...
МЕНЮ
ONLINE TV

Антарктидада эриётган катта муз бўлаги дунё олимларини хавотирга солмоқда


19:25, 19.05.2016 Олам
 7 620

Ушбу йирик муз бўлаги батамом эригач, океанлардаги сув сатҳи 2 метргача кўтарилиши мумкин.

Антарктиданинг шимолий қисмида катта тезликда эриб бораётган йирик муз бўлаги фожиаларни келтириб чиқариши мумкин. Агар бу тахмин рост бўлиб чиқса, дунё океанларидаги сув сатҳи 2 метрга кўтарилиб кетади. Бу маълумот Лондоннинг Империал коллежи олимларининг тадқиқотлари натижаларида эълон қилинган.
 
Олимларнинг хавотирида жон бор. Бу фалокат аввало Гренландия ва Антарктиданинг ғарбий қисмларидан бошланади. Ушбу янги тадқиқот натижаларига кўра, музликнинг эриши орололди мамлакатлари ва ҳудудларида истиқомат қилувчи дунёнинг миллионлаб аҳолиси ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
 


“Фикримча,  XXI асрнинг сўнгига келиб, денгиз, океан мавжуд бўлган давлатлар, орололди ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли сувдан ҳимояланиш учун икки қаватли уйлар қура бошлайди”, дейди тадқиқотнинг бош муаллифи, Лондоннинг Империал коллежи вакили Мартин Зигерт.
 
Олимларнинг фикрларига кўра, Тоттен деб ном олган муз бўлагининг катталиги Франция ҳудуди билан тенг. Бир йил аввал мутахассислар Тоттеннинг сув остидаги қуйи қисми иссиқ ва тузли сув билан ювилиб, эриб бораётганини аниқлашганди. Бу эса музликда катта тешикларнинг ҳосил бўлиши ва юқоридаги музнинг пастга тушиши ҳамда унинг тезлик билан эришда давом этишига олиб келмоқда.
 


Бу тадқиқотни ўтказишда сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар ҳам ас қотди. Музликнинг контур харитасини тузиш учун бу энг мақбул усулдир. Айтиш керакки, сунъий йўлдош орқали олинган маълумотларга кўра, Тоттеннинг бундан миллионлаб йиллар илгари глобал исиш даврида ҳам эригани маълум бўлди.
 
“Тоттен музлигини уйқудаги гигантга ўхшатиш мумкин. Унинг бундан бир неча миллион йил аввал ҳам эригани ва кўплаб табиий офатларни келтириб чиқаргани аниқ. Айни вақтда ҳам унинг эриётгани ижобий натижаларга олиб келмайди”, дейди Англиянинг Лидс кузатиш ва моделлаштириш Университети директори Энди Шеппард.


 
Умида Якубова

Теглар:Антарктида Муз бўлаги Глобал исиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!