...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳаммасига ўзи айбдор ёхуд Сурия урушига 7 йил тўлди!


20:34, 16.03.2018 Олам
 6 408

Сурияликлар эркинлик ва ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларни кенгайтириш талаби билан кўчага чиққанларига етти йил бўлди.

Кеча 15 март куни, Сурия инқирози бошланганига 7 йил бўлди. 2011 йил баҳорида Сурияда бошланган  маҳаллий можаролар тез орада президент Башар Асад тузумига қарши фуқаролик урушига айланиб кетган эди.
 
Сурия инқилобининг сабаблари
 
2006-2007 йилларда Сурияда ҳукуматнинг бир неча йиллар давомида олиб борган қишлоқ ҳўжалигини рағбатлантириш сиёсатини қийинлаштирган,  сув ресурсларининг камайиши ва ерларнинг чўлланишига сабаб бўлган 3 йиллик мисли кўрилмаган қурқоғчилик бошланди. Қишлоқ хўжалиги инқирозга юз тутди.
 
Натижада Сурия ҳукумати четдан дон маҳсулотларини сотиб олишга мажбур бўлди. Бу ўз навбатида нархларнинг кескин кўтарилишига олиб келди. Бир йил давомида буғдой ва гуруч нархи икки барорбар ошди. Очарчилик Сурияда халқ норозилигига сабаб бўлди.


 
2000 йилда ҳокимиятга келган Асад фермерларга бериладиган субсидияни тўхтатиб қўйди. Қурғоқчилик бошланганига қарамай бу қарор бекор қилинмади.
 
Қишлоқ аҳолиси очарчиликдан қочиб шаҳарларга кела бошлади. Дамашқ, Ҳалаб, Дейр аз-Зор каби йирик шаҳарларга аҳоли кўчиб кела бошлади. Бу ҳам Сурия ички муаммолари кескинлашувининг сабаби бўлган десак хато бўлмайди.
 
Миср ва Тунисда ҳукумат қулашига сабаб бўлган “араб баҳори” Сурияга ҳам таъсир кўрсатди. Сурияда йиллар давомида йиғилиб келган муаммолар “араб баҳори”дан сўнг халқни инқилобий ҳаракатланишга ундади.
 
Хусусан, халқ Асаднинг авторитар бошқаруви, Араб социал уйғони партияси (БААС) нинг якка ҳокимлиги ва мамлакат аҳолисининг атиги 12 фоизини ташкил қилувчи алавий гуруҳларининг ҳукумат ва ҳарбий тузилмадаги устунлигидан норози эди.
 
Сурия инқирозининг ташқи омиллари
 
Сурия инқирозининг ташқи омиллари сифатида бир нечта давлатларнинг Сурия ерларидаги манфаатини кўрсатиш мумкин.
 
Суриядаги нотинчлик энг аввало Қатарга қўл келар эди. Негаки, Европага газ экспорт қилишни йўлга қўйиш учун Қатар Сурия ерларидан ўз газ қувурларини ўтказмоқчи бўлган.
 
Можаронинг бошқа бир иштирокчиси Эрон ўз газининг барқарор экспорт бўлишидан манфаатдор, шунинг учун Суриянинг бошқа давлатларга транзит вазифасини ўташи унинг манфаатларига зид.
 
Россия Европа бозорларидаги ўз улушини сақлаб қолишни хоҳлайди. Шу сабабдан у ҳам, Суриянинг транзит давлат бўлишига қарши ваниҳоят АҚШ Европага газ етказиб беришдан тўлиқ манфаатдор. Шунинг учун, у Қатарни қўллаб қувватлайди.
 
The Wall Street Journal” нашри журналисти Нур Малас ва Кэрол Ли текширувлари яна бир ташқи омилни юзага келтиради. Уларнинг маълумотларига кўра, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама бир неча йил давомида Сурия ҳукуматидан давлатда ҳарбий тўнтариш ўтказишга тайёр одамни қидириб маҳфий музокаралар олиб борган.
 
2012 йилда АҚШ маъмуриятининг Сурияда тузумни алмаштириш режаси барбод бўлганидан сўнг, улар қўзғолончиларга мурожаат қилган.
 
Можаро тарихи
 
Дастлабки оммавий норозиликлар 2011 йил март ойида бошланган бўлиб, улар аввал бошида одатий намойишлар каби кўринган.
 
2011 йил 15 март куни Сурияда университет талабалари университет деворига Башар Асад тузумини қораловчи шиор ёзиб чиқди. Ҳукумат эса бунга жавобан намойишчиларга ўқ узди.
 
Шуни эътибордан қочирмаслик керакки, тартибсизликлар бошланишидан олдинги бир ой давомида Фейсбук тармоғида Дамашқ ва Ҳалабда президент Башар Асадга қарши “Ғазабли кун” деб аталган оммавий намойишлар уюштиришга чорловчи “Сурия инқилоби-2011” гуруҳи ташкил этилган.
 
15 март куни ижтимоий тармоқдаги чақириққа жавобан бир неча юз одам кўчаларга чиқди.
 
Уч кундан кейин Суриядаги фуқаролар урушининг асосий “ўчоғи” бўлган Даръа шаҳридаги халқ ва полиция тўқнашуви содир бўлди. Ушбу воқеадан кейин Суриянинг барча шаҳарларида тўқнашувлар авж олди.
 
Урушнинг бориши
 
Сурия ҳукумати фуқароларга қарши қурол ишлатишни бошлаганидан кейин бу халқаро ҳамжамиятни бефарқ қолдирмади.
 
2012 йил Ғарб давлатлари Башар Асаднинг истеъфосини талаб қила бошладилар. БМТнинг Асадни истеъфога чиқариш ҳақидаги резолюциясига Россия ва Хитой “вето” қўйди.
 
Сурия Ғарб давлатларининг талабига жавоб тариқасида уларнинг дипломатларни мамлакатдан чиқариб юборди.
 
2012 йилда БМТ Сурияда музокаралар орқали тинчликни тиклашга уриниб кўрди. Аммо бу самара бермади.
 
2012 йил ноябрь ойида Қатарда Сурия инқилобчи ва оппозицион кучларининг миллий коалициясига асос солинди. Ғарб давлатлари бу ташкилотни Сурия халқининг қонуний вакили сифатида тан олди.
 
2012 йил июлда Сурия озодлик қўшинлари жангарилари Суриядаги катталиги бўйича иккинчи шаҳар Ҳалабнинг катта қисмини эгаллаб олдилар. Ҳукумат қўзғолончиларга қарши курашсада кучи етмас эди.
 
2013 йил 9 апрелда “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий Ироқ ва Шом (Шом- Суриянинг қадимий номи) ислом давлатига асос солиш учун Сурия ва Ироқда “муқаддас уруш” (жиҳод) га раҳбарлик қилишини эълон қилди.
 
2014 йил 22 январда ШвейцариянингМонтрё шаҳрида Россия ва Америка ташаббуси билан навбатдаги конференция ташкил қилинди. Илк бор Сурия ҳукумати ва оппозиция вакиллари бир стол атрофидан жой олди. Аммо бу ҳам айтарли самара бермади.
 
2015 йилда Сурия ҳукумати қўшинлари ҳимоявий позиция олишга мажбур бўлиб қолдилар. Ҳукуматга қарши оппозиция ва Ислом давлати, Жабҳат ан-Нусра каби террорчилик гуруҳлари шаҳарлар ва қишлоқлар назоратини бирин-кетин қўлга ола бошладилар.
 
2015 йил 20 майда Сурия аскарлари Дамашқдан 240 километр узоқликдаги Пальмира шаҳрини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.
 
2015 йил 7 сентябрда Ислом давлати ҳукумат назоратидаги сўнгги нефт кони “Жазал”ни эгаллаб олди.
 
2015 йил 30 сентябрда Россия ҳарбий ҳаво кучлари Сурия президенти Башар Асад илтимосига кўра, Хмеймим авиабазасидан Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта бошлади.
 
2015 йил 15 октябрда Сурия Қуролли кучлари ва иттифоқчилари  Эрон, Ливан Россия авиацияси ёрдамида Ҳалабни қайтариб олиш амалиётини бошлади. Сурия Қуролли кучлари 16-19 октябрь кунлари давомида Ҳалабнинг катта қисмини террорчилардан озод қилди. 3 ноябрда Дамашқ ва Ҳалабни боғловчи катта йўл назорати қайтариб олинди.
 
2016 йил 14 мартда Россиянинг асосий ҳарбий кучлари Суриядан чиқарила бошланди. Хмеймим авиабазаси ва Тартус ҳарбий-денгиз нуқтасидаги ҳарбийлар фаолияти аввалгидек давом эттирилиши таъкидланди.
 
2016 йил 22 сентябрь куни ҳукумат қўшинлари Ҳалабнинг террорчилар назоратидаги қисмига ҳужум бошлади. Декабрь ўрталарида Ҳалаб бутунлай Ҳукумат назоратига ўтди. Шаҳарнинг бутун инфратузилмаси вайрон бўлган эди.
 
2017 йил апрелда АҚШ президенти Дональд Трамп Сурия ҳукуматини Идлибда кимёвий қурол қўллашда айблаб, Шайрат авиабазасига ҳаво зарбалари беришга буйруқ берди. Ўрта ер денгизидаги америка ҳарбий базасидан Шайрат авиабазасига қарата 59 та “Томаговк” қанотли ракеталари учирилди.
 
2017 йил 5 сентябрда Сурия Қуролли кучлари Дайр аз-Зор шаҳрига ҳужум бошлади ва 3 ноябрда шаҳар террорчилардан қайтариб олинди.
 
2018 йил январда Сочида Россия, Эрон, Туркия, Сурия раҳбарлари Сурияда ўтиш даврида қилиниши керак бўлган ишларни муҳокама қилишди.
 
2018 йил 20 февраль куни Туркия Сурия шимоли-ғарбидаги Африн вилоятида “Зайтун новдаси” ҳарбий амалиётини бошлади. Ҳозирда бу амалиёт давом этмоқда. Турк расмийларининг таъкидлашича “Зайтун новдаси” амалиёти май ойида якунланади.
 
Шу билан бирга, Сурия Қуролли кучлари Дамашқ яқинидаги Шарқий Ғута районида террорчиларга қарши курашмоқда. Шарқий Ғутада Жабҳат ан-Нусра, Таҳрир аш-Шом, Аҳрор аш-Шом каби террорчи гуруҳлар назорати ўрнатилган.
 
Шарқий Ғута Суриядаги уруш ҳаракатлари олиб борилаётган террорчиларнинг сўнгги таянч нуқталаридан бири ҳисобланади.
 
Жорий йилнинг март ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясига кўра 30 кунлик тинчлик эълон қилинди.
 
Уруш меваси
 
Суриядаги уруш мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий соҳаларини ботқоққа ботириб қўйди.
 
Мамлакатда қонунсизликс авж олди, ўрта аср феодал қонунлари жорий қилиниб, қуллар бозорлари ташкил этилди. Террорчилар, хусусан, ИШИД террорчилари аёллардан ўз шахвоний очкўзликларини қондиришда бир восита сифатида фойдаландилар.
 
Мамлакатдаги ижтимоий тизим бутунлай барбод бўлди. Маҳаллай аҳоли ўз ерларини ташлаб чиқишга мажбур бўлиб қолди. Расмий маълумотларга кўра, Суриялик қочоқлар 5 миллиондан ортиқ, норасмий маълумотлар янада қўрқинчли. Уларнинг асосий қисми қўшни Туркиядан қўним топган.  Ҳозирда Сурия Халқаро ташкилотларнинг инсонпарварлик ёрдами эвазига таъминланмоқда. 2015 йил якунларидаги маълумотларга кўра, сурияликларнинг 49 фоизи камбағаллик чегарасида, 7 миллиони камбағалликда, 4,5 миллион аҳоли қашшоқликда кун кечирмоқда. Мамлакатнинг 50 фоиз аҳоли ишсиз.
 
Сурияда иқтисод урушлар натижасида тубсиз жарликка қулади. 2010 йилда мамлакат ЯИМ (Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра) 59 миллиарддан ортиқ бўлган. Йиллик иқтисодий ўсиш 2,3 фоизни ташкил қилган. Мамлакатда туризм соҳаси ривожланган бўлиб ЯИМнинг 12 фоизини берган.
 
Сурияда уруш даврида завод ва фабрикалар, нефт конларидаги техникалар бузиб ташланди. Мамлакатдаги асосий нефт конлари террорчилар назоратига ўтди. Нефтдан келадиган даромад 95 фоизга камайган. Урушсиз ҳам оғир аҳволдаги қишлоқ хўжалиги жудаям аянчли ҳолга тушди. Уруш Сурияни туризмдан келадиган 8 млрд АҚШ долларидан маҳрум қилди.
 
Мамлакат ЯИМ 2012 йилда 21,8 фоизга қисқарди, 2013 йилда 22,5 фоизга, 2014 йилда 8,6 фоизга қисқарди.
 
2011 йилдан 2013 йил ўрталаригача нархлар 212 фоиз кўтарилди. Уруш зарари 2013 йилда 103 миллиард доллардан ошган.
 
Уруш даврида қўзғолончилар ва террорчилар Суриядаги музейлар ва 20 дан ортиқ машҳур археологик объектларни вайрон қилди. Қадимий православларнинг пайғамбар Илёс монастири, қадимий музей шаҳар Пальмира, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг авлодлари бўлмиш Сайид Ховла мақбараси шулар жумласидан.
 
Сурия 2011-2018 йилларда уруш натижасида вайрон бўлди. Сиёсий ва стратегик изланишлар маркази асосчиси Усома Кади Суриядаги уруш зарарларининг 80%ини тиклаш учун 10 йил ҳам камлик қилишини айтади.
 
Ҳозирда Сурия ҳукумати мамлакатни террорчилардан тозалаш ва мамлакатда тинчлик ўрнатиш учун ҳаракатлар олиб бормоқда. 
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Сурия террорчилик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!