...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: “Темур тузуклари” асарида тилга олинган: ўн биринчи шаҳар


19:05, 21.10.2017 Бу қизиқ
 3 945

Соҳибқирон Кеш шаҳрининг ободончилиги учун у ерда 42 та “Балад-ул Мулук”, яъни “Подшоҳлар шаҳри” деб аталган сарой қуриш ҳамда унга дунёнинг 42 та ҳукмдори ташриф буюришига оид топшириқ бергани қайд этилган.

Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган шаҳарларнинг қадимий тарихи ва бугунги кундаги ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар, бундан ташқари, шаҳарларга тааллуқли замонавий видеолавҳалар “Бу қизиқ” туркуми орқали бериб борилмоқда...
 
Ўн биринчи шаҳар. Кеш   
 
“Темур тузуклари” асарнинг “Иккинчи китоб” бўлими, “Навкарнинг бегига ва бекнинг навкарига муомала қилиш тузуки” ҳикоятида кўҳна Кеш, яъни ҳозирги Шаҳрисабз шаҳри тилга олинган.
 
Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур бир неча юз минглик қўшинга моҳирона саркардалик қила олган ҳукмдор саналади. Ўз ўрнида у ҳар битта навкарини ўзига тенг қўя олади, ҳатто жангу жадалларда уларга ўрнак бўлиб, қўшиннинг олдинги қаторларида жанг қилади.
 
Ҳарбий қўшиндаги тартиб-интизом, ҳарбий даража ва унвонлар тақсимоти, лашкарни мунтазам равишда ҳарбий тайёргарлик машғулотларида чиниқтириш, жангчиларнинг озиқ-овқат, ҳарбий улушлар, ҳарбий қурол-аслаҳалар, хусусан улов билан таъминлаш, жангда ўзига хос жонбозлик ва ташаббус кўрсатган аскар-зобитларни рағбатлантириш ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этади.
 
Шу ўринда Амир Темур ҳали ўз салтанатининг дастлабки ғиштларини қўяётган пайтларда Хожи Барлос лашкарига қўшилиб кетган Кеш вилояти лашкари саркардаларининг хиёнатини мисол қилиб келтиради.
 
Амир Темур салтанати гуллаб-яшнаган даврларда Соҳибқирон Шаҳрисабз шаҳрига дунёнинг турли бурчакларидан олиму фузалолар, уста-ҳунармандлар, адабиёт намояндаларини олиб келиб, уларнинг ижоди ва равнақи учун шароит яратиб берганлиги кўплаб тарихий манбаларда қайд этилган.
 
Жумладан, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида, Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” асарида ҳам Шаҳрисабзнинг гуллаб-яшнаган шаҳар мақомига етгани қайд этилади.
 
Масалан, Марсель Брион асарида Соҳибқирон Кеш шаҳрининг ободончилик ишларини янада ривожлантириш учун у ерда 42 та сарой қуришга топшириқ бергани қайд этилган.
 
Мазкур иншоотлар “Балад-ул Мулук”, яъни “Подшоҳлар шаҳри” деб аталиб, унга дунёнинг 42 та ҳукмдори ташриф буюриши назарда тутилгани баён қилинади.
 
Кўхна Кеш, яъни ҳозирги замонавий Шаҳризабз шаҳри бундан 2700 йил олдин қад кўтаргани кўпгина тарихий манбаларда қайд этилган. Эр. авв. асрларда Кеш Аҳамонийлар салтанати таркибида бўлган. Эрамиздан аввалги 329 йилда Македониялик Александр қўшини томонидан ишғол этилган.
 
Мазкур кўҳна шаҳар эрамизнинг I–III асрларида Кушон империяси таркибида, IV–V хиёнийлар ва кидарийлар мамлакати тасарруфида бўлган. VI асрда эфталитлар, VIII асрда эса араблар томонидан фатҳ этилган. 
 
Замонавий Шаҳрисабз дейилганда кўҳна Оқ Сарой мажмуаси ёдингизга келади. Шаҳар ҳақида қуйидаги видеолавҳа ҳам ўз сўзини айтиши шубҳасиз.
 
Азиз ўқувчи, туркум мақолалар ниҳоясида сизга савол билан юзланамиз:
 
  • Сиз Ватанимиз сарҳадларидаги кўҳна обидалар, қадимги шаҳар қолдиқларига уюштираётган сайёҳлик тадбирларида қатнашганмисиз?
 
  • Зиёрат важида қандай қадамжоларда бўлгансиз?
 
  • Ўз саёҳатларингизни суратларга муҳрлаганмисиз?
 
  • Яна Ер юзининг яна қандай тарихий шаҳарларига бориб томоша қилиш насиб етган?
 
  • Бу борада режага киритилган, орзу қилган жойларингиз борми?
 
Бу ҳақда ижтимоий тармоқда биз билан ўртоқлашинг, суратлар ва уларнинг изоҳларини илова қилинг. Зеро, ватанпарварлик туйғуси — миллий ифтихор билан мустаҳкамланади!
 
 
Азиз мухлислар, туркум мақолалар орқали аввалроқ Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган Ғузор, Бешкент, Хива, Қандаҳор, Мултон, Деҳли, Боғдод, Диёрбакр, Анқара ва Ғазна шаҳарлари ҳақида маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилган эди.
 
Туркум мақолаларни кузатишда давом этинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Қадимги шаҳарлар Теглар: Қадимги шаҳарлар “Темур тузуклари” асари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!