...
МЕНЮ
ONLINE TV

Неймар: виждоним тоза - ҳеч қандай нотўғри иш қилганим йўқ


08:52, 24.08.2017 Спорт
 2 361

Бразилиялик ҳужумчи ПСЖга ўтиши, “Барселона” ва мухлислар ҳақида тўхталиб ўтди.

Дунённиг энг қиммат футболчиси Неймар ПСЖ клуби аъзоси сифатида Каталониядан Парижга йўл олиш жараёни тафсилотлари ҳақида ўртоқлашди.
 
- Янги марралар сари интилиш имконияти ҳосил бўлганидан, Париждек ғаройиб шаҳарга келганимдан ғоят мамнунман. ПСЖ билан машғулотларга киришиш, нуфузли совринлар ютишни мақсад қилдим, дея бошлади Неймар суҳбатнинг кириш қисмида.
 
- Дастлабки қадамни ўзингиз ташлаганингизни тасдиқлайсизми? Нима сабабдан айнан ПСЖни танладингиз?
 
- Шунчаки, салоҳиятимни янгича шароитда синаб кўришни ихтиёр этдим. Чунки муҳитни ўзгартириш иштиёқи менга тинчлик бермаётганди.
 
- Жамоада чин етакчи бўлиш истаги ҳам қарорингизга таъсир ўтказдими?
 
- Йўқ. “Барса”дан кетишимнинг бу масалага умуман дахли йўқ. Қайтараман, янги чўққиларни забт этиш хоҳиши кучли эди. Клубда етакчи эмаслигим мени ҳеч қачон хавотирга солмаган. Бу ролга интилмаганман, интилмайман ҳам. Лекин нуфузли совринларга эга бўлишни истайман.
 
- ПСЖ ўтган йили ҳам сизга аниқ таклиф билан чиққанди. Нима, ўша пайтдаги чорлов қизиқиш уйғотмаганмиди?
 
- Бу саволга лўнда жавоб қайтариш қийин. Менимча, муҳитни ўзгартириш учун қулай пайт энди келди.
 
- “Барселона” вакиллари Каталонияда қолишингиз тарафдори эдилар. ПСЖ аъзолари билан гаплашдингизми?
Парижда сизни кўнгилдагидек кутиб олишларига айнан ким ишонтирди?
 
- Тушунарлики, ҳаётимдаги ўта мураккаб қарорлардан бирини қабул қилдим. Ахир “Барселона” шароитига мослашиб улгурган, кўплаб дўстлар орттиргандим. Умуман, анчайин мураккаб даврни бошдан ўтказдим, келажакда қандай ишларни амалга ошириш ҳақида узоқ ўйладим.
 
Ўз ўрнида, собиқ жамоадошларимга миннатдорчилик билдираман - улар мендан ўз ёрдамларини дариғ тутмадилар. Албатта, ПСЖдаги йигитлар билан ҳам суҳбатлашдим ва улар жамоага тезроқ мослашишим учун имкон қадар кўмаклашишга ваъда бердилар.
 
- Қизиқ, қандайдир иккиланиш ҳам сезилдими?
 
- Ҳа, ахир мураккаб қарор қабул қилиш осонми? Кўпчилик трансфер амалга ошишидан олдин расман баёнот беришимни сўради.
 
Бироқ 100 фоиз ишонч ҳосил қилмай туриб, қандай фикр билдиришим мумкин? Хуллас, барчасини узил-кесил ҳал қилганимдан кейингина қароримни расман ошкор этдим.
 
- Неймар ПСЖга фақат пул туфайли ўтди - бундай фикрларга жавобингиз қандай?
 
- Ҳаётимдан умуман бехабар кишиларгина шундай ўйлашлари мумкин. Лекин мен учун бунинг аҳамияти йўқ. Чунки ҳамиша ўзим ва оилам бахти ҳақида қайғураман.
 
- Неймар, дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиси сифатида ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?
 
- Одатдагидек, ҳеч қандай муаммо йўқ. Аввал қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундайман.
 
- Собиқ жамоадошингиз Пике ижтимоий тармоққа “У қолади” ёзувли фотосуратингизни жойлаштирганди. Бу хусусда нима дея оласиз?
 
- Бир куни машғулотлардан бўшагач, кечки таомга тўпландик ва бирга суратга тушдик. Пике сурат остига ёзув илова қилишини айтганида, эътироз билдирдим. Чунки “Барселона”да қолишим ёки кетишим аниқ эмасди. Пике эса ўз билганидан қолмади - бор гап шу.
 
- Барселона”дан шу тариқа кетишингиз жамоа мухлисларига ёқмагани аниқ. Улар ҳаттоки, сизни хоинга чиқариб, Фигу билан қиёслашмоқда...
 
Мухлисларнинг менга хоин сифатида қарашлари, бутун дунёда шундай хаёлга боришлари ачинарли, албатта. Лекин виждоним тоза - ҳеч қандай нотўғри иш қилганим йўқ.
 
Ахир жамоада қолиш ёки қолмаслик аввало, ҳар бир футболчининг ўзига боғлиқ. Яъни у келажагини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга.
 
Маълумот учун, Неймар ПСЖда 10-рақам остида тўп суради. Парижликлар бразилиялик ҳужумчи трансфери учун 222 миллион евро тўлашди ва уни дунёнинг энг қиммат футболчисига айлантиришди.
 
Бундан ташқари, 25 ёшли ҳужумчи жаҳоннинг энг кўп маош олувчи футболчилари рўйхатида 2-ўринга чиқиб олди.
 
Эслатиб ўтамиз, “Барселона” Неймардан шартнома шартларини бузгани учун 8,5 миллион евро миқдорда пул таълаб қилиб, уни судга берган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Барселона ПСЖ Неймар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!