...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бухорода тартибсизлик: Футболчи 10 миллион, клуб 300 миллион сўм жаримага тортилди, ҳакам эса...


15:37, 07.04.2018 Спорт
 4 936

“Бухоро” – “Пахтакор” клублари ўртасидаги учрашувда мезбонлар сардори ҳакам қарорига қаршилик кўрсатган.

Кеча бўлиб ўтган “Бухоро” – “Пахтакор” клублари ўртасидаги учрашув инспекторининг огоҳлантиришига асосан бугун, 7 апрель куни ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
 
“Бухоро” — “Пахтакор” ўйини учун стадионга ташриф буюрган мухлислар аввалига учрашувни бошқариб бораётган ҳакамни, кейинроқ эса “Пахтакор” футбол клубини ҳақоратли сўзлар билан оммавий равишда ерга урди, дея ёзади ПФЛ.
 
Унда айнан қайси дақиқалар ҳақида сўз кетаётгани ҳам кўрсатилган. Аниқроғи, 20, 26 ва 55-дақиқаларда ишқибозлар учрашув ҳакамини, 40 ҳамда 56-дақиқаларда эса рақиб жамоани ҳақоратлашдан тийилмаган.
 
“Мазкур ҳолат мусобақаларни ўтказиш регламентининг 4-бўлим 5.55-бандига зид”, дейилади ЎзПФЛ хабарида.
 
Унга кўра, стадионга ташриф буюрган мухлисларнинг ҳақоратли ва камситиш устига қурилган сўзларни айтишига чеклов қўйилган бўлиб, жазо сифатида келаси турнинг мухлисларсиз стадионда ўтиши мумкинлиги, жамоадан 3 очко олиб ташланиши мумкинлиги, клубнинг мусобақадан чиқариб юборилиши ёки 500 миллион сўмгача жаримага тортилиши эҳтимоли борлиги кўрсатиб ўтилган.
 
Тартиб-интизом қўмитаси Бухородаги ўйин тафсилотларини ўрганиб чиқди ва клубни 300 миллион сўм жаримага тортди.
 
Шунингдек, “Бухоро” — “Пахтакор” ўйинининг 36-дақиқасида мезбонлар вакили Шавкат Саломов бош ҳакам Темур Тўхтасиновнинг қарорига қаршилик кўрсатишга уринди. Футболчи оғзаки қаршилик билан чекланмай, ҳакамнинг қўлини ҳам ушлаб олган.
 
Шавкат Саломов регламентнинг 5.6 бандига асосан айбдор деб топилди ва 10 миллион сўм жаримага тортилди. Мазкур ҳолатни ўз вақтида жазоламаган ҳакам Темур Тўхтасинов эса Суперлиганинг 6 ва 7-тур ўйинларига, шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг 1/16 финал ўйинларига қўйилмайди. Бу вақт давомида у фақатгина Про-Лига беллашувларини бошқариши мумкин холос.
 
Шавкат Саломов мисолида Тартиб-интизом қўмитаси Суперлига ва Про-Лига футболчиларига эслатиб ўтади. Футбол ҳакамлари билан мулоқотга фақатгина жамоа сардорлари кириши мумкин. Аммо уларга кескин қаршилик кўрсатиш, уларга ҳалал бериш мумкин эмас.
 
“Бухоро” футбол клубининг сардори Шавкат Саломов келаси сафар у ҳакамларига тегингудек бўлса, жазо чоралари бундан жиддийроқ бўлади.
 
Агар “Бухоро” футбол клуби раҳбарияти ўз фан-клуби ва мухлислари билан ишламаса, улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормаса ва оқибатда шунга ўхшаш ҳунук ҳолатлар такрорлангудек бўлса, жазо чоралари янада жиддийроқ бўлади. Бу борада “Бухоро” клуби алоҳида, шунингдек, Суперлига ҳамда Про-Лиганинг қолган клублари яна бир марта ёзма равишда огоҳлантирилади.
 
Эслатиб ўтамиз, “Бухоро” – “Пахтакор” ўйини 1:0 ҳисобида мезбонларнинг фойдасига ҳал бўлганди.
 
Бундан ташқари, ЎФА “АГМК” – “Локомотив” ўйинида меҳмонлар футболчиси Икром Алибоевни 10 миллион ва икки жамоани 25 миллиондан жаримага тортгани ҳақида ҳам хабар бергандик.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Бухоро Пахтакор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!