...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон терма жамоаси Қатар билан ўртоқлик учрашуви ўтказади


20:01, 17.10.2017 Спорт
 2 788

ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов Қатар футболининг мансабдор шахслари билан учрашди.

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Қатар футбол уюшмаси президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад Ал-Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштириб, Қатар футболи мансабдор шахслари билан учрашди. Бу ҳақда ЎФФ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Қатарда бўлиб ўтган учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва Қатар футболини янада ривожлантириш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Ўзбекистон ва Қатар федерациялари ўртасидаги ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиб, уни раҳбарият ва мансабдор шахслар, шунингдек, техникавий масалалар бўйича экспертлар, мураббийлар, ҳакамлар ва футболчилар орқали самарали йўлга қўйиш каби масалаларни муҳокама қилди.
 
Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов ва Шайх Ҳамад бин Ҳалифа Ўзбекистон футбол федерацияси ва Қатар футбол уюшмасининг ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумини имзоладилар.
 
Ушбу меморандум икки федерациянинг турли тоифадаги жамоаларига ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ва мусобақаларда иштирок этиш, тегишли мутахассис ва экспертларига ўқув курслари, семинар ва конференцияларда иштирок этиш имконини беради.
 
Бундан ташқари, томонлар спорт иншоотларини қуриш ва уларни замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлаш ҳамда икки мамлакат терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил қилиш бўйича ҳам ҳамжиҳатликда ишлашга келишиб олдилар.
 
“...Бу меморандум ва келишувдан жуда кўп нарса кутяпман. Чунки, меморандум фақатгина футбол ўйинида иштирок этадиган мутахассислар билан боғлиқ эмас.
 
Бу келишув футбол бошқарувида муҳим аҳамият касб этадиган бошқарув аппаратига ҳам бевосита тааллуқлидир.
 
Зеро, ушбу меморандум Ўзбекистон футбол федерацияси ходимларига менежмент, маркетинг ва реклама фаолияти, спорт тиббиёти, футболда жисмоний тайёргарлик ва техникавий йўналишни аниқлаб олиш, таълим ва тадқиқотлар каби соҳаларда Қатарда ўқиш ва малака ошириш имкониятини яратиб беради. Бу эса бизга кадрлар билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал қилиш имконини беради” деди Аҳмаджонов.
 
Қатар сафари Умид Аҳмаджоновнинг ЎФФ президенти этиб сайланганидан бери амалга оширган учинчи хорижий сафаридир.
 
Бунга қадар Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино ва БАА футбол уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашгани ҳақида аввалги саҳифаларимизда хабар бергандик.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов Қатар меморандум 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!