...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон Россия билан спорт соҳасида ҳамкорлик шартномаси имзолади


19:32, 13.04.2018 Спорт
 1 834

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Россия МОҚ президенти Александр Жуков билан учрашди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Тожикистонга ташрифини якунлаб, Россияга йўл олди.
 
Аҳмаджонов Россия пойтахти Москвада мамлакат Миллий олимпия қўмитаси президенти ва бир вақтнинг ўзида Халқаро олимпия қўмитаси вакили, Россия давлат думаси раҳбарининг биринчи ўринбосари – Александр Жуков билан учрашди.
 
Учрашувда ҳар икки мамлакат спорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиши масаласи бўйича меморандум имзоланди.
 
“Биламизки, Россияда потенциали юқори бўлган спортчилар жуда кўп. Россия бекорга Олимпиада ўйинларининг умумжамоа ҳисобида пешқадамлардан бири ҳисобланмайди.
 
Шундан келиб чиқиб, биз бу мамлакат спортининг яхши томонларини ўзлаштиришга ҳаракат қиламиз. Айниқса, енгил атлетика, сузиш, қишки спорт турлари, волейбол, гимнастика каби турларда улардан кўп нарсалар ўрганишимиз мумкин”, дейди Умид Аҳмаджонов.
 
Россия МОҚ президенти Александр Жуков ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик давомида ортиқча муаммолар бўлмаслигини айтиб ўтди.
 
“Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиш албатта, ёқимли. Марраларга биргаликда эриша оламиз деб ўйлайман. Ўзбекистон иқтидорлар замини, у ерда салоҳияти юқори бўлган спортчилар сероб”, деди Жуков.
 
Маълумот ўрнида, тузилган меморандумга кўра Россия ва Ўзбекистон спортчилари биргаликда иштирок этадиган мусобақалар сони кўпаяди. Келишув фақатгина спортчилар миқёсида бўлиб қолмасдан, россиялик машҳур мутахассислар ўзбекистонлик мураббийларга ўқув-курслар, семинарлар ҳам ташкил этиб беради.
 
Шунингдек, соҳа ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган адабиётлар, дарсликлар янги ташкил этилаётган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети учун ҳам берилади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Александр Жуков 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!