, аслига нисбатан бузилган ибора... Асли -- "Ҳалокунинг ити")



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!