...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фақат 18+! Ўғри бола: кичик жиноятнинг катта муаммолари


15:49, 21.10.2017 Бу қизиқ
 3 222

Шу каби ва бошқа сабаблар билан зиёлилар оиласидан “туппа-тузук” ўғри чиқиши ҳеч гап эмас!!!

Азизлар, ёдингизда бўлса шартли равишда “Фақат 18+!” деб номланган 1-, 2-, 3- ва 4-туркум мақолалар орқали жамиятда мавжуд айрим иллатларнинг туб илдизларини таҳлил этишга уринган эдик. “18+” чегараси — бу мавзу таҳлилидаги айрим “катта гаплар”дан ўсмир ёшларнинг эътиборини мумкин қадар асраш эди...
 
Бугунги мавзу болалар ва ўсмирлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлиши баробарида улар ўқиши учун чегараланган! Ҳарқалай, болаларнинг ўғирлик жинояти уларнинг иштирокида таҳлил этилмаслиги муҳим.
 
Ҳурматли ота-оналар, келинг, мавзуга киришдан олдин қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилсак...
 
  • Қизингиз четга олиб қўйган тақинчоғингизни сўрамасдан олиб йўқотиб қўйибдими?
 
  • Ўғлингиз чўнтагингиздан пул ўғрилайдиган одат чиқарибдими?
 
  • Уйингизда нималардир йўқолиб, ўғри ҳадеганда топилмаяптими?
 
  • Умуман, болаларнинг ўғрилигига қандай муносабатда бўлиш зарур: улар болаликнинг беўйлиги таъсирида бироз бебошроқ бўлиб, сўнг ўз-ўзидан бундай ёмон одатларини ташлаб юборишадими ёки темирни қизиғида босиб, ўғрини унинг “кичик жинояти” ошкор бўлган куниёқ жазолаш керакми?
 
Одатда кўпчилик ота-оналар шундай қилишади ҳам — ўғри шу заҳотиёқ қаттиқ жазоланади! Тўғрими?
 
Кимдир гап-сўз билан “савалайди”, айримлар эса боласига қўл кўтаришга “мажбур” бўлади. Тўғри, айрим ҳолларда энг қаттиқ тарбия усулларини қўллашга мажбур бўласан киши. Бироқ...
 
Бироқ бир нарса ҳар доим ёнингизда бўлсин, фарзандингизни қанчалик кўп “ўғрисан”, “ёлғончисан”, “безбетсан”, “жиноятчисан” деб койиб бераверсангиз, у шунчалик ўша “унвон”ларга мойиллик билан улғая боради! Натижа эса ўзингизга маълум...
 
Қисқаси, сизнинг ўзингиз уни “ўшанақа” эканлигига беихтиёр ишонтириб борасиз. Бола ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда аввал ўзини оқлашга, бундай “унвон”ларга лойиқ эмаслигига сизни ва ўзи ишонган яқинларини ишонтиришга ҳаракат қилади. Кейин эса ўғирлик ва безориликни ҳеч иккиланмай амалга ошираверади, негаки у юзига суртилган доғни (“ўғри” деган номни) ўзича “қилмаган” ишлари учун жазо сифатида қабул қилиб бўлган бўлади. Хуллас, аввалгилари “билмай”, кейингилари “қасддан”...
 
Қисқаси, фарзандингизнинг “қўли эгри” бўлиб улғайишига сабабчи ўзингиз бўлиб қоласиз!
 
Бола — бола-да, ўғирликнинг жазоси ҳар доим ҳам “ўғрисан” деб койиб бериш билан тугавермаслигини билмайди ва натижада жиноят кўчасига кириб қолганини сезмай қолади...
 
Болалар дунёси рангбаранг ва уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати замирида ҳаётнинг паст-баландларини ўрганиш, яъни ҳаётий тажриба орттиришга бўлган иштиёқни кузатишимимз мумкин. У “турли савиядаги” оилаларда тарбия топган болалар билан мактаб, болалар боғчаси ва кўча-куйда танишишга, қайсидир маънода дўст тутинишга мажбур.
 
Бундай ҳолатларда эса кўпинча яхши амаллар ташуббускори ютқизиб, бузғунчиликлар ташаббускори ютади, негаки болалар табиатидаги қизиққонлик бу нарсаларга йўл очиб бергандай бўлади.
 
Натижа эса — хунук!
 
Мисол учун, тарбияли оилада вояга етган бола ўртоқлари билан дўконда ўғирлик қилган! Бундан хабар топган ота-онанинг фиғони фалакка чиқиши тайин...
 
Жамоада, ходимлар орасида ўғри чиқса, иши осон, жазоси — шармандаларча бўшатиб юбориш! Оилада эса бу “ҳунар” ўтмайди... Аввало бу яширилади, жазо эса ниҳоятда қаттиқ бўлишига қарамай “жиноятчи” уларнинг яқини бўлиб қолаверади! Ўғлининг янги “ҳунари”дан хуноб бўлган ота бир тарсаки билан боласини кўчага қувиб солиши мумкин, бироқ бу фарзанд шу билан уйига қайтиб келмайди, дегани эмас.
 
Бир сўз билан айтганда, “жиноятчи” яна ошёнига қайтади. Айнан шу нарса эса бола онгида пайдо бўлган қўрқув ва масъулият юкини “енгиллаштириб” қўяди. Шу каби ва бошқа сабаблар билан зиёлилар оиласидан “туппа-тузук” ўғри чиқиши ҳеч гап эмас!!!
 
Уч ёшгача болалар онгида “бу ўзимизники, буниси эса бошқаники” деган тушунчалар шаклланмаган бўлади. Улар қўлларига нима илинса олиб ёки ташлаб кетишаверади.
 
Умуман, бунинг қай даражада ва кўринишда бўлиши унга берилаётган тарбияга боғлиқ. Агар ота-оналари ҳали тили чиқмаган пайтданоқ бировнинг нарсасини бесўроқ олиш мумкин эмаслигини (имо-ишора аралаш) уқтириб келса, онги шаклланаётган бола тилга киргач, бегона нарсага тегиниш мумкин-мумкинмаслигини сўрайдиган бўлади.
 
Беш ёшга кирган аксарият болалар нималар уларнинг оиласига тегишли, нималар эса йўқ — буни яхши билишади, ҳатто уйдаги барча нарса оила аъзоларининг умумий мулки эганлигини ҳам фаҳмлайди.
 
Шу ўринда унга умумий нарсалар ичида айнан кимгадир кўпроқ керак бўлган буюмлар борлигини тушунтириш лозим. Масалан: опасининг қўл телефони ва дисклари, акасининг портатив компьютери, дадасининг асбоб-ускуналари ва онасининг тилла тақинчоқлари-ю либослари...
 
Худди шундай унинг ўйинчоқлари ҳам ҳаммадан кўра кўпроқ унга керак, демак — уники, аммо бу ўйинчоқларини кимга истаса беравериш ёки ёқмай қолганда ташлаб юбориш “ҳуқуқини” секин-асталик билан уқтириб бориш лозим.
 
Боланинг катталар томонидан хушланмас айрим хатти-ҳаракатларига сабаб бўлувчи бир нарса борки, у ҳам бўлса бола табиатидаги унга ёққан нарсаларни ўзиники қилишга бўлган кучли интилиш. У ҳар куни ўйинчоқлар дўконига етаклайвериши, савдо растасининг ойнаси ортидаги “митти автомобиль” ҳар куни бир марта кўрсатиб ўтиши мумкин.
 
Ёки маҳалладаги майда-чуйда сотадиган дўкончада “харидоргир”, фарзандларингизнинг ўртоқлари орасида эса машҳур “спиннер” ҳақида “ҳар куни эслашингиз” мумкин. Бироқ сиз унинг истагини вақтинча қондиролмай турибсиз, ёки ўша қиммат (зарарли) ўйинчоқни олиб берган тақдирингизда ҳам унинг “ишқи” бошқа “янгиликка” тушиб қолиши мумкинлигини яхши билган ҳолда унинг ўзгарувчан истаклари билан “курашиш”га ҳаракат қилаяпсиз.
 
Бола ўз тенгдошлари орасида “зўр” бўлиши учун имконият чегараси ортидаги нарсаларни истаб қолишини — ўғирлик жиноятига етаклаши мумкин бўлган яна бир сабаб бўлиши мумкин. Уйдан шоколадлар, турли ўйинчоқ ва буюмларнинг йўқолиб қолишига сабаби айнан ўша нарсалар.
 
Азиз мухлис! Мазкур мавзунинг давомида болаларни ўғирликка етаклаши мумкин бўлган яна бир қанча ҳолатлар, бундан ташқари, ота-оналар бундай вазиятлардан беталафот қандай чиқиб кетишлари юзасидан тавсиялар билан ўртоқлашамиз.
Улуғ БЕК

Теглар:Болалар жинояти Оилада ўғирлик Болалар руҳияти Оилада тарбия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!