...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жеки Чан: Муҳаббат, оила, бойлик, фарзанд, ҳиёнат ва ажралиш ҳақида


15:44, 24.06.2016 Кино
 8 928

Жеки Чан “Мен бахтлиман” номли китобида севгиси ҳақида ҳикоя қилди.

Бир неча кун аввал, аниқроғи 9 июнь куни Россиянинг “Эксмо” нашриёти томонидан Жеки Чаннинг “Мен бахтлиман” номли китоби рус тилида чоп этилди. Ушбу китобда Жеки ўз ҳаёти ва ижоди, босиб ўтган умр йўли, фильмларни суратга олиш жараёнлари, уни ўйга толдирган вазиятлар, воқеалар, ҳикоялар, ҳаётидаги ягона муҳаббати ҳақида ёзади. Актёр уларнинг ҳар бирини алоҳида боб ичига маҳорат билан жойлаштирган.
 
Хусусан, “Мен бахтлиман” китобида Жеки Чан “Ҳаётимдаги ягона муҳаббатим – Жоан Линь (Линь Фэнцзяо)” рукни остида севган инсони ҳақида ҳикоя қилади.
 


Айтиш лозимки, Жеки Чаннинг ижоди ҳақида ҳикоя қилинадиган мақолаларда унинг шахсий ҳаёти, оиласи ва фарзанди ҳақида жуда кам маълумот берилган. Чунки актёр булар ҳақида ҳеч кимга гапирмасди. Бироқ “Мен бахтлиман” китобида у бу саволларнинг барчасига ойдинлик киритган ва севган инсони, оиласи ва фарзанди ҳақида батафсил ёзган.
 
Қачонлардир, Гонконгда “Кумуш олам” деб аталмиш журнал чоп этиларди. Кунлардан бир кун менга ушбу журнал муҳаррири Энни Ван қўнғироқ қилди ва менга қандайдир суратларни кўрсатмоқчи эканини айтди. Кўп ўтмай мен у билан учрашувга Ша-Тин округига отландим. Учрашув жойига Энни Ван хоним бир ўзи келмаганди, унинг ёнида ёш актриса Жоан Линь бор эди. Ўшандаёқ Жоаннинг озодалиги, бокиралиги мени ўзига ром этди. Қаршимда инсон боласи эмас, бошқа оламдан келиб қолган гўзал бир мавжудот тургандек эди.
 


У билан суҳбат давомида ундаги ўзига хослик нимада эканини тушундим. У суҳбатдоши билан ўта юмшоқ ва майин оҳангда сўзлашар, “юлдузлик касали”га чалинмаган эди. У бошқа аёллар каби қимматбаҳо ва ялтироқ кийимларни киймасди, ўта оддий кийинарди. Ўзимни аъло даражада тута олмасамда, Жоан бунга эътибор бермасди. У билан учрашганимизда ёки овқатлангани борганимизда бирор сўзни нотўғри талаффуз қилиб, жумлаларни бузиб гапирсам у менинг сўзларимни тўғирлашга уринмасди. У мен билан жуда кўп учрашувларга бирга борган ва ўзига таниш бўлмаган жойларда мен нимани есам шуни ерди. Мен дўстларим билан турли кўнгилочар жойларга боришни яхши кўрардим ва у мен билан бирга ҳар қандай жойга борарди. Бир четда дўстларим билан ўйин-кулгу қилаётганимни хушчақчақ тарзда кузатиб турарди.
 
Унга нимани айтиб беришимдан қатъи назар у доимо ҳазилларимга муносабат билдирарди, куларди. Шунинг учун ҳам ўзимни унинг ёнида ноқулай сезмасдим. Жоан менга машҳур инсонга муносабатда бўлгандек эмас, оддий эркакка муносабатда бўлгандек қарарди. Мен Жоандан унга нима учун ёқишим ҳақида сўрамаганман. Аммо ўзим ҳақимда ўйлар эканман, “Унга менинг нимам ёқаркин, нега у менинг ёнимда бўлишни истайди?”, деб савол берардим. Бироқ қалбан, Жоан мендан ўзига керакли нарсани ёки ҳислатни топганини ҳис этардим.
 
Бир куни ресторанда ўтирган чоғимиз, у ўзи роль ижро этаётган фильмлардан бирини менга эслатди. Ўша куннинг эртасига у фильмдаги экшн-саҳналарда роль ижро этиши лозим эди ва Жоан бу борада мендан маслаҳат сўради. Мен кино қаерда суратга олинаётганини сўрадим, у эса менга тўлиқ манзилни берди. Мен унга “Яхши, эртага ёнингга бораман”, деб айтдим. Эртаси куни мен бутун бошли гуруҳим билан Жоан роль ижро этаётган фильм суратга олинаётган майдончага бордим. Ўшанда, бизни кўриб атрофдагиларнинг оғзи очилиб қолганди. Бу менинг қиз болани кўнглини олиш ва ўзимга мафтун қилишга бўлган интилишим эди. Айнан ўша даврда мен кўнглимга ёққан бу қизнинг қалб соҳиби бўлишга жиддий ҳаракатни бошлагандим.
 


Айнан ўша вақтлардан бошлаб ОАВда мен ва Жоан ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. У ҳамманинг севимли актрисаси эди. ОАВнинг наздида жозибали, мафтункор бу актрисани кунг-фу билан олқиш қозонган мендек йигитга ишониб топшириб бўлмасди, гўё. Кўпчилик бизни бир-бирига тўғри келмайди, деб санарди. Энг ёмони, оммавий ахборот воситаларидан бирининг тўйим бўлаётгани ҳақидаги хабаридан сўнг, 2 нафар мухлисам ўз жонига қасд қилди. Ёлғон маълумотнинг тарқалиши ҳамоноқ бу гаплар Жоан билан муносабатимизга салбий таъсир қилиши ва мухлисларим орасида катта ғалаён келиб чиқишига сабаб бўлишидан қўрқа бошладим. Балки, ўшанда ОАВ ҳозиргидек ривожланган бўлганида, Жоан билан ажралиб кетган ҳам бўлармидик...
 
ОАВ қозони кераксиз миш-мишлар билан қайнаётган ўша вақтда, Жоан менга ҳомиладор эканини айтди. Мен ота бўлишни исташимни айтдим. У эса “Яхши, мана шу сўзларинг учун ҳам болани сақлаб қоламан”, деб жавоб берди. Ўшанда Жоаннинг олдида ўзимни ўта босиқ тутган бўлсамда, ичимда олов қайнарди. ОАВнинг тўйим ҳақида тарқатган ёлғон маълумоти мухлисаларимнинг ўлимига сабаб бўлди. Агар журналистлар Жоаннинг ҳомиладорлиги ҳақида билиб қолишганида борми, нима бўлишини тасаввур ҳам қила олмасдим. Мен шундай вазиятда қандай йўл тутиш ҳақида Леонард Хога мурожаат қилдим. У Жоанни кўзи ёриши учун Америкага жўнатишни, қолганини эса вақт кўрсатишини айтди.
 


Жоанга бу ҳақида ҳадик билан гапирдим, у қарши эмаслигини айтди. Ўшанда юлдузлик чўққисига чиққан Жоан барча таклифларга рад жавобини бериб, АҚШга учиб кетди. Мен эса тўхтовсиз съёмкалар биланд банд эдим. Шу сабаб Жоанга шароит яратиш учун у билан АҚШга менинг вакилим учиб кетди. У кўп ўтмай менинг ёнимга қайтди, Жоан эса бегона мамлакатда бир ўзи қолди. АҚШда унга меҳрибонлик, ғамхўрлик қиладиган ҳеч ким йўқ эди.
 
Жоаннинг ҳомиладорлик даврида мен ўта банд эдим, шу сабаб Америкага уни кўриш учун бирор марта ҳам боролмадим. Америкага туғиш вақти яқинлашган саналардагина учиб кетдим.
 
Бир куни у “Чақалоқ туғилгач, унинг отаси сифатида сенинг исмингни ёзсак бўладими?”, деб сўради. Мен “Ҳа”, деб жавоб бердим. Бироқ, бунинг учун аввал оила қуришимиз керак эди.
 
Лос-Анжелесдаги ресторанда бизни никоҳлаб қўйиши мумкин бўлган одамни топдик. Бу ўта машҳур ва одамлар билан гавжум ресторан эди. Рестораннинг алоҳида хонасига кирганимизга қарамай, жуда шовқин эди. Ёнимиздаги хонада одамларнинг нима ҳақида сўзлашаётгани шундоққина эштилиб турарди. Айнан ўша гавжум жойда бизни никоҳлашди. Биз бир-биримизга содиқ бўлиш, ҳиёнат қилмаслик ҳақида қасам ичдик ва ҳаммаси тугади. Ўша куни кечга яқин Жоанни туғруқхонага олиб кетишди.
 
Янги туғилган чақалоқларнинг кўриниши унчалик ёқимли бўлмайди ва илк бор ўғлимни кўрганимда унда бошқалардан фарқ қиладиган жиҳатни пайқамадим. Шифокорлардан унинг саломатлиги, суяклари яхши ривожлангани ҳақида сўрадим. Унинг соғлом ва бақувват эканини айтишганида, жуда севиндим. Ўшанда ўзим кутмаган ҳолда йиғлаб юбордим. Ёнимдаги вакилим ҳам йиғлади. Ўшанда ота бўлганимга ишона олмасдим. Кўзимдаги ёшларни артиб, табассум қилдим.
 
Мен каскадёрлар орасида юрардим. Мен билган ва таниган каскадёрлар ва машҳур инсонлар орасида аёллар билан муносабатда омадсизликка учраганлар жуда кўп эди. Ҳар бирининг ўз ҳикояси, маъюс ҳаётий тажрибаси бор эди. Масалан, дўстларимдан бири суратга олиш жараёнларидан кейин уйига бориб ҳайратдан ёқасини ушлаб қолганини айтганди. У севган қиз дўстимнинг уйда йўқлигидан фойдаланиб, пуллар, қимматбаҳо буюмларни олиб ғойиб бўлганди. Машҳур ва буюк режиссёр Ло Вейни қаллиғи алдаб кетган.
 
Режиссёр Ло Вейнинг севган аёли унинг барча пулларини ўз номига ўтказган ва кетиш олдидан унга 50 000 юанлик чекни ёзиб қолдирган. Бу пасткашликдан ўзга нарса эмасди. Ло Вей чек қоғозини майда бўлакларга бўлиб, унинг юзига отган ва “Менга бир тийин ҳам керак эмас”, деганини айтганди. Ўшанда, Ло Вей севган қиз шунчаки кулиб қўйган экан. Бу воқеаларни бизга айтиб берар экан Ло Вей  “Аёллар шунчалик ҳам пасткаш бўлиши мумкинми?”, деб йиғларди. Биз актёрлар эса пешона теримиз билан ишлаб топган пулларимизни ўғирлаб кетган аёллар ҳақида эшитар эканмиз, дунёда ноинсоф аёллар борлиги ҳақида ўйлардик. Гап менга бориб тақалганида, дўстларим “Жоан сени қўлинг ва оёқларингни боғлаб қўйиш учун ҳомиладор бўлган, у аллақачон бирор режани тузиб қўйган”, дейишарди.
 
Бундай гапларни эшитавергач, ўзим ҳам Жоаннинг мендан бирор мақсадда фойдаланаётгани ҳақида шубҳа қила бошладим. Шу сабаб мен Жоанга топган пулимнинг маълум бир қисминигина жўнатардим. Бу уларнинг уйи, машинаси, кундалик рўзғорига етарди холос. Мен унга топган пулларимни ишонмасдим. Агар ажрашадиган бўлсак, у ҳеч нарсасиз қоларди.
 
Кўрдингизми, қанчалар аҳмоқ бўлганман. Мен барча тўплаган пулларимни асраб қолишга ҳаракат қилганман. Мен тентак ўшанда унинг ҳам машҳур актриса бўлганини ва Жоаннинг менинг пулларимга зор эмаслигини ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Бу пасткашлик эканини ҳозир тушуняпман. Ахир у мени севгани учун ёнимда эди. Бироқ атрофдагиларнинг гаплари менга керагидан ортиқ даражада таъсир ўтказарди. Ахир аёллар ва қизлар орасида ҳам йиғилиб севган кишисини ёки турмуш ўртоғини ёмонлайдиганлар, эркакларнинг пасткаш эканликлари ҳақида суҳбат боради-ку.
 
Мен унга нисбатан ўта ҳаққоний бўлганман, дея олмайман. Унинг менга бўлган муносабати ўзгармади. Баъзида яна озод бўлиш учун у билан ажрашишга баҳона излардим. Аммо турмуш қурганимиздан кейинги 2 йил ичида Жоан уни ташлаб кетишимга сабаб бўладиган кичик хатога ҳам йўл қўймади. У ўғлимизни жуда яхши кўрарди, оилага жиддий муносабатда бўларди, шу билан бирга менинг ишимга аралашмасди.
 
...мен унга ҳиёнат қилдим!
 
ОАВ менинг Жоанга ҳиёнат қилганим ҳақидаги хабарлар билан тўлиб тошди. Мен Жоанга қўнғироқ қилишим, узр сўрашим керак эди. Бироқ айни вақтда биттагина телефон қўнғироғи ва узр сўраш  билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаслигини билардим. Ўшанда хаёлимга турли нарсалар келди. У билан ажрашишим ва ҳар биримиз ўз йўлимиздан кетишимиз ҳақида ўйлай бошладим. “Ҳозир унга қўнғироқ қиламан, у эса “Бундай қилишга қандай ҳаддинг сиғди?” қабилидаги саволларни беради, мен унга ажрашишни таклиф қиламан ва гўшакни қўйиб қўяман, деб ўйлардим. Кейин эса ўзимни ҳар қандай вазиятга тайёрлаб, унинг рақамини тердим.
Жоан гўшакни кўтарди ва сокин оҳангда “Алло” деди.
— Алло, янгиликларни кўрдингми, газеталарни ўқидингми?
— Ҳа, кўрдим.
Шу жавобдан сўнг орага сукунат чўкди. Биз анчагача жим турдик. Мен эса “Мени койи, нега мени урушмаяпсан?”, дегим келарди. У эса ҳамон жим турарди. Шу сабаб гапиришга мажбур бўлдим.
— Мен... Буларни... Хуллас қандай тушунтиришни билмаяпман.
— Менга ҳеч нарсани тушунтиришингни кераги йўқ. Бошқаларга озор бериш керак эмас, шунда бошқалар бизга ёмонлик қилмайди. Агар мен ёки Жейси сенинг ёнингни олишимиз керак бўлса, биз ўша заҳотиёқ етиб борамиз. Ҳозир сенга осон эмаслигини биламан. Мен ҳақимда қайғурма, ҳаммаси яхши, бамайлихотир ишларингни қилавер...
 


Ўйлаб қўйган гапларимни охиригача гапириб бўлмасимдан, кўзларимдаги ёшни тўхтатолмай қолдим. Бошқа ҳеч нарса дея олмадим ва телефон гўшагини қўйиб қўйдим. Кейинги сонияларда эса қаршимда бошқа Жеки Чан турганини кўрдим. У менга “Сен ҳақиқий аҳмоқсан! Неча йилдан бери унга душманингдек муносабатда бўлаяпсан? У эса чин дилдан сен ҳақингда қайғураяпти”, деди. Айнан ўша дақиқаларда қалбимда нималардир содир бўлди. Ичимдаги дунё остин-устун бўлиб кетди. Мен қанчалар пасткаш эканимни, унинг олдида жуда-жуда айбдор эканимни тушундим.
 
Орадан 2 кун ўтиб уйга қайтдим. Жоан эшикни очди ва мен билан кўришди. Унинг юзидан бирор нарсани англаш қийин эди, у ошхона томонга ўтиб кетди. Кўп ўтмай, у тушликка қандай таом ейишни исташимни сўради. Мен эса бирор сўз деёлмасдим, шунчаки ҳайкал каби унинг ёнида тураверардим. Шу кўринишда яна бир оз тургач, меҳмонхонага кириб ўтирдим. Ўша ерда уни кутардим. У эса ўғлимиз мактабдан келгунига қадар уй ишлари билан шуғулланди. Мактабдан келгач, Жейси ҳам мен билан саломлашди. Кейин эса папкасини ёнимга ташлаб, тепага, ўз хонасига чиқиб кетди. Кўришмаганимизга кўп вақт бўлганди, у эса келиб шунчаки саломлашди. На келиб мени қучоқлади ва на бирор сўз деди. Мен эса катта ва кенг меҳмонхонада бир ўзим ўтирардим.
 
Ошхонага, Жоаннниг ёнига кирдим. Ўғлимни чақирдим ва биргаликда стол атрофида ўтирдик. Оила қурганимизга шунча йил бўлганида биринчи бор кичик оилавий мажлис қилишимизни эълон қилдим.
 
— Мен кечириб бўлмас хатога йўл қўйдим. Қилган мана шу ишим учун сизларни ҳозир ҳам, кейин ҳам эзишларини биламан ва бунинг учун сизлардан узр сўрайман.
 
Жейси мендан кўзини узмасди, Жоан эса йиғларди. Жейси онасини овутишга ҳаракат қиларди, мен эса сўзимни давом эттира олмасдим.
 
— Бўлди, мажлис тугади, юринглар овқатланамиз.
 


Мен гапириб бўлгунимга қадар Жоан яна бирор сўз демади. Бу суҳбат бутун оиламиз билан ўша муаммо ҳақидаги сўнгги суҳбат эди. Шундан сўнг мен адвокатим билан боғландим ва меросни ўзгартиришини сўрадим. Барча мол-мулкимни Жоаннинг номига ўтказдим. Ўша воқеадан кейин унга янада кўпроқ ғамхўрлик қила бошладим, уни тушунишга ҳаракат қилдим.
 
Гарчи менга турмушга чиққанидан кейинги йилларда, актрисалик фаолиятини якунлаганига 30 йил тўлган бўлсада, Жоан “Худонинг қуроллари-3: Бурж вазифаси” фильмидаги эпизодик ролда иштирок этди. Мен бир йил давомида уни шу ролни ижро этишини илтимос қилишимга тўғри келган. Ажойиб кунларнинг бирида мен уни ишхонамга таклиф қилдим ва айнан нимани суратга олиш кераклигини кўрсатдим ва унинг розилигини олишга муваффақ бўлдим. У мени калтаклашадиган саҳнани кўрганида, менга жуда ачиниб кетди. Мен эса фурсатдан фойдаланиб олов устига ёғ қуйдим ва бу фильмни олиш учун катта маблағ сарф этилгани, ўзим режиссёрлик қилаётганимни айтиб нолидим. Жоан шулардан кейингина рози бўлди. Унга қулай бўлиши учун мен съёмка жараёнларини Пекиндан Гонконгга шахсий павильонимга кўчирдим. У айтилган санада, куннинг иккинчи ярмида келди. Жоан юзини кўрсатишни истамади. Мен эса гуруҳим билан келишиб олдим ва суратга олиш чоғида уни ўпдим. Шундан кейин беихтиёр орқага қараган Жоан камераларга муҳрланди.
 
Мен ҳаётим Жоандек аёл билан боғланганидан бахтиёрман.
Умида Якубова

Теглар:Жеки Чан Жоан Линь Севги Оила 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!