...
МЕНЮ
ONLINE TV

Челябинскдаги ўзбекистонлик ёшлар уйга қайтади


19:12, 26.08.2017 Олам
 4 876

Челябинск шаҳрида кутилмаган муаммоларга дуч келган ўзбекистонлик ёшлар 30 август куни уйга қайтади.

Аввалроқ, Россия Федерациясининг Челябинск шаҳридаги ЮРГАУ университетига ўқиш учун борган ўзбекистонлик ёшлар билан боғлиқ муаммолар юзага келгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ушбу масала юзасидан Тошкент давлат аграр университети ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг айрим расмий вакиллари билан боғланишга муваффақ бўлдик.
 
Тошкент давлат аграр университети Халқаро бўлими ходими Санжар Одилов Россияда юрган талабалар ҳақида қуйидагича фикр билдирди: “ТДАУ маъмурияти ҳодисадан бехабар, собиқ талабалар биз орқали ўқишга кетмаган. Сиз айтган ёшлар ҳеч қандай шартнома асосида юборилмаган. Аммо университет ректори бизни чақириб, ноқулай шароитга тушиб қолган талабаларга имконият даражасида ёрдам беришимиз зарурлигини айтди”.
 
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги масъул ходими Шакарбой Жониқуловнинг фикрича, ТДАУ битирувчи талабалари Россияда кўчада қолмаган, уларга университет ётоқхонасидан жой берилган. Уларнинг маиший эҳтиёжлари ЮРГАУ университетида амалиёт ўтаётган вакилларимиз (ўзбекистонлик ўқитувчилар) кўмагида қопланади.
 
Уларни уйга қайтиши 30 август, яъни келгуси ҳафтанинг чоршанба куни амалга оширилади. Бу борада вазирлик ходимлари тегишли тартибда ҳаракат қилишмоқда.
 
Ёшлар Ўзбекистонга қайтиши билан иш билан таъминланади, бу вазифани Вазирлик ўз зиммасига олгани айтиб ўтилди.

Аниқ бўлмаган яна бир масала қолди, у ҳам бўлса Россияга кетган талабалардан бири — Оқбоев Аббос Россия Божхона хизмати вакиллари томонидан ушлаб қолинган. Талаба томонидан айрим божхона тартиб-қоидаларининг бузилиши ушбу ҳолатга сабаб бўлган, дея тахмин қилинмоқда.

Таҳририят ўзбекистонлик талабалар тақдирига бефарқ эмас. Мазкур масала юзасидан қўшимча суриштирувлар олиб борилмоқда.
Зоҳиршоҳ Жўраев 

Теглар:Челябинск ТДАУ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!