...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шерали Жўраев янги концерт дастурини тақдим этади


15:13, 24.03.2017 Шоу-бизнес
 7 191

Концерт дастури айнан қачон берилиши ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев узоқ йиллик танаффусдан сўнг радио ва ТВ эфирларига қайтгани, “Парижон” номли қўшиққа ишланган клипи ҳам омма эътиборига намойиш этилгани, шунингдек, унинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида ижодий кечаси ва концерт дастурини ташкил этгани ҳақида хабар бергандик.
 
Эндиликда, Шерали Жўраев уни соғинган мухлислар учун концерт дастурини тақдим этиши маълум бўлди. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг “Facebook”даги саҳифаси орқали хабар берди.
 
“Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори, бугунги кун қўшиқчилиги қироли Шерали Жўраев концерт дастури тақдим этиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
 
Буюк ҳофиз “Биринчи муҳаббатим”, “Турналар”, “Йигитлар”, “Ҳурлар бормиш жаҳонда”, “Келса гар Наврўзи олам”, “Ошиқларинг сардори менман” сингари юракларимизга бир умр муҳрланиб қолган шоҳона тароналардан ҳам жозибалироқ, ёқимлироқ, севимлироқ қўшиқларни бизга армуғон этишига ишонамиз. Кўнгиллар яхши қўшиққа муҳтож бўлди.
 
Анча йиллардан буён кўнгиллар яхши қўшиқни соғинди. Дилни ўртайдиган, қалбга олам-олам ҳузур бағишлайдиган, юракларни жунбушга келтирувчи қўшиқларни соғинди одам. Шерали ака! Биз сизга ишонамиз, биз сиздан яхши-яхши қўшиқлар кутиб қоламиз!
 
Барча фейсбукдош дўстлар сизга Худодан куч-қудрат сўраймиз, илҳом сўраймиз, ғайрат ва шижоат сўраймиз! Илоҳим, ўзбек қўшиқчилик санъатини янада юксакка кўтараверинг, миллатимиз санъати донғини етти иқлимга таратаверинг!”, дейилади постда.
 
Айтиш лозимки, концерт дастури айнан қачон берилиши ҳозирча маълум эмас. 
Умида Якубова

Теглар:Муҳаммад Исмоил Шерали Жўраев Концерт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!