...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ғарқ бўлган кемалар: замонавий хазина қидирувчилар машаққати


19:44, 09.09.2017 Бу қизиқ
 4 719

130 мингта кумуш танга, 900 кумуш ёмби, 750 та юқори сифатли марварид тошлари, 2500 дона майда марварид тошлари, 250 дан зиёд олти ёмбилар ва тилла тақинчоқлар топилди.

Азиз муштарий, “Бу қизиқ” туркумининг навбатдаги мавзуси денгиз экспедицияларида ғарқ бўлган кемалар ҳақида...
 
Эслатиб ўтамиз, унинг 1-, 2-, 3- ва 4-туркум маълумотлари бундан олдинроқ эълон қилинди. Навбатдаги 5-мақола якуний маълумотлар ҳисобланади.
 
10-маълумот. “Нуэстра Секора де Аточа” ҳалокати
 
Буни қарангки, барча хазина қидирувчи тадқиқотчилар гуруҳини денгиз соҳилари омадсизлик билан қарши олавермас экан.
 
1622 йил 4 сентябрда Гаванна қирғоғини Испания қироллигига тегишли 28 та елканли кемалар тарк этди. Уларнинг юкхонасида бир нечта давлат аҳолисини юз йиллар давомида роҳат-фаровонликда яшаши учун етарли олтин бор эди.
 
Бу хазина билан ўша пайтда Европанинг бир нечта давлатлари қўшинини қурол-аслаҳа, ҳарбий бинолар ва озиқ-овқат билан таъминлаш мумкин эди.
 
28 та кема аъзолари қароқчилар ҳужумидан хавфсирамас эдилар. Негаки уларнинг кемаларида 2 мингга яқин тўпотар қуроллар ва бундай жангу жадалларда синалган экипаж аъзолари бор эди...
 
Бироқ испанлар табиий офат — тўфон ичида қоламиз деб сира ўйламаган эдилар...
 
Европа томонга йўлга чиққан кемалар саёҳатининг иккинчи куни шунақанги кучли тўфонга дуч келдирларки, бир неча соат ичида 8 та кема сувостига ғарқ бўлди.
 
Қолганлари Маркиз оролларидан Драй-Тортугас оролларигача бўлган оролчалардан қўним топиб жон сақладилар.
 
Умумий оғирлиги 24 тонна бўлган етакчи кема — “Нуэстра Секора де Аточа” ҳам талофатсиз қолмади.
 
Унинг бойликлари 1080 та кумуш ёмби, 18 000 дона кумуш танга, 582 та мис ёмби, 125 та олтин ёмби, 350 та сандиқда индиго тақинчоқлари, 525 ўрам олий навли тамаки, 20 та кумуш тўп (бу тўплар жанг учун ҳозирланган тўплар сирасига кирмас эди) ва 1200 дона кумушдан ясалган қимматбаҳо идиш буюмлар бор эди.
 
Қизиғи шундаки, ушбу бойликларнинг ҳаммаси кема дафтарида қайд этилмаганди. Қироллик хазинасига топширилмайдиган бойликлар ҳам сероб эди.
 
Бундай “ноқонуний бойликлар”нинг хўжайинлари экипаж аъзолари эди.
 
11-маълумот. Хазина қидирувчиларнинг машаққатлари
 
60 йил давомида Испания қироллигининг махсус гуруҳлари чўккан кемаларни сув юзига чиқаришга уриндилар.
 
Фалокатга учраган 28 та кема ичидаги етакчи кема 16.5 метр чуқурликда бўлса ҳам уни сув сатҳига чиқариб олишнинг иложини қилишолмадилар. Чунки ўша пайтларда ғаввослар коптоги ва нафас олиш ичаклари орқали ошиб борса ўн метр чуқурликка тушиш мумкин эди-да.
 
Барча уринишлар бефойда бўлди ва фақатгина орадан уч юз эллик йил ўтгандагина хазинани қироллик ихтиёрига топширишга муваффақ бўлишди.
 
Бироқ ҳозирги замонавий хазина қидирувчилар гуруҳининг ҳам иши осон эмас...
 
Машҳур хазина қидирувчи Мел Фишир испан кемалари чўккан сув ҳафзаларида 16 йил давомида тадқиқотлар олиб борди. Унинг бир кунлик изланишлари 1000 долларга баҳоланар эди. Лекин қўлга киритилган хазина ҳам шунга яраша бўлди.
 
130 мингта кумуш танга, 900 кумуш ёмби (айримлари нақ 32 килограмм оғирликда), 750 та юқори сифатли марварид тошлари (энг катта тош 77,7 каратга тенг эди), 2500 дона майда марварид тошлари, 250 дан зиёд олти ёмбилар ва тилла тақинчоқлар топилди.
 
Қимматбаҳо металл ва тошлардан ташқари экспедиция аъзолари 85 мингга яқин тарихий предмедларни (қуроллар, сопол буюмлар, кема асбоблари) қўлга киритишди.
 
Халқаро ҳуқуқларга кўра, топилган хазина тенг учга бўлиниши лозим. Чўккан кема қайси давлатга қарашли бўлса — биринчи бўлаги, иккинчиси — хазина қайси давлат ҳудудида топилган бўлса, учинчиси хазинани топган гуруҳга насиб этади. Хазина қидирувчилар ҳамон бойиб кетиш умидида денгиз сатҳида дайди кемадай изғишадилар...
Улуғ БЕК

Теглар:Замонавий хазина қидирувчилар Ғарқ бўлган кемалар Денгиз экспедициялари Сувости хазиналари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!