...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бахтинисонинг ҳаётга қайтишига сабабчи бўлишингиз мумкин


10:35, 26.11.2018 Жамият
 5 115

Ўзбекнинг буюк шоири Абдулла Орипов ўша куни Бахтинисонинг порлоқ келажагига парвоз тилаб, ҳаёт ва ижодига оқ фотиҳа берган эди.

Мен билансан,
Кунларимда оҳор бордир,
Оҳанг бордир,
Кузларимда баҳор бордир.
Кўзларимда мурувват бор ва зор бордир,
Мен билансан!
Муҳаббат бор, музларимга олов бергай,
Олам бергай,
Сўзларимга оро бергай.
Бир йиғласам, юпатгувчи биров бергай,
Мен билансан!
 
Ушбу оташга тўла мисралар муаллифи Бахтинисо Маҳмудова. Бу иқтидорли шоира ҳозиргача республиканинг қатор   кўрик-танловларда ғолибликни киритган. Шеърий тўпламлари ўзининг мухлисларига аллақачон етиб борган.
 
Баъзан тўрт мучамиз соғ, ташвишларимиз билан чопқиллаб юриш баробарида ҳаётдан нолийверишни канда қилмаймиз. Бирни кўриб фикр қиламиз-у, мингни кўриб шукур қилишни билмаймиз баъзида. Бахтинисо битган шеърларда эса ҳаётга муҳаббатни, покиза умидни ва олдинда турган улуғ манзилнинг манзараси яққол чизилган. Танида оғир дард бор-у, бирор сатрларида ҳаётдан нолиш йўқ. 
 
Шоира Орипова: “Америкага кетишларидан олдин Бахтинисо билан учрашмоқчи бўлдилар. Биз вақтини тайин қилиб 15 дақиқалик учрашув белгиладик. Қарангки, ўша ижодкор қиз билан суҳбат уч соат бўлди ҳамки тугамади”.



Ўзбекнинг буюк шоири Абдулла Орипов ўша куни Бахтинисонинг порлоқ келажагига парвоз тилаб, ҳаёт ва ижодига оқ фотиҳа берган эди.
 
Бахтинисо 15-16 ёшларида оёқ-қўлларидаги кучсизланишни сезди, кейинчалик касаллик ривожланиб бориб, орқа умуртқада қийшайиш пайдо бўлди. Самарқанд вилояти Травматолгия марказида тўрт марта жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. 2010 йилдан  у юра олмай қолди. Кейинчалик, Республика Неврохирургия марказида орқа миясида ўсимта борлиги аниқланди. Ўсимта миянинг анча ички қисмида жойлашгани сабаб, уни Ўзбекистонда олишнинг ҳозирча иложи йўқ.
 
Декабрь ойида Туркияда ўтказилиши керак бўлган жарроҳлик амалиёти учун эса катта миқдорда маблағ керак — ҳаммамиз қаторида ўз оёқларида келажак йўлида шаҳдам қадамлар босмоғи, асосийси, сафимизда нафас олиб яшамоғи учун, яшаши учун керак!
 
Шоир Шодмонқул Салом уни Бахти дея эркалайди: “Бахти ҳаётнинг елкасида чайқалиб бораётган митти қиз, ҳали кўрасиз, одамлар икки оёғида юрган бўлсалар (бор-йўғи), Бахти учади, ишонинг, ҳали у баландларга учади, бахтиёр парвоз қилади, инжудек нозик қалби, метиндек бардоши,  умидга тўла қалби ҳаққи ҳурмати… У учади!”
 
Унинг баланд кўкларга учмоғи, биз билан бахтиёр яшашда давом этмоғи учун Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетининг бир гуруҳ талабалари ҳамда маҳоратли ижодкорлар Шуҳрат Дарё ҳамда “Навқирон” гуруҳининг ташаббуслари билан ҳозирда пойтахтдаги олий таълим муассаларида хайрия концертлари ўтказилмоқда
 
Бахтинисо Маҳмудова учун биринчи хайрия тадбири 3 ноябрда Ўзбекистон давлат жаҳон  тиллари университети, 14-15 ноябрь кунлари Ўзбекистон миллий университети, 21 ноябрда Тошкент темирйўл муҳандислари институтларида ташкил этилди. Келгуси манзиллар сифатида Тошкент молия институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти универститетлари танланган.  Фақатгина олий таълим муассалари эмас, қатор йирик давлат ва хусусий  ташкилотларининг ҳам ушбу хайрияда кўмакдош бўлишлари кутилмоқда.
 
Бахтинисонинг келгусидаги тақдирига барчамиз масъулдекмиз: мен, Сиз — барчамиз! Чунки бир замонанинг, битта миллатнинг қошу кўзидек одамларимиз.
 

P/S: Хайрия концертини ўтказмоқчи бўлган ташкилот ва муассалар қуйидаги рақамларга мурожаат қилишлари сўралади:
 
+998 91 598 08 57
+998 91 585 95 05
 
Моддий ёрдам беришни истаганлар учун:
 
+998 91 945 27 93
 
Click-Payme
8600  1404 6526 8465 — Бахтинисо Маҳмудова.
Соҳибжамол Каттаева

Теглар:Хайрия концерти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар