...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тили чиқмаган боланинг мобил телефон билан “суҳбатини” кўр!


19:42, 16.10.2017 Бу қизиқ
 4 956

Мобил аппарат ёрдамида овутилган болалар — кечаси бесабаб йиғлайдилар! Тили чиқмаган гўдакларнинг телефон аппаратига “боғланиб қолиши” — бу ҳақиқий фожиа...

Мобил алоқа воситалари ҳаётимизга шунчалик кириб келдики, гўё кишилар телефон аппаратини ёдидан чиқариб уйидан бирон ёққа чиқиб кетса, худди исмини ёдидан чиқариб кўчада сарсон-саргардон юрганга ўхшайди...
 
Ўша қимматбаҳо “митти мўъжиза”нинг ичига бор-бутимизни жойлаб бўлдик! Энди ташқарида жисмимиз, анави “қутича”нинг ичида эса руҳиятимиз юргандай...
 
Мобил телефон аппарати маълум маънода тирик организм учун хавфли бўлган тўлқинлар ёрдамида ишлашини барчамиз яхши биламиз.  Буни биргина, халқ тилида айтганда “антенна чиқмайдиган” тоғли ҳудудда дам олганингизда, айниқса ухлаб ходиқ чиқарганингизда сезмасдан иложингиз йўқ...
 
Хуллас, кундалик эҳтиёжимиз ва келажак муаммомизга айланиб бораётган мобил алоқа — биз учун “муҳим алоқалар жамланмаси”, ижтимоий тармоқдаги “виртуал ҳаётимиз”, фотоаппарат, видеокамера, компьютер, магнитофон, диктофон, блокнот, соат, калькулятор... санайверсангиз бунинг адоғи йўқ.
 
Зарари ҳам шунга яраша! Вояга етган, куч-ғайратга тўлган организм, яъни катта ёшлилар учун бу жисмоний ва маънавий зарарлар қайсидир маънода сезилмас, билинмас, балки аҳамиятини йўқотар ва, ниҳоят, зарурият нуқтаи назаридан “ўзини оқлар”...
 


Бироқ болаларга-чи?
 
Тили чиқмаган гўдакларнинг телефон аппаратига “боғланиб қолиши” — бу ҳақиқий фожиа!
 
Гўдакнинг ривожланаётган онги “митти ойна” ичидаги тасвир ва унинг ортидан эргашган товушларни таҳлил қилишга қодир эмас. Бироқ рангбаранг тасвирлар ва унга ҳамоҳанг “шовқин”лар болакайларни ўзига “ром этади”, аниқроғи унинг ташқи мулоқот эҳтиёжларини чалғитади!
 
Мобил аппарат ёрдамида овутилган болалар — кечаси бесабаб йиғлайдилар!
 
Миянинг орттирилган маълумотларни қайта ишлаш (тормозланиш), аниқроғи туш кўриш функцияси — секинлик билан шаклланаётган мантиқий фикрлар хулосасини инкор этиб, мазкур табиий жараёнга салбий таъсир кўрсатади.
 
“The Lancet” номли тиббиёт журналида ёзилишича, уяли алоқа воситасидан фойдаланаётган болалар хотирасини йўқотиб қўйиш эҳтимолидан ҳимояланмаган экан. Бундан ташқари, улар сурункали бош оғриғи ва уйқунинг бузилиши каби хасталикларга дучор бўлишлари мумкин.
 
Инглиз физиги Жерард Хиланднинг фикрича, Англияда уяли алоқа хизматидан фойдаланадиган 25 миллион кишининг чорак қисми, 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ундан кичик болалар — нисбатан касалликларга тез чалинадиган (иммунитети суст) бўлиб қолган эмиш.
 
Олим бу ҳолатни уяли алоқа воситалари таъсирида нурланиш билан боғламоқда...
 
Нурланиш, энг аввало, мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши кўпчиликка маълум. Телефон аппаратларидан таралаётган микротўлқин — радиотўлқинларнинг “тугун ҳосил қилиши”га ўхшайди.
 
Улар тана тўқималари, хусусан мия ҳужайраларининг барқарорлигига хавф солади. Бу борада эса болалар организми ўта таъсирчан!
 
Салбий оқибатлар — уйқунинг бузилиши, бесабаб бош оғриши, чарчоқ, хотиранинг панд бериши ва бош оғриғи билан намоён бўлади.
 
Тўғри, ҳали уяли алоқа тизимининг инсон организмига салбий таъсири қай даражада эканлиги тўлиғича исботлангани йўқ. Тўғрироғи, бу ҳақдаги аниқ маълумотлар омма эътиборига ҳавола этилавермайди.
 
Бироқ Хилпанднинг таъкидлашича, айнан “кучсиз” нурланиш ўз асоратларини дарров билдирмасада, секин-­асталик билан таъсир қилиб, болаларда хотира билан боғлиқ касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлар экан.
 
Азизлар, фарзандларингизни асранг!
 
Сотиб олаётганимиз — озуқаси “номаълум” товуқнинг гўшти-ю тухуми, шўрва қилиб қайнатсанг кўпириб ғалати ҳид чиқарадиган қорамол гўшти, ҳовузда ўстирилган, ўзи митти, лекин танини ёғ босган балиқлар, қурт ейиш у ёқда турсин ҳатто бирорта зараркунанда ҳашарот ҳам қўнмайдиган “сархил” мевалар, чумоли айланиб ўтадиган ширинлигу пишириқлар ва ҳоказо, ва ҳоказо “замонавий ҳаёт” зарарлари шундоқ ҳам етарли...
 
Болаларингизни асранг!
Улуғ БЕК

Теглар:Мобил алоқа воситалари Телефон аппарати Болалар соғлиғи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!