...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Миллий” стадионида илк бор Халқаро Олимпия куни нишонланади. МОҚ байрамга қандай тайёргарлик кўрмоқда?


19:04, 20.06.2018 Спорт
 2 891

Сиз 23 июнь куни кўплаб кутилмаган совғаларни қўлга киритишингиз мумкин бўлади.

Ҳар йили 23 июнь куни дунё бўйлаб Халқаро Олимпия куни (International Olympic Day) нишонланади. Мамнуният билан сизга шу хабарни маълум қиламизки, ўша куни Ўзбекистонда ҳам ушбу санани муносиб нишонлаш режалаштирилган ва бунинг учун айни пайтда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати хабар берган.
 
Миллий олимпия қўмитаси ушбу тадбирни қай тарзда ташкил этиши ҳақида маълумот бериб ўтсак. Режага кўра, куннинг биринчи ярмида анъанавий марафон ва енгил атлетика бўйича мусобақа уюштирилади. Кечки пайт “Миллий” стадионида бўлиб ўтадиган байрамда спортчилар ва санъаткорлар иштирокида турли кўргазмали чиқишлар ташкил этилади.
 
Сиз ўша куни кўплаб кутилмаган совғаларни қўлга киритишингиз мумкин. Спорт байрамига 30 000дан ортиқ меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Стадионда гимнастика, теннис, велоспорт, бокс, қиличбозлик, яккакурашлар ҳамда енгил атлетика усталари ўз маҳоратларини йиғилганларга намойиш этадилар. Тадбирнинг асосий қисмида шоу-бизнес юлдузлари ва ZO’R TV телеканали бошловчилари ўртасидаги футбол ўйини ташкил қилинади.
 
23 июнь куни Ўзбекистоннинг энг кўркам ва муҳташам спорт аренасига энг кичик ёшдаги спорт ихлосмандларидан тортиб, фахрийлар ҳам ташриф буюришлари мумкин.
 
“Тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад эса ахоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спортга қизиқтиришдир. Шундай экан, Сиз азизлар учун ташкил қилинадиган ушбу спорт байрамидан бебаҳра қолиб кетманг. Сизни 23 июнь куни “Миллий” стадионида кутиб қоламиз”, дея мурожаат йўллаган Миллий олимпия қўмитаси.
 
Маълумот учун, Халқаро олимпия куни айнан 23 июнь куни нишонланади? Бунинг тарихи бор: 1894 йилнинг июнида Парижда 12 мамлакат вакиллари иштирокида жисмоний тарбия йўналишида юзага келган муаммолар бўйича халқаро Конгресс ўтказилади. 23 июнь куни эса Олимпия ҳаракати ташаббускори барон Пьер де Кубертен маъруза қилади. Унда Кубертен делегатларни Олимпия ўйинларини замонавий тарзда ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган режа билан таништиради. Шунингдек, Олимпия ўйинларини қайта тиклаб, уни ҳар тўрт йилда ўтказиш ва мусобақаларга барча халқларни таклиф қилиш ғоясини илгари суради. Конгресс унинг таклифини қабул қилади ва 1894 йил 23 июнь куни Халқаро Олимпия қўмитасига расман асос солинади. Шу муносабат билан Халқаро олимпия куни 23 июнь санасига белгиланган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Халқаро Олимпия куни Миллий олимпия қўмитаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!