Эътиборингизга сиёсатда катта муваффақиятларга эришган аёл сиёсатчилар ҳақида маълумотларни ҳавола этамиз
Даля Грибаускайте
Лавозими: Литва президенти
Даля Грибаускайте 1956 йил 1 мартда туғилган. У 2009 йилдан бери Литва президенти ҳисобланади. 2014 йил иккинчи муддатга қайтадан сайланди. Президент бўлгунча, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Европа Иттифоқининг молиявий дастурлар бўйича комиссари, бюджет ва молия вазири лавозимларида ишлаган. Даля иқтисод фанлар доктори. У тез-тез “Пўлат магнолиа” ёки “Темир хоним” деб атайдилар. У каратэда қора белбоғ соҳибасидир. Поляк, рус, инглиз, француз тилларини билади.
Д. Грибаускайте турмушга чиқмаган, фарзандлари йўқ.
Пак Кын Хе
Лавозими: Жанубий Корея президенти
Пак Кын Хе 1952 йил 2 февралда туғилган. У Жанубий Кореянинг биринчи аёл президенти ҳисобланади. Бундан ташқари, Пак хоним Корея тарихидаги биринчи аёл раҳбар ва Шарқий Осиё давлатларидаги биринчи аёл президентдир. У 2013 йил 25 февралдан президентлик лавозимида ишлаб келмоқда.
Турмушга чиқмаган, фарзандлари йўқ.
Шейх Хасина Вазед
Лавозими: Бангладеш Бош вазири
Шейх Хасина Вазед 1947 йил 28 сентябрда туғилган. 2009 йилдан бери Бангладеш Бош вазири лавозимида фаолият юритиб келмоқда. У 1996-2001 йилларда ҳам мамлакат Бош вазири лавозимида ишлаган. Хасина Вазед Бангладеш давлат арбоби ва биринчи президенти Муджибура Рахманнинг тўнғич фарзанди ҳисобланади.
Вазеднинг турмуш ўртоғи 2009 йилда вафот этган. Унинг бир қизи ва бир ўғли бор.
Элен Жонсон-Серлиф
Лавозими: Либерия президенти
Элен Жонсон-Серлиф 1938 йил 29 октябрда туғилган. У 2006 йилдан бери Либериянинг президенти лавозимида ишлаб келмоқда. 2011 йилда иккинчи муддатга сайланди. Элен Жонсон-Серлиф Африкадаги биринчи аёл президент ҳисибланади. Элен хоним 2011 йил тинчлик йўналиши бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.
Элен Жонсон-Серлиф тўрт ўғилнинг онаси ва олти неваранинг бувисидир.
Беата Мария Шидло
Лавозими: Польша Бош вазири
Беата Мария Шидло 1963 йил 15 апрелда туғилган. 2015 йил 16 ноябрдан бери Польша Бош вазири. У Полшанинг учинчи аёл Бош вазири ҳисобланади. Шидлогача Ханна Сухоцка и Эва Копач каби аёллар мамлакат Бош вазири лавозимида фаолият олиб борганлар.
Шидло ва унинг турмуш ўртоғи икки ўғилни вояга етказишган.
Колинда Грабар-Китарович
Лавозими: Хорватия президенти
Колинда Грабар-Китарович 1968 йил 29 апрелда туғилган. У 2015 йил 19 февралдан буён Хорватия президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Мамлакат тарихидаги биринчи аёл ва энг ёш президент. Оилали, икки фарзанднинг онаси.
Дилма Русеф
Лавозими: Бразилия президенти
Дилма Русеф 1947 йил 14 декабрда туғилган. 2010 йилдан бери Бразилия президенти. У мамлакат тарихидаги биринчи аёл президент ҳисобланади. Отаси асли болгариялик бўлган Русеф хоним, тинимсиз меҳнатлари эвазига шундай даражага етган.
Дилма 2009 йил лимфа тугунларида пайдо бўлган саратон касаллигининг эрта босқичида даволанишга муваффақ бўлган. Унинг бир қизи ва невараси бор.
Ангела Меркель
Лавозими: Германия канцлери
Ангела Меркель 1954 йил 17 июлда туғилган. У 2005 йилдан бери Германия канцлери. У Германия тарихида канцлер лавозимини эгаллаган биринчи аёл ҳисобланади. Шунингдек, Европа Иттифоқининг норасмий лидеридир. Еврозонанинг иқтисодий инқироздан чиқиб кетишида Ангела Меркелнинг роли катта бўлди. Меркель физика-кимё фанлари докторидир.
Канцлер она бўлиш бахтига муяссар бўлмаган, лекин унинг турмуш ўртоғи Иоахим Зауэрнинг олдинги никоҳидан икки фарзанди бор.
Кўриб ўтганингиздек, юқоридаги машҳур сиёсатчи аёллар эркаклардан кам бўлмаган ҳолда ўз давлатлари сиёсатини юритмоқдалар ҳамда ажойиб натижа ва ютуқларга эришмоқдалар. Бизнинг Ўзбекистонимизда ҳам ана шундай иқтидорли, катта муваффақиятга эриша оладиган бир-биридан гўзал, мафтункор ва доно хотин-қизлар кўплаб топилади. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз аёллар!