Балки бу ғалати эшитилар, аммо мутахассислар вақтни тўхтатиш мумкин, деган фикрни илгари суришмоқда. Фақат бу фильмлардаги каби оддий жараён эмас.
Демак, қайсидир предмет мазкур ёруғлик тезлигига яқин ҳаракатланишнинг уддасидан чиқса, у учун вақт секинлашади. Агар предмет ёруғлик тезлиги(бу оламдаги назарий жиҳатдан энг юқори тезлик)га эришса, у учун вақт шунчаки тўхтайди!
Ҳаёлан тасаввур қилиб кўрайлик. Айтайлик бизда ракета бор. Унга фазогирни ўтқазиб, ёруғлик тезлигига яқин ҳаракатланиш берамиз ва ортидан кузатамиз. Бу вазиятда космонавт учун ҳаммаси жуда оддий кечади. Бизда эса, гўёги секинлаштирилган фильм томоша қилгандек тасаввур пайдо бўлади. Ракета ичидаги барча жараёнлар, хусусан, учувчи ҳаёти ноодатий равишда секин рўй беради.
Аммо бу билан фазогирнинг ўзига ҳеч нарса сезилмайди. Зеро унинг ўзи мазкур “секинлаштирилган фильм”нинг бир қисмига айланади. Агар ракета тезлиги ёруғлик тезлиги билан тенглашса, биз – ердагиларга ракета учун вақт бутунлай тўхтагандек кўринади. Кўз олдимиздаги тасвир худди фильмни вақтинча тўхтатиш тугмаси(пауза) босилганидек тасаввур уйғотади.
Агар фазогир ана шу тезлик билан бирмунча вақт мобайнида саёҳат қилса ва ерга қайтса, ўзининг бошқаларга нисбатан камроқ кексайганига гувоҳ бўлади. Лекин! Бу билан фазогир ўз умри учун, ҳатто, 1 дақиқа ҳам қўшиб ола билмайди. Мисол учун, ер вақти ҳисоби билан 10 йиллик парвозни амалга оширди. У учун вақт жуда секин ўтади, айтайлик унинг қўлидаги соат бўйича 9 йил ўтди. У 9 йилга кексайди. Биз эса, 10 йилга. Нега у бизга нисбатан камроқ “яшади”, яъни 9 йил? Аслида эса, ундай эмас. Гап шундаки, у ўз умрининг 1 йилини ўзига хос тарзда “қурбон қилди”, сезмай қолди.
Афсуски, техник ва биологик чекловлар сабаб, бу синовни бажариш имконсиз. Лекин у майда жараёнлар орқали амалга ошувчи жараёндир. Ва нисбийлик назариясига кўра, синовлар орқали вақт секинлашуви қайд этилади.