...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фақат 18+! Ўғри бола: тақиқ ва жазо — самарасиз, “дўстона” суҳбат — ечим!


10:51, 23.10.2017 Бу қизиқ
 3 323

Бир сафар пакетга шошилиб тўртта эмас, беш дона нон солиб, одатдаги тўртта нон учун ажратилган пулни бериб кетаверибман. Буни ўзим ҳам йўлда сездим...

Азиз муштарий, “Фақат 18+!” деб номланган туркум мақолалар орқали кичик жиноятнинг катта муаммолари ва оила ҳамда мактабда содир бўлиши мумкин бўлган ўғирликлар ҳақида айрим фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашган эдик. Энди, ижозатингиз билан, мазкур муаммога тааллуқли бўлган айрим тавсияларни эътиборингизга тақдим этамиз...
 
Уйда, мактабда ёки кўча-куйдаги дўконда фарзандингизнинг бевосита ёки билвосита иштирокида ўғирлик содир бўлганини аниқласангиз, вазиятни чуқурроқ таҳлил қилмасдан дарров жазолашга, болани кўпчиликнинг олдида изза қилмасликка чақирган эдик.  
Шу билан бирга, ушбу воқеа-ҳодисага бефарқ бўлмаслик ҳам зарур. Болага унинг билиб-билмай қилган ишларининг оқибатини оиладаги тарбияга хос йўналишда, унинг феъл-атворидаги айрим жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда тушунтириш — кутилган самарани бериши мумкин.
 
Аслида биз катталарнинг муаммомиз шу — ўғирлик яхши иш эмаслигини мисоллар тариқасида тушунтириш ўрнига уни тақиқлаб қўя қоламиз. Болалар учун тақиқланган ҳар нарса қизиқ ва унинг ортидаги кўнгилсизликлар ҳақида бош қотирмасликлари аниқ.
 
Ижозатигиз билан, мавзу ечимини бир мисол тариқасида сўзлаб берай. Совет Иттифоқи парчаланаётган сўнгги йиллар... “Қайта қуриш” билан овворагарчилик. Дўконларда биринчи эҳтиёж товарлари купонга берилади. Камина 4–5-синф ўқувчисиман...
 
Шаҳарчада яшаймиз, уч нафар укаларим бор, ота-онам кундузи ишда... Уйдаги вазифаларимдан ташқари зиммамга яна бир юмуш юклатилган: ҳар куни шаҳарча марказидаги дўкондан тўрт буханка нон келтираман. Уйда нон ёпишга ун йўқлиги (тақчиллиги, ҳар доим ҳам бўлавермаслиги), бозорларда ҳозиргидай турнақатор нон расталарининг умуман йўқлиги, ҳатто ўша тўрт буханка нон учун гоҳида икки соатлаб навбатда туриш кераклиги ҳақида мен сўзлай, сиз тасаввур қилишга урининг...
 
Хуллас, ёш бола учун масъулиятли иш. Бир сафар пакетга шошилиб тўртта эмас, беш дона нон солиб, одатдаги тўртта нон учун ажратилган пулни беравериб кетибман. Буни ўзим ҳам йўлда сездим... Велосипедимнинг рулига қистирилган тешик-тешик “советча тўрва” ҳар кунгидан оғирроқ эди-да! Ортга қайтмоқчи бўлдим ҳам. Бироқ болалик ўйлари ўз кучини кўрсатиб, қайтанга битта нон ортиқча олганимга хурсанд бўлиб уйга етиб келдим.
 
Ўз-ўзидан маълум, келганим заҳоти бу ҳақда “суюнчи” олдим. Ўйлагандимки, эшитиб онам ҳам суюниб кетадилар. Бундай бўлмади! Аввал яхшигина дакки эшитдим, кейин дўкондан қандай келган бўлсам, худди шундай ортимга қайтишга мажбур бўлдим. Онам айтганидек, сотувчидан узр сўраб (уятданми, хўрлигим келганиданми йиғлаб берганман ҳам), битта нонни қайтариб бердим...
 
Ўша кичик бир воқеа хотирамда қолган бир умрлик дарс бўлиб қолди. Майда ўғирликка бўлган “муносабат” (балки тарбия натижаси) шакланаётган руҳиятимда катта бир мактаб вазифасини ўтаганини энди-энди англайман.
 
Айрим тавсиялар:
 
  • Болага бир-иккита егулик сотиб олса бўладиган миқдорда чўнтак пули беринг (агар лозим топсангиз). Биринчидан, сиз томонингиздан унга кўрсатилган ҳурмат белгиси. Иккинчидан, боланинг бирон бир истаги бўлса, ўша чўнтак пулларини иқтисод қилиш йўли билан ўша нарсани сотиб олади ва уни пулга бўлган муносабатини шакллантиради;
 
  • Мабодо у ўзи учун ўта зарур ҳисоблайдиган нарсаларни истаса, айрим шартларни бажаришини зиммасига юклаш билан (моҳирона тарзда, эҳтиёткорлик билан) сотиб олиб беринг. Масалан, у ҳар доим сиз ва яқинлари билан доимий алоқада бўлиши учун уяли телефон олиб беришингизни сўрамоқда. Олиб беринг, бироқ бу нарса унга тенгдошлари олдида “ўзгача унвон” олиши, бу нарса унга “мақтаниш матоғи” эмаслиги ёхуд фақат мусиқа эшитиши, биров билан алланималарга алмашиш буюми эмаслиги ёки “телефон безорилиги”ни амалга ошириш учун хизмат қилмаслиги лозим. Буни назорат қилиш, куннинг қайси пайтида ундан фойдаланиш мумкинлиги ва қай турдаги телефон аппарати олиб бериш — сизнинг ихтиёрингизда эканлигидан оқилона фойдаланинг;
 
  • Пул ва қимматбаҳо буюмларни болалар учун “осон” бўлган жойларда қолдирманг, бу уларни ўғирликка ундаши тайин;
 
  • Бола бир марта адашди, уни “ўғри” деб ҳақорат қилишга ҳаққингиз йўқ, айниқса бегона кишилар олдида! Олтин қоида ёдингиздан чиқмасин: мақташ — кўпчилик олдида, танбеҳ бериш ва жазолаш — алоҳида! У хатосини тан олиб, узр сўради. Сиз эса бу “воқеа”ни ёдга олишингиз яхши иш эмаслигини унутманг.
 
  • Болаларга эътибор, меҳр беришни канда қилманг. Бартараф этишдан унинг олдини олган осон, деганларидек, ўзингизнинг ёшлигингиз, ака-опаларининг ёшлигидан мисоллар келтириб, болага нотўғри хатти-ҳаракат ва ноўрин гап-сўзлар оқибати ёмон бўлишини мисоллар тариқасида гапириб беринг;
 
  • Уйда бир нарса йўқолса, дарров болани айблашга шошилманг! Биринчидан, бу нотўғри, иккинчидан, йўқолган нарсани ўзингиз бирор жойга яшириб тополмай, бировга бериб юбориб эслолмай юрган бўлсангиз, фарзандингиз олдида ҳурматингизни йўқотасиз;
 
  • Болаларга ҳикматнома, панднома эртак ва ҳикоялар битилган китоблар сотиб олиб беринг, ўқиб беринг, ўша эртаклар асосида уйингизда “қўғирчоқ театри” ташкил қилинг, уни ўзингиз саҳналаштириб, фарзандларингизга ҳам роллар бўлиб берсангиз, нур устига аъло нур.
 
Қиссадан ҳисса шуки, болалар тарбиясига беэътиборлик жуда кўп муаммо ва кўнгилсизликлар сари элтади. Шуларда бири — ўғирлик!
 
Ёшлигида ўғирликнинг жиноят эканлиги ҳақида ўз ҳадисини олмаган кишининг бу иллати унга умр бўйи эргашиб юриши бегумон!
 
Унутманг, “Фақат 18+” туркумининг ушбу ва бошқа мавзулари болалар ва ўсмирлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлиши баробарида уларнинг мутолааси учун чегараланган!
 
Ҳарқалай, болаларнинг ўғирлик жинояти уларнинг иштирокида таҳлил этилмаслиги муҳим.
 
Энг яхшиси, юқорида тилга олинган мавзуга тааллуқли гумонингиз бўлса, фарзандингизга бу ҳақда бирдан гап очмасдан, аввал дастлабки одоб қоидалари ҳақида суҳбатлашиб, сўнг секин асталик билан “мақсадга” ўтинг ва юқоридаги тавсияларни ёддан чиқарманг!
 
Оилавий хотиржамлик ҳамроҳингиз бўлсин!
 
Омон бўлинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Болалар жинояти Оилада ўғирлик Болалар руҳияти Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!