...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбек миллий академик драма театри тарихига оид музей иш бошлади


13:34, 01.02.2017 Театр
 4 578

Маросимни Ўзбек миллий академик драма театри директори Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудов очиб берди.

Ўзбек миллий академик драма театри жуда узоқ тарихга эга. Ташкил этилганига 103 тўлган бу масканда қанчадан-қанча санъат дарғалари фаолият юритмади, не-не машҳур спектакллар қўйилмади дейсиз. Бу масканда ўз ишининг жонкуярлари, умрини санъатга бахшида этган ижодкорлар фаолият юритади. Айни дамда театрда меҳнат қилиб келаётган Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Тўти Юсупова, Риҳси Иброҳимова, Яйра Абдуллаева, Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Муҳаммадали Абдуқундузов, Саидкомил Умаров, Муқаддас Холиқова, Гавҳар Зокирова, Зуҳра Ашурова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Раъно Ярашева, Маҳмуд Исмоилов, Тоҳир Саидов, Фарҳод Абдуллаев, Абдураим Абдуваҳобовни ана шундай санъаткорлар сирасига киритсак арзийди.
 
Бугун, 1 февраль куни Ўзбек миллий академик драма театрига республикамизда фаолият юритаётган театр жамоалари, маданият ва санъат вакиллари, актёр ва актрисалар, ёзувчи ва шоирлар, драматурглар, журналистлар жам бўлишди. Шу куни театр биносининг учинчи қаватидан жой олган “Ўзбек миллий академик драма театри музейи”нинг очилиш маросими ўтказилди.
 
Маросимни Ўзбек миллий академик драма театри директори Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудов очиб берди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов иштирок этиб, сўзга чиқди ва Ўзбек миллий академик драма театрининг ўзбек театр санъатида тутган ўрни, унинг бугунги мавқеи, спектаклларнинг томошабинларга бераётган маънавий озуқаси ҳақида гапирди.
 
Театр биносининг учинчи қаватида ташкил этилган музей аслида бундан бир неча йил илгари иш бошлаган эди. Театрнинг жонкуяр ходимаси Гулнора Содиқованинг саъй-ҳаракатлари билан музей янги экспонатлар, театрнинг тарихига оид янги буюмлар, спектаклларда таниқли санъаткор кийган либослар билан бойитилди. Музейда Ўзбекистон халқ артистлари Марям Ёқубова, Сора Эшонтўраеванинг уруш йилларида саҳналаштирилган спектаклларда кийган либослари ҳам ўрин олган. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Риҳси Иброҳимованинг “Мирзо Улуғбек”, Муқаддас Холиқованинг “Нодирабегим”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Меҳриддин Раҳматовнинг “Жалолиддин Мангуберди”, Саида Раметованинг “Соҳибқирон”, Раъно Ярашеванинг “Увайсий” спектаклларидаги яратган образларига оид либослар, деталлар ҳам музейга жойлаштирилган.
 
Музей театрнинг тарихига оид стендлар билан бойитилиши билан бир қаторда, деворларга Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида намойиш этилган спектаклларнинг суратлари илиб чиқилган.
 
Музей очилишига йиғилган 200 кишининг ҳайрати чексиз. Айни замонда шовқин бирдан тин олди, йиғилганлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов овози эшитилаётган томонга қараб бордилар. Мониторда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбек миллий академик драма театрининг таъмирдан кейинги очилиш маросимида сўзлаган нутқи намойиш этилди. Ислом Каримов бу театрнинг кечаси ва бугуни ҳақида гапирар экан, узоқ тарихга эга бўган театр нафақат ўзбек томошабинларини, балки дунё театр ихлосмандларини ҳам бир неча бор лол қолдирганини тилган олган эди. Ислом Каримов театрнинг очилиш маросимидаги нутқида бу театр саҳнасида ҳали кўп асарлар яратилиши ва кўплаб санъат дарғалари вояга етишига умид боғлашини айтган.
 
Музей очилишида иштирок этганлар ҳам театр жамоасига янгидан-янги омадлар тилаб, республикамизда отахон театр саналмиш Ўзбек миллий академик театрининг келгуси фаолиятига омад тиладилар.
 

Теглар:Ўзбек миллий академик драма театри 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!