...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда


17:11, 03.04.2016 Олам
 11 563

Туркия ва Покистон портлаш содир бўлди, Францияда касаба уюшмалари аъзолари ва талабалар намойишга чиқишди, Тайванда эса 3 ёшли қизалоқнинг боши танасидан жудо этилди...

Вақт оқар дарё, дақиқалар, соатлар, кунлар ва ҳафталар кўз очиб юмгунча ўтиб кетмоқда. Тугаб бораётган ҳафта дунё бўйлаб турли воқеаларга бой бўлди. Воқеалардан бири бизни хурсанд қилса, иккинчиси йиғлатади, яна бири фикр қилсангиз, бошқаси эса шукур қилишга ундайди. Сайтимиз орқали “Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда” лойиҳасини сизнинг эътиборингизга бир ҳафталик янгиликлар орасидан эътиборга моликларни бериб боришга ҳаракат қиляпмиз. Лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазаларингизни изоҳингизда ёзиб қолдиринг.

1. Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги Гулшан-ва-Иқбол истироҳат боғидаги болалар майдончасида худкуш террорист ўзини портлатиб юборди. Tеракт оқибатида 72 киши ҳалок бўлди, 300 киши жароҳатланди. Қурбонлар орасида 23 нафар бола ҳам бор. Суратда ўғлини йўқотган онани тинчлантираётган аёллар. 2016 йил 27 март.



2. Грециянинг Македония билан чегарасида жойлашган Идомени қишлоғида 11.500 муҳожир чодирлардан лагер қуриб олганлар. Кейинги ойда Греция ҳукумати қишлоқни муҳожирлардан тозаламоқчи. Суратда давра қуриб олган муҳожирлар акробатик ҳаракатлар қилаётган болани томоша қилмоқдалар. 2016 йил 27 март.



3. Тайван пойтахти Тайпейдаги метро бекати яқинида кутилмаган ҳужум натижасида уч ёшли қизалоқнинг боши танасидан жудо этилди. Бу мудҳиш қотилликни амалга оширган жиноятчи руҳий жиҳатдан нормал ҳолатда бўлмаган. Қизчанинг онаси фарзандини қутқаришга кеч қолди. Суратда қизалоқнинг қотили полициячилар томонидан олиб кетилмоқда. 2016 йил 28 март.



4. Миср авиакомпанияси Egypt Air’нинг Искандариядан Қоҳирага учаётган А320 самолёти қароқчи Саиф Ал Дин Мустафо томонидан гаровга олинди. Мустафонинг талаби билан, самолёт Туркияга йўл олаётган пайтда, ёқилғи камлиги туфайли Кипрнинг Ларнака шаҳридаги аэропортга қўнишга мажбур бўлди. Суратда йўловчилардан бири самолёт ойнасидан тушишга уриняпти. 2016 йил 29 март.



5. Норвегиянинг Siem Pilot кемаси билан Италиянинг Поззолло портига келган мигрантлар рўйхатдан ўтиш учун навбатда турибдилар. 2016 йил 29 март.



6. Сурия пойтахти Дамашқдаги ўққа тутилган мактабда ўқувчилар дарс бошланишини кутиб турибдилар. 2016 йил 30 март.



7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 30 март куни Оқсаройда Германия Федератив Республикаси федерал ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк-Вальтер Штайнмайерни қабул қилди. 2016 йил 30 март.



8. Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида кўприк қулаши натижасида 10 киши ҳалок бўлди ва 150 киши жароҳатланди. Қисман битказилган бетон ва пўлат кўприк автомобиллар зиж қатнайдиган йўл устига тушди. Суратда ўт ўчирувчилар ва қутқарув хизмати вакиллари қулаган эстакада остидан одамларни чиқариб олмоқдалар. 2016 йил 31 март.



9. Туркиянинг жануби-шарқида жойлашган Диёрбакир шаҳридаги автобус бекати олдида портлаш содир этилди. Теракт оқибатида 7 киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. Суратда портлаш бўлган ҳудудда текширув олиб бораётган полициячилар. 2016 йил 31 март.



10. Франция пойтахти Парижда меҳнат қонунчилигида ислоҳотларга қарши касаба уюшмалари аъзолари ва талабалар намойиш ўтказдилар. Оммавий намойишлар полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлди. Суратда полиция ходимларига намойишчилар турли хил рангли нарсалар улоқтирмоқда. 2016 йил 31 март.

Руслан Сулаймонов

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар

Doston
23:31 07.04.2016

Loyixa ajoyib xursandmiz yanada boyitasilar degan umitdamiz Raxmat


БАРНО
19:56 07.04.2016

Калампирга гап йук юртимиз тинч булсин


Нигора
09:33 04.04.2016

Яхши лойиха бўлибди.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!