...
МЕНЮ
ONLINE TV

Янги йилга 5 кун қолди: совға харид қилишга улгурдингизми?


17:51, 26.12.2016 Бу қизиқ
 3 602

Байрам учун совға қилиш мумкин бўлмаган ҳадялар рўйхати билан ҳам танишасиз.

Янги 2017 йил кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Вақт оз қолган сайин барчанинг қалби ҳаяжонга тўлиши табиий. Айниқса, болалар бу байрамни интиқлик билан кутишади. Мўжизаларга бой кечага тайёргарлик жараёни эса янада завқли.
 
Янги йилни совғаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу кунда ҳамма яқинларига оригинал совға ҳадя этишни истайди. Кўп ҳолларда янги ғоялар туғилиши қийин кечади. Бугун биз сизга бу борада кўмакчи бўлиш истагидамиз.
 
Аввало, эслатиб ўтиш лозимки, яқинлашиб келаётган 2017 йил товуқ мучали. Яхши маълум, товуқ табиатан ранг-баранг жонивор ҳамда меҳнаткаш. Башоратларда келтирилишича, товуқ йилида бекорчилик ва ялқов бўлиш ярамайди. Доимо ҳаракатда бўлиш эса ўз натижасини беради. Шу тариқа, Янги йил учун рамзий совға ҳадя этиш энг мақбул қарор бўлиши тайин. Исталган совғани ранггига ҳам эътибор қаратиш лозим, яъни оловранг, қизил, сариқ, тилларангдаги буюмлар байрам кайфиятини улаша олади.
 
Шу кунларда Ўзбекистоннинг исталган бурчагидаги дўкон ва Янги йил ярмаркаларида товуқ шаклидаги шам, кичик ҳайкалчаларни, сувенирларни кўриш мумкин. Уларнинг баҳоси ҳам ҳажмига яраша турлича. Масалан, энг кичик товуқ шаклидаги шамни 3.000 сўмга харид қилиш мумкин. Шу тариқа, нарх ҳам ошиб боради.
 
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, совға танлашда унинг бўлажак эгаси ҳам инобатга олиниши керак. Агар совға ота-онага бўлса, албатта, ҳадя меҳрни ифода этиши мақсадга мувофиқ. Дўстлар учун уларнинг қизиқишларига мос совға танлаш зарур. Яқин инсон учун совға, албатта, муҳаббат белгиси сифатида тақдим этилиши лозим. Ишхона ва жамоага олинадиган совға рамзий маънодаги туҳфа бўлиши мақсадга мувофиқдир. Нима бўлганда ҳам, энг асосийси, совға инсонга хуш кайфият ва ёқимли онларни бахш этиши керак.
 
Рамзий совғалар рўйхатини давом эттирар эканмиз, “оловли” товуқ сурати акс этган ёстиқчалар, статуэткалар, арча ўйинчоқлари ёки мобил телефон учун ғилофларни ҳам келтиришимиз мумкин. Айни вақтда бундай турдаги совғалар учун тахминан 20 минг сўмдан 50 минг сўмгача харажат қилинади.
 
Ота-оналар учун фарзандлари ўз қўллари билан тайёрлаган совғадан-да қимматли ҳадя бўлмаса керак. Ёши катта ота-оналар ёки буви-буваларга уларнинг ёшликдаги суратларини қайта ишлаб, фоторамкага жойлаб тақдим этиш ҳам бир олам завқ бағишлаши аниқ. Бу орқали улар ёрқин хотираларни ҳам ёдга олишади.
 
Қизлар ва аёллар учун Янги йилда тилла рангдаги заргарлик буюмлари ёки тақинчоқлар, шунингдек, уй жиҳозларига оид буюмлар ҳам ҳадя қилиш мумкин. Тақинчоқлар кўриниши ва сифатига қараб турлича нархланади. Шу сабаб бу буюмлар баҳоси бўйича аниқ хулоса қилиш мушкул. Бу ҳар кимнинг ҳимматига боғлиқ, десак адашмаган бўламиз.
 
Дўкондан харид қилинадиган совғалар рўйхатидан талайгина буюмлар жой олган. Масалан, фотоальбом, сочиқ, косметик воситалар, чинни идишлар, бирор устки кийим ва ҳоказо. Бундай совғалар одатда талабга мос равишда яқинлар учун харид қилиниши мумкин.
 
Эркак киши учун спорт анжомлари, хусусан, гантеллар совға қилиш мумкин. Шунингдек, эркак кишининг иш фаолиятини инобатга олган ҳолда совғалар қаторини янада кенгайтирса бўлади. Агар эркак киши кўп хизмат сафарида бўлса, унга йўлда зарур бўладиган буюмлар тўпламини, жиддий касб эгаси бўлса, ён дафтари, қимматбаҳо ручка тақдим этиш мақсадга мувофиқ. Агар совға учун ажратиладиган бюджет етарли бўлса, қимматбаҳо қўл соати ёки атир ҳақиқий байрам кайфиятини улаша олади.
 
Исталган байрамда аёллар учун совға танлаш бир тарафдан жуда оддий, шу билан бирга мушкул жараёндир. Совғалар рўйхати кўп, аммо аёлларнинг табиатига мосини танлаш жуда қийин масала. Бунда сабр-тоқат ҳам талаб этилади. Баъзи аёллар байрам олди қандай совға олишни исташлари ҳақида яширин ишора ҳам билдириб қўйишлари мумкин. Бундай ҳолатда уларни хурсанд қилиш янада осонлашади.
 
Аёллар гўзаллик тимсоли бўлиб, ана шундай гўзал ҳадялар қабул қилишни исташлари, табиий. Ўртача нархдаги совғалар қаторига аёллар сумкаси, соябон, соч қуритиш воситаси, паспорт учун антиқа ғилоф, гўзал ва бежирим кўринишдаги флеш-хотира картаси, косметик воситалар совға қилиш мумкин.
 
Аёллар учун гўзаллик салонига бориш учун сертификат ёки фитнес залига абонемент ҳадя этиш эса кутилмаган совға бўлиши аниқ.
 
Янги йилда болаларни совғасиз қолдиришнинг имкони йўқ. Чунки бу ажойиб байрамни катталардан кўра, жажжи болакайлар интиқлик билан кутишади. Уларнинг мўжизага ишонган қалбини қувончга тўлдириш атрофдагиларга ҳам унутилмас онларни бағишлайди.
 
Болалар учун совғалар рўйхатини, албатта, ширинликлар бошқаради. Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, аслида ширинликларни бошқа кунлари ҳам ҳадя қилиш мумкин. Шундай экан, байрам учун унутилмас совға бериш тўғри қарор бўлади. Кичик ёшдаги жажжи болакайлар учун антиқа ўйинчоқлар муносиб туҳфа бўлади. Ўрта ёшдаги болалар учун эса уларнинг ақлий қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилувчи китоблар совға қилиш мумкин.
 
Янги йилга ҳадя қилиш мумкин бўлган совғалар рўйхати билан танишдик. Буни қарангки, бу кун учун тортиқ этиш мумкин бўлмаган совғалар ҳам бор экан. Улар билан ҳам таништиришни лозим топдик.
 
Демак, деворга осиладиган соатлар айрилиқ ва ёлғизлик рамзи бўлиб, бундай совғани ғоялар рўйхатидан чиқариб ташлаш мумкин. Шунингдек, чемодан, бўш ҳамён ёки пичоқ ҳам совға қилиш мумкин эмас. Ёши катта инсонларга чўмиллиш сочиғи, уй шиппаги ёки шам совға қилиш ҳам ярамайди. Улар бундай совғалар мақсадини нотўғри тушунишлари мумкин.
 
Эркаклар ўз аёлларига ошхона буюмлари ҳадя қилмаганлари маъқул. Бу орқали аёлларнинг “жойи” фақат ошхонада деган фикр юзага келиши, турган гап.
 
Юқорида сизга бир қатор совғалар рўйхатини тақдим этдик. Энг асосийси байрам туҳфаси нима бўлишидан қатъий назар, чин юракдан ҳадя этилиши лозим. Кириб келаётган Янги йилингиз муборак бўлсин!
Дурдона Расулова

Теглар:Янги йил Совға 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!