...
МЕНЮ
ONLINE TV

Барчаси финал ҳақида: фактлар, рақамлар, кўрсаткичлар ва рекордлар


10:23, 29.05.2018 Спорт
 3 851

Финал атрофидаги ва учрашувда қайд этилган диққатга сазовор факт ва турли кўрсаткичлар ҳақида.

Европа чемпионлар лигасининг 2017/18 йилги мавсуми ҳам якунига етди. Мухлисларни лол қолдирган ҳолда қаторасига учинчи маротаба Мадриднинг “Реал” клуби яна нуфузли турнирнинг шоҳсупасига кўтарилди.
 
Қуйида “InterFutbol” нашри финал баҳси атрофидаги ва учрашувда қайд этилган диққатга сазовор факт ва турли кўрсатгичларни келтирди.
 
“Реал” Европа ЧЛнинг янги тарихида “шалпангқулоқ” кубокни кетма-кет 3-марта қўлга киритган биринчи жамоа бўлди. Бошқа ҳеч қайси жамоага турнирда қаторасига 2 марта зафар қучиш ҳам насиб этмаган. Тўғри, Чемпионлар кубоги даврида “Аякс” ва “Бавария” кетма-кет 3 мартадан зафар қучган. Лекин “Реал”нинг эски турнирдаги серияси 5 та ғалабага тенг (1956-1960 йиллар мавсум).
 
“Реал” турнирнинг бутун тарихида 13-марта ғалаба қозонди. Мадридликларнинг шунча ғалабадан 4 тасини охирги 5 йилда тантана қилишгани диққатга сазовор. “Реал” охирги 3 та ғалабасини Зайниддин Зидан қўл остида расмийлаштирди. Бунгача ҳеч қайси мураббий Европанинг энг нуфузли мусобақасида кетма-кет 3 марта ғалаба нашидасини сурган эмасди.
 
Зайниддин Зидан турнирдаги ғалабалари сони (мураббий сифатида) бўйича Карло Анчелотти (“Милан” билан 2 марта ва “Реал” билан  1 марта) ҳамда Боб Пэйсли (“Ливерпуль” билан 3 марта)га тенглашиб олди.
 
“Ливерпуль” устози Юрген Клопп мураббийлик фаолияти давомида 7-марта финалда қатнашиб, 6-марта мағлубиятни тан олди. У Дортмунднинг “Боруссия”сида ишлаган вақти Германия кубоги финалида 2 марта ва ЧЛда 1 бора мағлубият аламини тотиб кўрганди (барчаси “Бавария” томонидан). “Ливерпуль” билан эса бунга қадар Европа Лигаси ва Англия Лига кубоги финалларини бой берганди. Қисқаси, Клопп финалдаги ягона ғалабани 2012 йили “Боруссия” билан Германия кубогида нишонлаган.
 
“Реал” юлдузи Криштиану Роналду ЧЛнинг энг совриндор футболчисига айланди. Португалиялик футболчи турнирда 5-марта шоҳсупага кўтарилди. У биринчи ғалабасини “МЮ”да нишонлаганди. Тўғри, Чемпионлар кубогини олсак, 5 марта бош соврин ютган яна бир футболчи бор - “Реал” афсонаси Альфредо ди Стефано.
 
“Ливерпуль” ҳужумчиси Садио Мане финалда ҳам гол уриб, “Ливерпуль” триоси натижасини яхшилади. Хуллас, Мане - Фирмино - Салоҳ учлигининг мавсумдаги голлар сони 30 тага етди. Бу турнир рекорди саналади. Умуман, бу футболчилар ЧЛнинг битта мавсумида 10тадан гол уришди. Турнир тарихида бирор ҳужум триосида бундай тенглик кузатилмаганди.
 
Гарет Бэйл ЧЛ финаллари тарихида захирадан майдонга тушиб, “дубль” муаллифига айланган биринчи футболчи бўлди.
 
Криштиану Роналду ЕЧЛ-2017/2018нинг энг яхши тўпурарига айланди. Португалиялик футболчи мавсум давомида 15 та гол урди. Эътиборлиси, Роналду кетма-кет 6 мавсумдан буён ЧЛ бош голеадори мақомини бегона қилмаяпти. Умуман, Рони фаолияти давомида турнир тўпурарлари пойгасида 7-марта ғолиб чиқди. Тарихда ҳеч қайси футболчи бундай натижани қайд этмаганди.
 
“Реал” ҳужумчиси Карим Бенземанинг турнирдаги голлари сони 56 тага етди ва у умумий рўйхатда ПСВ, “МЮ” ҳамда “Реал”нинг собиқ вакили Рууд ван Нистелройга етиб олди.
Бенземадан олдинда 3 нафар футболчи бор: Криштиану Роналду (120 та гол), Лионель Месси (100 та гол) ва Рауль Гонсалес Бланко (71 та гол).
 
Якунланган мавсум “Реал”дан ташқари, “Атлетико” ҳам еврокубок (ЕЛ) ғолиби бўлди. Шу тариқа Испания жамоаларининг сўнгги 5 йилдаги халқаро ғалабалари сони 9 тага етди. Примеро иштирокчилари бу оралиқда ЧЛда 5 марта (“Реал” - 4, “Барселона” - 1) ва ЕЛда 4 марта (“Севилья” - 3, “Атлетико” - 1) зафар қучишди. Қисқаси, сўнгги 5 йилни олсак, бошқа лига вакили атиги 1 марта шоҳсупадан жой олди (“МЮ” аввалги мавсум ЕЛ ғолибига айланганди).
 
Диққатга савозор томони, шунча вақтда Европа суперкубоги ҳам испан клубларидан ортмади. Оддий ифода этганда, евротурнирларда Испания ва Англиядан бошқа мамлакат клублари ғалаба нималигини билмади.
 
“Реал” еврокубокларда 307-ғалабасига эришди ва бу борада мутлақ рекордчига айланди. Бунгача юқори кўрсаткич “Барселона”га ҳам тегишли эди – 306 та ғалаба. “Реал” ва “Атлетико” клублари Европа суперкубоги-2018да ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу соврин тарихида “Мадрид дербиси” биринчи марта кузатилади. Эслатма, суперкубок тақдирига 15 август куни Таллинда ойдинлик киритилади.
 
“Реал” ўзи иштирок этган еврокубоклар финалида кетма-кет 9-марта ғолиб чиқди. “Қироллик клуби” евротурнирнинг ҳал қилувчи ўйинида охирги марта 1982/1983 йиллар мавсумида мағлуб бўлганди. Ўшанда мадридликлар Шотландиянинг “Абердин” жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришган. “Реал” шундан буён ЧК/ЧЛда 7 марта, УЕФА кубогида 2 марта зафар қучди.
 
УЕФА техник кузатув гуруҳи “дубль” муаллифи Гарет Бэйлни финал ўйинининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этди. Факт шуки, ЧЛнинг сўнгги 3та финалида фақат “Реал” вакили энг яхши футболчи мақомини олмоқда. 2016 йили Серхио Рамос, ўтган мавсум эса Криштиану Роналду эътироф этилганди.
 
Англия клублари қаторасига 7-марта финалда Испания жамоаларига имкониятни бой берди: 2006 йил - “Севилья” - “Мидлсбро” - 4:0 (УЕФА кубоги); 2006 йил - “Барселона” - “Арсенал” - 2:1 (ЧЛ); 2009 йил - “Барселона” - “МЮ” - 2:0 (ЧЛ); 2010 йил - “Атлетико” - “Фулхэм” - 2:1 (ЕЛ); 2011 йил - “Барселона” - “МЮ” - 3:1 (ЧЛ); 2016 йил - “Се-вилья” - “Ливерпуль” - 3:1 (ЕЛ); 2018 йил - “Реал” - “Ливерпуль” - 3:1 (ЧЛ).

Теглар:ЕЧЛ факт Реал Ливерпуль 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!