...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қинғир ишнинг қийиғи чиқди: Самвел Бабаян бир умрга футболдан четлатилди


20:44, 15.01.2018 Спорт
 10 529

Бабаян терма жамоага номзодларни саралаб олишда асосан ўзига маълум футболчилар билан ишлаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян ЎФФ Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилди. Бу ҳақда ЎФФ Матбуот хизмати хабар берди.
 
Хабарда айтилишича, Самвел Бабаян “Пахтакор” футбол клубида фаолият борган вақтида футболчиларнинг шартномаси билан боғлиқ ҳужжатларга ноқонуний ўзгартиришлар киритгани аниқланди.
 
“Бабаян жамоа тепасига янги раҳбарият келаётганидан хабар топгач, клуб билан битими 2018 йил сўнгига қадар бўлган футболчилар шартномасини 2017 йилга ўзгартириб олган.
 
Бундан кўзланган асосий мақсад – йил сўнгида эркин агентга айланадиган футболчиларни хорижий клубларга сотиб, моддий манфаат кўриш бўлган.
 
Айнан мана шу манфаат таъсирида у мамлакатнинг бош жамоасини ҳам кўнгилдагидек бошқара олмади ҳамда футболчиларга бўлган нохолис муносабати сабаб терма атмосферасига салбий таъсир кўрсатди.
 
Самвел Бабаян термага номзодларни саралаб олишда асосан ўзига маълум футболчилар билангина ишлаган ҳамда барча клубларга тенг муносабатда бўлмаган.
 
Шунингдек, тажрибали мураббий ҳамда мутахассисларнинг фикр ва тавсияларини инобатга олмаган.
 
ЎФФ Ижроқўми Самвел Бабаяннинг 2018 йилги Жаҳон Чемпионатининг саралаш ўйинлари давомида тартиб-интизомни йўлга қўймагани, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилмагани ва уларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани, ишига масъулиятсизларча қараб, ўзбек футболининг юзи бўлган миллий жамоа даражасини тушириб юборганини ҳам инобатга олиб, унинг бу каби нохолис фаолияти миллионлар ўйини бўлган футболга нисбатан халқнинг норозилигига сабаб бўлди, деб ҳисоблайди.
 
Маълум бир футболчиларни хориж клубларига сотиш ва моддий манфаат кўриш мақсадида, гарчи уларнинг савияси талабга жавоб бермаса ҳам, доимий равишда муҳим ўйинларда миллий терма жамоанинг асосий таркибида майдонга туширишни оқлаш қийин.
 
Айниқса, бу каби ишлар бош жамоа натижаларига салбий таъсир кўрсатган. Бундан буён Ўзбекистон футболидаги ҳар бир мураббий ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда масъулиятни чуқур англаган ҳолда, фаолият юритадиган жамоаларида тартиб-интизомни йўлга қўйиб, футболчиларнинг ҳолатини назорат қилиб бориши ва натижа учун жавобгарликни ҳис этиши талаб қилинади.
 
Футбол соҳасидаги ҳар бир мураббий ва мутахассис фаолияти ЎФФ томонидан асосли тарзда ўрганиб чиқилади ва тегишли чоралар кўриб борилади”, дейилади ЎФФ хабарида.
 
Эслатиб ўтамиз, Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионати мусобақасига олиб бориш вазифасини уддалай олмаганидан сўнг истеъфога чиқарилганди.

Теглар:Самвел Бабаян 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!