...
МЕНЮ
ONLINE TV

Яманни қамраб олган аланга


13:32, 07.12.2015 Олам
 3 222

Сўнгги пайтда Яман воқеалари жаҳон ҳамжамиятининг назаридан четда қолмоқда. Дунёда сиёсий можаролар ўчоқлари шунчалик кўпки, “тинчликпарвар ўт ўчирувчилар” қайси бирини ўчиришни билишмаяпти. Аланганинг давлат кулини кўкка совурмаслигига ким кафил?

6 декабрь куни Адана вилояти губернатори Жафар Муҳаммад Саадга уюштирилган суиқасд муносабати билан Европа Иттифоқи вакиллари Ямандаги урушаётган томонларни БМТ раҳбарлигида яна бир бор музокаралар столига ўтиришга даъват қилди.

“Яманда юзага келган ҳолат давлатнинг муқобил фаолиятини қайта тиклаш ва барча саъйи-ҳаракатларни экстремизм ва терроризмга қарши курашга йўналтириш учун можароларга нуқта қўйишни талаб қилмоқда” – дейилади ЕИнинг ташқи сиёсий фаолияти хизмати вакилининг баёнотида. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Бундан олдинроқ, асосий порт шаҳар бўлган Адана вилояти губернаторининг ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар тарқалган эди. Саад ва унинг ёрдамчилари ҳаракатланаётган автомашина портловчи қурилма ёрдамида портлатиб юборилди.

Қотиллик бўйича жавобгарликни эса ИШИД жангарилари ўз бўйнига олишган.

ИШИД террорчиларининг Яманда пайдо бўлиши Президент Мансур Ҳодий ҳукумати қўшини ва мухолиф ҳусийлар ўртасида фуқаролик уруши бошланиб кетганлиги билан боғлиқ. Ҳозирда террорчилар иккала томонга қарши уруш олиб боришмоқда.

Ушбу воқелардан бир неча кун олдин, “Ал-Қоида” томонидан босиб олинган Ямандаги Жаар шаҳри ҳукумат ҳарбийлари томонидан озод қилинган эди.

Яман Президенти Абду Раббо Мансур Ҳодийга содиқ ҳарбийлар “Арабистон яримороли Ал-Қоидаси” террористик гуруҳи жангарилари қўлидан Яманнинг жануби-ғарбида жойлашган Жаар шаҳрини тортиб олишган эди. Бу ҳақда РИА Новости ахборот агентлиги хабар берган.

Бундан ҳам олдинроқ, Яманнинг жанубида жойлашган Зинжибар ва Жаар шаҳарлари “Ал-Қоида” жангарилари қўлига ўтиб кетган эди. Ўшанда террорчилар шаҳарларга тўсатдан ҳужум қилиб, “халқ қўмитаси” жангчилари билан тўқнашишган. Шундан сўнг, жангарилар шаҳарга кириш жойларига тўсиқлар ўрнатиб, шаҳарнинг “Ал-Қоида” назорати остига ўтганлигини эълон қилишган.

Шаҳарни озод қилиш бўйича ҳарбий операция ҳукумат кучларига бир неча соат ичида террорчиларни шаҳардан сиқиб чиқариш имкони берди. Ҳукумат кучларининг кейинги нишони Зинжибар бўлиб қолмоқда. Мазкур шаҳар ҳам террорчилар томонидан босиб олинган эди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Яман Арабистон яриморолининг жанубида жойлашган, араб дунёсидаги энг қашшоқ давлатлардан биридир. Яқин ўтмишда бўлиб ўтган “Араб баҳори” воқеалари ушбу давлатни ҳам четлаб ўтмаган. Мазкур воқеалар сиёсий-иқтисодий жиҳатдан орқада қолаётган давлатни ўрта аср даврларига улоқтириб ташлади. Ғарб давлатларининг “саъйи-ҳаракатлари” билан юзага келган “Араб баҳори” мана тўрт йилдирки Яманда “Араб қиши”ни йилнинг ҳукмрон фаслига айлантириб қўйди.

Яман давлати аҳолиси 25 млн. кишидан ташкил топган. Аҳолининг ярмидан кўпи – суннийлар, қолганлари эса шиа мазҳабига эътиқод қилувчи мухолиф кучлар – ҳусийлар ҳисобланади. Мамлакат ҳудудларининг қарийб ярми ушбу кучлар қўлига ўтиб бўлди. Улар ҳатто давлат пойтахти Сана шаҳрини ҳам ўз назоратларига олишга муваффақ бўлишган. Ҳусий айирмачилари Эрон томонидан қурол-аслаҳалар билан таъминланмоқда. Суннийларнинг тарафдори эса Саудия Арабистони ва Қатар ҳисобланади. Уларнинг ҳарбий ҳаво кучлари хусийларнинг ҳарбий объектлари бўйлаб ҳаво зарбаларини амалга оширмоқда. Бир қарашда Ямандаги ҳолат ана шундай кўринади. Аммо у ерда мураккаброқ вазият юзага келган. Аслида давлатни “барчанинг барчага қарши уруши” қамраб олган.

Ямандаги сиёсий беқарорлик тарихига назар ташласак, динлар ўртасидаги можаро сиёсий ва минтақавий зиддиятлар билан аралашиб кетган. Шиа мусулмонлари ҳар доим мамлакатнинг шимолидаги тоғли ҳудудларда, Саудия Арабистони билан чегарада яшаб келишган. Суннийлар эса жанубда истиқомат қилишган. 1990 йилгача давлат икки қисмга бўлинган эди. Жанубий Яманда ўзига хос араб социализми тузуми ҳукмрон бўлган. Мамлакат бирлаштирилганда эса ҳусийлар жанубдаги сунний мусулмонлар ерларини ўзлаштира бошлашди. Бу ҳолат жанубий аҳолининг кучли норозилигига сабаб бўлган. Икки ўртада юзага келган зиддият “Ал-Қоида” ва кейинчалик ИШИДнинг Яманда қаттиқ ўрнашиб олишига замин яратди.

Яманда давлат ҳукумати мунтазам ўзгариб турган. Узоқ муддат давомида давлатни Али Абдуллоҳ Солиҳ бошқариб келган. Ҳозир у ҳусийлар мухолиф кучлари билан қўшилиб Мансур Ҳодий ҳукуматига қарши кураш олиб бормоқда. 2012 йилда ҳукумат тепасига Президент Абду Раббо Мансур Ҳодий келади. Жорий йилнинг январь ойида содир бўлган қуролли тўқнашувлар чоғида у истеъфога чиққанлигини эълон қилган эди. Сал ўтиб, ўз қароридан қайтганлигини маълум қилди. Кейин эса Шиа исёнчиларининг шиддатли ҳужуми уни Саудия Арабистонидан бошпана излашга мажбур қилди.

Ҳозирги вазият шундайки, армия ва давлат аппарати бўлиниб, парокандаликка юз тутган: кўпчилик Президент Ҳодийни қўллаб-қувватлаётган бўлса, бошқалар собиқ Президент Солиҳга содиқ қолмоқда. Турли қабилалар эса турли хил сабабларга кўра, гоҳ у, гоҳ бу томонга ўтиб кетишмоқда.

Шиа исёнчилари нимага эришмоқчи аслида? Ҳусий исёнчи кучлари ўзларини “Ансори Аллоҳ” деб аташади. Қуролли можарони 2004 йилда бошлаган ҳусийлар ўша пайтдаги ҳукуматнинг уларга ислом динининг сунний мазҳабини сингдиришга бўлган уринишига қарши чиқишган эди. Ҳусийлар Али Абдуллоҳ Солиҳнинг ҳукуматдан ағдарилишида фаол иштирок этишди. Уларга янги ҳукуматдан жой ажратиб бериш ваъда қилинган эди.  Бироқ Мансур Ҳодий ўз ваъдасига хиёнат қилганидан сўнг, ҳусийлар ўзларини алданган деб ҳис қилишган.  Оқибатда янги ҳукуматнинг ашаддий душманига айланиб, урушни давом эттиришларини эълон қилишган эди.

“Аллоҳ буюк, АҚШга ўлим, Исроилга ўлим, яҳудийларга лаънат, Исломга ғалаба” сўзлари “Ансори Аллоҳ” исёнчиларининг шиорига айланди. Ҳусийлар ҳайдаб чиқарилган Мансур Ҳодий ҳукуматини коррупция ва “сунний эктремизми”ни келтириб чиқарганликда айблашмоқда. Ҳукуматнинг мамлакатдан қувиб чиқарилганидан сўнг, улар муваққат ҳукумат тузишга эришишади ва давлатнинг барча ҳудудини ўз қўл остиларида бирлаштиришга қарор қилишади. Аммо улар жанубда бошқа кучларнинг шиддатли қаршилигига учрайдилар. Улар ичида “Ал-Қоида”, ўзини “халқ қўмитаси” деб атаётган Мустақил Яман фронти ва турли қабилалар ҳам мавжуд.

“Арабистон ярим ороли Ал-Қоидаси” террористик ташкилоти, шубҳасиз, юқорида санаб ўтилган кучлар ичида энг хавфлиси ҳисобланади. Яманнинг жанубидаги маълум бир ҳудудлар террорчилар томиндан назорат қилинмоқда. Қувғинга учраган Мансур Ҳодийни, Саудия Арабистонини ва исёнчи ҳусийларни ўзининг асосий душманлари деб билади. Чунки айнан Ҳодий АҚШнинг ҳарбий кучларига “Ал-Қоида”нинг базаларига ҳаво ҳужумларини амалга оширишни қонунийлаштирган эди.

Террорчилар, қисман, “халқ қўмиталари” кучларини қўллаб-қувватлашади. Бундан ташқари, мислсиз урушлар натижасида улар порт шаҳар бўлган Адана шаҳридаги қамоқхоналардан бир қанча жангариларнинг қочқинига ёрдам беришган. Бироқ мамлакат пойтахти Сана шаҳридаги шиа масжидларининг бирида худкушлар уюштирган портлашда 140 га яқин киши ўлдирилганида,  ушбу қонли ҳодиса бўйича жавобгарликни ИШИД ўз бўйнига олган эди.

Ямандаги фуқаролар уруши ташқи кучлар иштирокидан ҳоли эмас. Бундай аралашувлар хусусиятига эга бўлган уруш, одатда, “бегона кучлар қўли билан олиб борилаётган уруш”, деб номланади. Эрон, кўпчилик Яманлик сиёсатшунослар томонидан, денгиз ва ҳаво орқали исёнчи ҳусийларга ҳарбий қурол-аслаҳалар етказиб бермоқда. Бунга жавобан, Саудия Арабистони  Форс кўрфази амирликлари ва Миср билан ҳамкорликда ҳусийларга қарши ҳарбий ҳаво амалиётларини бошлашган. Саудияликлар қуруқлик орқали чора кўриш режасини ҳам ўйлаб қўйишган.

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги минтақа учун ҳукмронлик қилиш узоқ йиллардан буён давом этаётган қарама-қаршиликнинг анъанвий намойишидир. Ямандан ташқари бошқа ҳудудларда ҳам икки давлат ўртасидаги зиддиятларнинг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Масалан,  Ливанда Саудия Арабистони расмий сунний ҳукуматини, Эрон эса мамлакат жанубидаги шиа мазҳабига эътиқод қилувчи “Ҳизболла” ташкилотини, Сурияда Эрон шиаларга яқин бўлган алавитлар сулоласи раҳбари Башар Асадни, Саудия Арабистони эса сунний жангариларини, Баҳрайнда Эрон шиа озчилигини, Саудия Арабистони эса ҳукмрон ҳукуматни қўллаб-қувватлайди.

Ҳозирги пайтгача, ҳеч бир томон, ҳеч бир жойда музокараларга тайёрлигини билдиргани йўқ. Бироқ кундан-кунга охири чексиздек кўринаётган можароларнинг ҳарбий ечими ҳам топилаётгани йўқ.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Яман БМТ ИШИД 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!