...
МЕНЮ
ONLINE TV

#Lifehack: жазирамадан сақланиш учун нима қилиш керак?


13:04, 17.06.2017 Бу қизиқ
 9 034

Аввалроқ дам олиш кунлари Ўзбекистонда +42 даража иссиқ бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Бу йил ёз бошқа йиллардан фарқли ўлароқ шамол ва ёмғир билан бошланди. Шунга қарамай, жазирама кунлар ўз ҳукмини ўтказишга тушди. Аввалроқ дам олиш кунлари Ўзбекистонда +42 даража иссиқ бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши муносабати билан #Lifehack лойиҳаси орқали жазирамадан қандай сақланиш кераклиги тўғрисида маълумот берамиз.
 
Ҳаммага маълум, лекин жуда зарур тавсиялар
 
  1. Энг аввало, табиий матодан бўлган, ҳаво ўтказувчи кийимларни кийинг. Чунки улар терининг нафас олишига имкон беради ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишидан сақлайди. Либос ва бош кийимлари ранги ҳам асосан оқ ёки оч тусдаги бўлгани маъқул. Қора ранг офтоб нурларини яхши сингдиради.
 
  1. Ёнингизда доимо ичимлик суви бўлсин. Бироқ у муздай бўлмаслиги лозим.
 
  1. Иложи борича тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланишга ҳаракат қилинг.
 
  1. Иссиқ кунда бош кийим кийишни канда қилманг.
 
  1. Қуёш нури 12:00 дан 16:00 гача жуда кучли бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқмаганингиз маъқул. Аммо вазият шуни тақозо этса, тананинг очиқ қисмларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилинг. Соябон, кўзойнак ҳам қуёш нурларидан яхши ҳимоя қилади.
 
  1. Тез бузиладиган егулик маҳсулотларини харид қилмаганингиз маъқул. Чунки иссиқ ҳароратда бактериялар жуда ҳам тез кўпаяди. Бу эса заҳарланишга олиб келиши мумкин.
 
  1. Иссиқда декоратив косметикадан камроқ фойдаланинг. Чунки сунъий косметик воситалар юз терисининг нафас олишига халал беради, натижада юзимиз қизиб кетишига олиб келади.
 
  1. 25 даражадан юқори бўлган ҳароратда фаол спорт турлари билан шуғулланманг.
 
  1. Бундай об-ҳавода ички хотиржамликни сақлай олиш жуда муҳим. Ҳар қандай таъсирланиш тана ҳарорати ортиши ёки офтоб уриши хавфини оширади.
 
  1. Ёзда турли компанияларда ишлайдиган ходимлар асосан кондиционерлар туфайли шамоллаб қолишади. Чунки ташқаридаги ва офисдаги ҳарорат фарқи жуда катта. Иссиқ ва совуқ ҳароратнинг ўзаро кескин алмашиши нафақат шамоллаш, балки ўпка касали – зотилжамга ҳам олиб келиши мумкин. Шу боис кондиционер яқинида узоқ ўтирманг.
 
Жазирамада нима ичиш керак?
 
Иссиқ об-ҳавода организмдаги сув баланси бузилади натижада у кўп намлик йўқотади. Шу туфайли жазирамада кунига камида 3 литр суюқлик истеъмол қилиш лозим.
 
Ёз кунлари чанқоқни олча, смородина, клюква ва бошқа нордон мевалардан тайёрланган морс, ичимликлар ва лимон шарбати қўшилган сувлар босади.
 
Жазирамада чанқоқни қондиришга ёрдам берадиган яна бир ичимлик – бу квас.
 
Бундан ташқари, лимон солинган янги дамланган кўк ёки қора чой ҳам тавсия қилинади.
 
Ёз кунлари яхшиси қаҳвадан воз кечган маъқул. Чунки у жазирамада чарчоқни оширади. Кўринишидан чанқоқбосди ҳисобланган ширин газли ичимликлар ҳам худди шу қаторда.
 
Шунингдек, муз солинган ичимликларни ҳам ичиш мумкин эмас, чунки улар томоқ оғришига сабаб бўлади. Бундан ташқари, муздек ичимликлар ички аъзоларни ҳаддан ортиқ совитиб, қон айланишини кучайтиради ва тана ҳарорати кўтарилади.
 
Иссиқ об-ҳавода спиртли ичимликларни эса унутиш керак. Алкоголь организмнинг сувсизланишига олиб келади.
 
Жазирамада нима истеъмол қилиш лозим?
 
Бундай кунда, энг яхшиси, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш керак.
 
Турли салатлар, сабзавотли таомлар ҳамда яхна шўрвалар ҳам айни муддао. Бодринг, тарвуз, қовун, нордон-ширин мевалар, сельдерей кўкати чанқоқбосди егуликлардир.
 
Жазирамада жуда ёғли ва шўр таомлардан тийилган маъқул. Яхна ичимликлар ҳамда овқатларни меъёрида истеъмол қилиш лозим. Ёзда нисбатан камроқ ейиш керак, бироқ бу тўлақонли таом бўлиши шарт. Яъни барча витаминларга бой озуқаларни меъёрида истеъмол қилинг.
 
Иссиқда асқотадиган қўшимча тавсиялар
 
Нафас олиш оғирлашган бўлса, тил остига нордон обаки (конфет)дан солиб, шимиш керак. Тил тагида юрак томирларининг тизими фаолиятини яхшилайдиган нуқта мавжуд.
 
Иссиқ ҳаво ҳароратида йил бўйи шундай яшайдиган мамлакатлар тажрибасига суянган маъқул. Бунда Африка давлатлари яхши мисол.
 
Африкада қадим замонлардан буён танани намлантириш мақсадида бамбукдан фойдаланишган. Бамбукдан тайёрланган шолчаларни полга тўшаб қўйиш мумкин. Корхона ходимларига эса бундай шолчаларни иш креслосига тўшаб қўйиш тавсия этилади. Шунингдек, ҳозирда бамбукдан тайёрланган кийимлар ҳам кенг тарқалган. Улар жазирамада жуда асқотади.
 
Ҳар бир хонадонда уйни совитиш мақсадида челакларга муздек сув қуйиб, 3-4 метр бўз матони ҳўллаб илиб қўйса, хона ҳарорати мўътадил сақланади. Деразаларга қуёшдан сақлаш мақсадида ҳам бўз мато тутилади.
 
Албатта, бу ҳаётимиздаги биринчи жазирама эмас. Барчамиз ёзни қайноқ ҳароратию қувноқ кунлари билан яхши кўрамиз. Нима бўлишидан қатъи назар, нохуш ҳолатлардан узоқ юрганимиз яхши.
Сумбула

Теглар:Жазирама тавсия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!