...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Зайтун новдаси” операцияси бошланганига бир ой тўлди. Туркия кимга қарши чиқмоқда?


16:08, 21.02.2018 Олам
 3 554

Туркия Суриянинг Африн вилояти Кирикхон, Ҳасса, Хатой ва Райҳонли вилоятлари орқали чегарадош.

2011 йилдан буён Сурияда давом этиб келаётган фуқаролик уруши нафақат Сурияга, балки қўшни мамлакатларга ҳам хавф туғдираётгани сир эмас. 7 йил давомида мамлакат иқтисодиёти танг аҳвол тушди. Тарихий обидалар тиклаб бўлмас ҳолга келтирилди, Суриянинг асосий қисми уруш ўчоқларига айланди. Бунинг ортидан эса тинч аҳоли ўз уйларини ташлаб, жон сақлаш мақсадида ўзга юртлар эшигини қоқишга мажбур қолди.
 
Албатта, қочқинларни қабул қилиб олган, уларга ёрдам қўлини чўзганлар кўп бўлди. Бироқ ҳар нарсанинг чеки, чегараси бор дегандек, бугун қочқинларга эшик очмаётганлар талайгина. Дунё миқёсида қочқинлар энг кўп қўним топган мамлакат Туркия бўлди. Расмий маълумотларга қараганда, бугунги кунда Туркияда 3 миллион 485 минг 644 нафар қочқин истиқомат қилмоқда. Норасмий маълумотлар эса қочқинлар сони 6 миллиондан ортганини тасдиқлайди.
 
Туркия Суриянинг Африн вилояти Кирикхон, Ҳасса, Хатой ва Райҳонли вилоятлари орқали чегарадош. Суриянинг Африн вилоятида қўним топган террористик гуруҳлар нафақат сурияликларга, балки Туркияга катта хавф туғдираётгани шундан.
 
Кеча, 21 февраль куни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фақулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен бундан бир ой аввал Туркия томонидан Суриянинг Африн вилоятида бошланган “Зайтун новдаси” ҳарбий амалиёти юзасидан брифинг ўтказди.
 
“Туркиядаги PKK террористик ташкилоти 35 йилдан буён турк, курд ва бошқа миллат вакилларини қатл этиб келган. Шу боис Туркияда ушбу террорчилик ташкилотига нисбатан қарши кураш ашаддий руҳда давом этмоқда. Мазкур ташкилот нафақат Туркия ичидаги, балки мамлакат ташқарисидаги фуқароларимизга ҳам зарар келтирган”, деб гап бошлайди элчи.
 
Брифингда таъкидланишича, 2012 йилда Суриянинг шимоли-ғарбидаги баъзи ҳудудлар PKK’нинг хориждаги ҳамкорлари, хусусан PYD ва YPG ташкилотлари назорати остига ўтган. Элчининг қайд этишича, Туркиянинг “Зайтун новдаси” ҳарбий амалиёти Сурия режимидан холи бўлган Африн ҳудида олиб борилмоқда. Боиси ушбу ҳудуд юқорида таъкидланганидек, PYD ва YPG террористик ташкилотлари назоратида турибди.
 
Африн PYD ва YPG базасига айланиб улгурган ва бу ердан туриб 2017 йилдан то бугунга қадар Туркияга 700 га яқин ҳужум уюштирилган.
 
“Туркиянинг террорга қарши ҳаракатларни олиб бориш қарори қатъийдир ва халқаро миқёсида бу борада кўрсатилаётган таклифларни Туркия энг бошидан буён қўллаб-қувватлаб келмоқда.
 
Туркияда ва унинг чегаралрида бирор террорчилик ташкилотининг фаолият олиб боришига жим қараб туролмаймиз. Чегара ҳудудларидаги террорчилар ҳам сарҳадларимиз хавфсизлигига, ҳам Туркиянинг миллий хавфсизлиги даҳл қилмоқда. Ушбу террорчи ташкилотлар нафақат Сурия халқига, мамлакатимизнинг тўрт вилоятидаги тинч аҳолининг мол-мулкига, жонига тажовуз қилмоқда. 2018 йилнинг 20 январидан буён Туркия тарафига Африндаги террорчилар томонидан 52 марта ракета ҳужумлари уюштирилган”, дейди элчи.


 
Сурияда Туркия элчиси тилга олган террорчилик ташкилотларидан ташқари, ИШИД унсурлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Туркия ҳукумати эса ИШИДга қарши курашни  нафақат Африн ҳудудида, балки бошқа ҳудудларда ҳам олиб боришни режлаштирмоқда. Бу ҳақда сўз бораркан, элчи бирдан-бир сабаб сифатида ИШИД аъзоларининг Туркия орқали бошқа давлатларга ўтишлари мумкинлигини кўрсатади.
 
Бугун ОАВда Туркиянинг Сурияда олиб бораёган ҳарбий амалиётларига нисбатан Туркия бошқа мамлакат суверенитетига даҳл келтирмоқда, тинч аҳолини ўлдирмоқда қабилидаги хабарлар урчиган. Ҳар бир ОАВ бу ҳақдаги хабарларни ўз манфаатларидан келиб чиқиб баён этмоқда. Бу масалага эътибор қаратиларкан, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керак: Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Эрон Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний Остонада ўтказилган конференцияда Суриянинг Афринида бошланажак ҳарбий амалиётларни муҳокама этиб, меморандум имзолаган эдилар. Кейинроқ, ушбу масала бошқа расмийлар томонидан муҳокама этилганди.
 
Аҳмад Башар Шен Африндаги ҳаракатлар ўзбошимчалик намунаси эмаслигини айтаркан, бунга қатор халқаро ҳужжатларни асос қилиб келтирди:
 
“Амалиёт юртимизнинг халқаро ҳуқуқлардан келиб чиқувчи ҳақлари, БМТ Хавфсизлик кенгашининг террорга қарши кураш борасида махсус 1624 (2005), 2170 (2014) ва 2178 (2014) сонли қарорлари ва БМТ шартномасининг 51-моддасида ўрин олган “Қонуний мудофаа ҳуқуқи” доирасида Суриянинг ҳудудий яхлитлигига ҳурмат билан юритилмоқда.
 
Амалиётни режалаш ва юритишда фақатгина террорчилар ва уларга тегишли бошпана, жамлоқ, қурол, ускунлар мўлжалга олиниб, тинч, бегуноҳ аҳоли ҳамда атроф-муҳитга зарур келтирмаслик учун барча эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда”.

Маълумотларга қараганда, 20 январь куни бошланган “Зайтун новдаси” ҳарбий амалиётларида 1715 нафар террорчи таъсирсизлантирилган. 12 нафар Туркия ҳарбийси ҳалок бўлган.
 
Туркия ҳукумати учун қочоқларни уй, кийим-бош, озиқ-овқат ва иш билан, ҳар бир кишини нафақа билан таъминлаш осон бўлмаётгани аниқ. Шу боис ҳарбий амалиётлар муваффақиятли якун топса, Сурияда хавфсиз ҳудудлар юзага келади ва қочқинларнинг бир қисми ўз уйига қайтади. Бу масалага бироздан сўнг тўхталамиз. 

Теглар:Туркия Африн Зайтун новдаси Аҳмад Башар Шен 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!