...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алишер Файз юбилей концертида йиғлади, йиғлатди


15:10, 22.05.2017 Шоу-бизнес
 18 464

Алишернинг онаси ҳақидаги гаплари бўғзидан отилиб чиқди, худди кўз ёшлари каби. Қарсак тинмади, ёш боладек йиғлаб турган хонанда бирдан қарсакларга рақсга туша кетди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз кўнгилларга яқин, самимий ва халқона қўшиқлари билан аллақачон ўз ўрнини топган, ўзбек эстрадасида ўз йўналишига, мухлисига эга хонанда. У ҳар йилнинг май ойида “Истиқлол” санъат саройида концерт дастурини тақдим этиши анъанага айланган. Алишер Файзнинг бу йилги файзли концерти 17-21 май кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтди.
 

 
Эътиборли жиҳати шундаки, хонанда бу йил ўнинчи бор “Истиқлол” саҳнасида концерт дастурини тақдим этмоқда. У концерт аввалида шу кунларга етказганига шукрона айтиб, мухлисларига таъзим қилди. Ҳар бир йил, ҳар бир концертнинг ўзига яраша завқи, файзи бўлганини алоҳида таъкидлади.
 

 
Бугун қўшиқчи кўп, хонанда бисёр. Алишер Файз тенгқурлари орасида 10 йилдан буён кетма-кет узлуксиз концерт бераётган хонанда сифатида мағрурланса, бошқалар каби бироз бўлса-да “юлдузлик касали”га чалинса бўлар... Йўқ, асло! “Юлдузлик касали” унга ёт, бегона. У бутун концерт давомида буни бир неча бор исботлади.
 

 
“Керакмас” номли тилга тушган ва дилга яқин қўшиғи билан концертни бошлаган хонанда ҳар бир қўшиқдан сўнг мухлислари билан мулоқотга киришди. Алишер гапираётганда, кўзлари шу қадар чақнаб турардики, айтаётганлари, демоқчи бўлганларию ҳаяжонидан унутганларигача – ҳаммаси самимий эканини томошабин осон пайқади.
 

 
Бу йилги репертуарда миллий, ҳазиломуз қўшиқлар кўп бўлди. Қолаверса, хонанда устоз ижодкорлар қўшиқларига ҳам мурожаат қилишни унутмади. Хонанда Рустам қори Турсунов ижодига мансуб “Эслагин мени” қўшиғини куйлаб бўлгач, мухлислари, томошабинлар ва устоз санъаткорнинг оила аъзоларидан камчиликлари учун маъзур тутишларини сўради. Аслида қўшиқда камчиликлар сезилгани йўқ, шунда ҳам Алишер “қойиллатдим-ку” деб бошини ғоз тутгани йўқ. Аксинча, қўлини кўксига қўйганча устоз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
 

 
Одатда хонандаларга мухлислик қиланаётганда, бу ёшларники, буниси аёлларники, униси эркакларники деган гапларни кўп эшитамиз. Алишер Файзнинг концертига борганларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этса-да, у эркаклар дилидагини тилга чиқарган хонанда сифатида эътиборимизни тортди. Сўзимизни исбот этсак: Севги ва муҳаббат, ҳижрон санъат асарларида ўлмас мавзу бўлиб келган. Фақат ҳар қайси ижодкор уни ўзича, янада тўғрироқ қилиб айтсак, ўз салоҳияти, билими, дунёқарашидан келиб чиққанча таърифлайди, безак беради. Бироқ сўнгги вақтларда севги, айниқса, эркак кишининг муҳаббати, ҳижрон азобини қўшиқларда ифода этиш шу қадар саёз ва бачканалашиб кетдики, йигитларнинг қўшиқ куйлаб йиғлаши, ёрнинг пойига йиқилиши, ёлвориши, хуллас эркаклик ор-номусини унутишгача бориляпти. Ё рад этасизми? Бундай қўшиқлар қайси хонандалар ва гуруҳларда учрашини айтиш шарт эмасдир. Ортиқча мақтовдан ҳоли тарзда шуни таъкидлаш мумкинки, ўзбек эркакларининг ор-номуси, ғурури, кези келганда, соддалиги, чўрткесарлиги, самимий ва сўз билан айтиб бўлмайдиган туйғуларини пинҳон тутиши, уларни исроф этишдан қўрқиши Алишер Файзнинг аёлларга атаб эркаклар номидан айтилган қўшиқларида мужассамдек.
 

 
Қандай кетган бўлса, шундай қайтиб келди ёр,
Алишернинг қадрини уч кун ўтмай билди ёр.
Ерга қараб, узр сўраб, мағрур бошин эгувди,
Кечирвордим ёлғизлик жонимга ҳам тегувди.
 
Бу қўшиқнинг яратилганига 4-5 йил тўлди. Ўша пайтларда ҳам хонанда ўзбек йигитларига хос ғурурни ифода этган. Севгини, ёр васлига интиқликни сўзлар ортига яширган, бошини эгиб қўймаган. Буни янги яратилган “Онаси”, “Камми?”, “Ёр зулфи”, “Туғилган кунингда”, “Ёрим яхши-ю...”, “Бўйдоқ бола” қўшиқларида ҳам кўриш мумкин.
 

 
Хонанда концерти давомида самимий мулоқот қилди, самимий табассумини мухлисларидан аямади. Шу куни унинг кўзидан отилган ёшлар ҳам самимий бўлди. Унинг дардли, юрагидан отилиб чиқаётган нолаларига қўшилиб залдагилар ҳам кўз ёш қилди. Бу ўринда гап Алишер Файзнинг “Олиб кет, она” номли қўшиғи устида боряпти. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз қўшиқни куйлашидан аввал, сўз олди ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида ўқигани, Тошкентда бир ўзи қолишига тўғри келгани, ўша даврларда онасини, уйини жуда соғингани, кўплар қатори омад кулиб боқишини Яратгандан сўраганини эслаб, онасига аталган қўшиқни куйлади.
 

 
Алишер шу қўшиқни куйлаётиб, болага айланди. Соғинчли, мусофирчиликда ўтган машаққатли кунлари ёдига тушди, қўшиқнинг бошидан охиригача кўз ёш тўкди. “Бугунги кунларга етганимга онамнинг йиғлаб қилган дуолари сабаб, мен ҳеч ким эмасман, мен ҳеч нарса қилмадим, фақат онам дуо қилдилар”. Алишернинг бу гаплари бўғзидан отилиб чиқди, худди кўз ёшлари каби. Қарсак тинмади, ёш боладек йиғлаб турган хонанда бирдан қарсакларга рақсга туша кетди. Ҳар ҳолда бундай самимий ҳолатни бошқа концертларда учратмаганмиз.
 

 
Алишер Файз ота-оналар бир умр фарзанди учун меҳнат қилиб, уларни оёққа қўйганида, қўли энди ошга етай деганида, толиқиб қолишини айтиб, оналардан фарзандлари учун ўзларини асрашларини илтимос қилди ва “Асал онам” номли қўшиғига залдаги оналарни рақсга туширди.
 

 
Хонанда навбатдаги концерт дастурида ҳам устози Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни кўп тилга олди ва устозидан қолган анъана борлигини, ўзи ҳам қачонлардир илк бор Озодбек Назарбековнинг концертида қўшиқ куйлаб чиққанини айтиб, саҳнага шогирди Жасурбек Абдулхаировни таклиф этди.
 
Концерт ўрталарига етганда хонанда бугун техника асри одамларни бир-бирига яқин қилганини, техниканинг имкониятлари кўплигини айтаркан, ҳар йилги концертларига қадар мухлисларини соғиниб қолишини таъкидлади. Хонанда француз тилидаги қўшиғини бир қўлида микрафон, бир қўлида телефон билан куйлади. У мухлисларининг қўлларини баланд кўтаришларини сўраб, бутун залда ўтирганларни видеога олди, сўнг 4 мингдан ортиқ томошабин билан селфи-суратга тушди.
 



 
2016 йилнинг 2 сентябрь куни халқимиз оғир жудоликка юз тутди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Мустақил Ўзбекистон асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов оламдан кўз юмди. Шундан буён кўплаб концерт дастурларида Ислом Каримов хотирланди, қўшиқлар куйланиб, унинг ёшларга, халққа мурожаатини овозли ёзувда қўйиб эшиттириш анъанага айланди. Қайсидир қўшиқ мазмунан бой бўлди, ўзини оқлади. Қайсиниси эса кўпдан қолмаслик, халқнинг олқишини олиш учун яратилгани сезилиб қолди. Алишер Файз эса “Буюклар” номли қўшиғида нафақат Ислом Каримовни, балки Амир Темурдан тортиб, Навоийгача ёдга олди.  
 



 
Алишер Файзнинг юбилей концертини режиссёр Мирмақсуд Оҳунов саҳналаштирди. Рақслар эса “Паризода” рақс ансамбли ҳамда Ирода Исмоилова томонидан ижро этилди. Концертни радиобошловчи Музаффар Мирзабеков олиб борди. Блоклар ўртасидаги танаффусда эса қизиқчи Аваз Оҳун чиқиш қилди.
 












Хонанда бу йилги имтиҳондан ҳам муваффақиятли ўтди. Маъноли, мазмунга бой, ҳам ўйнатадиган, ҳам ўйлатадиган қўшиқлар концертга ташриф буюрганларга манзур бўлгани, шубҳасиз. 
Суратлар муаллифи Ислом Рўзиев, Омил Ҳакимов

Теглар:Алишер Файз концерт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Jahongir
18:03 27.05.2017

Xurmatli Erkin! Siz bildirgan fikr bir chaqalik. Sababini izohlayman: oldin gap tuzilishi va so`z imlosiga umuman rioya qilmagansiz, bu esa savod yo`qligidan darak beradi. Kimdir haqida yozmoqchi bo`lsangiz, oldin shunga munosib bo`ling. O`zingizni XXI asr tanqidchisi sifatida qarashingizga hozircha hayronman. San`at haqida gapirishga yo`l bo`lsin!


Эркин
23:49 22.05.2017

Укажоним Алишер! Кеча мен концертингизда булдим. Сизни ва ижодингизни аслида хурмат киламан. Лекин концертдан кунглим тулмади. Нега? Сабаби янги ижод намунасини курмадим. Хамма кушиклар, мусика, ракслар ва монологлар таниш аввалги репертуарингиздан. Янги ижодий иш булмагандан кейин шартмиди шу йил концерт бериб. Ахир устозингиз хам концерт бермасликка карор килдику. Янги кушиклар йук булса шунчалик шартмиди? Юлдузни концертида булдингизми? Ана хакикий саньат. Хаммаси янги, янги ендошув, янги кушиклар, янги чехралар ва энг мухими ажойиб энергетика. Мана хакикий саньат. Бошидан охиригача кутаринкилик. Сизда хамма нарса уша-уша. Репертуарингиз арзирмиди концерт беришга? Менимча йук. Концерт тугаганидан кейин табриклаймиз, табриклаймиз деган хайкирикларни эшитдим сахна ортидан. Нима билан? Ахир табриклашга арзирлик хеч нима йукку, мухими янгилик йукку. Узингизни алдаганингиз билан саньатингиз юкори погонага чикмайдику. Ундан кейин фонограмма. Уят... сийкаси чикиб кетган монологлар, йиги сиги, куз еши. Актерлик махоратингизга койил албатта, аммо шу оркали мухлислар мехрини козониш менга эриш куринди. Булибам эркак кишига. Хулоса уч соат кетган вактимга ачиндим. Уйлайманки бу фикрларим Сизга етиб боради. Калампирдан жуда илтимос килардим уни етказишларини. Жавобини хам кутиб коламан мухлис сифатида.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!