...
МЕНЮ
ONLINE TV

ХХР Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ҳудудлардан мосуво бўлдими?


15:51, 12.07.2016 Олам
 3 488

Гаагадаги халқаро трибунал Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ҳудудаларга нисбатан тарихан ҳеч қандай ҳуқуқи йўқлиги ҳақида қарор қабул қилди.

Хитой бир неча йилдан буён Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудлар устида Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Вьетнам, Бруней, Малайзия ва Филиппин билан баҳслашиб келмоқда.
 
Бугун, 12 июль куни Гаагадаги Халқаро трибунал Хитойнинг мазкур денгиздаги баҳсли ҳудудларга нисбатан тарихан эгалик қилиш ҳуқуқи йўқлиги ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар тарқатди.
 
Пекин ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида кескин баҳсларга сабаб бўлаётган  Жанубий Хитой денгизидаги ороллар  углеводородга бой ҳисобланади. Булар ичида Сиша архипелаги (Парасель ороллари),  Нанша (Спратли) ва Хуаньянь (Скарборо рифи) ороллари энг йирикларидир.
 


Маълумотларга қараганда, Хитой 2013 йилнинг охиридан буён Жанубий Хитой денгизида сунъий оролларни қуриш ва бир қатор ҳудудларни ўзлаштириш устида гидротехник ишларини олиб бормоқда. 
 
Экспертларнинг фикрича, Пекин бундай ишларни амалга ошириш билан мазкур минтақада ўз назоратини кучайтиришга интилмоқда.  Чунки, ушбу минтақа Хитой учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган Малакка бўғозига бевосита туташдир. Бу бўғоз орқали Хитой ташқи савдосининг 60 фоизи ва углеводород импортининг 80 фоизи амалга оширилади. 
 
Вашингтон доимий равишда Пекинни Жанубий Хитой денгизини милитаризациялашда айблаб келади. ХХР эса буни рад этишда давом этмоқда.
 
Гаагадаги Халқаро трибуналнинг қарори Пекинни баҳсли ҳудудларга нисбатан даъвосидан воз кечишга мажбур этиши эҳтимолдан анча йироқ, чунки ҳаётий муҳим манфаатлари бўлган бу денгиз акваторияси биринчи навбатда Хитой иқтисодиёти учун зарурдир.
 
Маълумот ўрнида, Малакка бўғози Малай ярим ороли ва Индонезиянинг Суматра ороллари орасида жойлашган. Мазкур бўғознинг кенглиги 40,  узунлиги эса 805 километрни ташкил қилади. Малакка бўғози Сувайш ва Панама каналларига ўхшаб денгиз йўлида жуда муҳим иқтисодий ва стратегик аҳамиятга эга.  У Ҳинд ва Тинч океанларини боғлаб туради. 


 
Бир йил давомида мазкур бўғоз орқали 50 минг кема қатнайди ва бу бутун дунё денгиз товар айланмасининг 1/5 қисмидан то 1/4 қисмигача тенг бўлади.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Жанубий Хитой денгизи Хитой Малакка бўғози 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!