“Чўл арслони” 1931 йил 11 сентябрь куни Италия армияси томонидан қўлга олинди ва 16 сентябрь куни суд қарори билан ўлимга маҳкум этилди.
Умар Мухтор 1860 йилда Ливиянинг тоғли ҳудуди ҳисобланмиш Жабал Аҳдарда дунёга келган. У диний ва дунёвий таълимини мадрасада олди. Ёшлигидан Шимолий Африкадаги “санусийлик ҳаракати”га аъзо бўлди.
Умар 1899 йилда Чадда бошланган франсуз мустамлакасига қарши қуролли ҳаракатларда қатнашди.
Италия 1911 йилда Ливиянинг Триполи ва Бенгази шаҳарларига ҳужум қилган эди. Бу пайт Ливия тупроқлари Усмонийлар империяси ҳудуди ҳисобланар эди.
Асли касби ўқитувчи бўлган Умар Мухторнинг жуда кучли ҳарбий тактик билимларга эга эканлиги Италия армиясини саросимага солиб қўйганди.
Тўқнашувлардаги муваффақияти сабаб “чўл арслони” лақабини олган Умар Мухтор 22 йиллик озодлик ҳаракати даврида жуда кўплаб Италиянинг Ливиядаги ноибларини мағлубиятга учратган эди.
Италияда сиёсий режим ўзгаргандан кейин ҳукумат тепасига келган фашист Бенито Муссолини 1930 йилда Ливияга Генерал Родолф Гразиянийни ноиб қилиб тайинлайди.
Родолф Гразияний 1931 йилдан бошлаб Ливиядаги озодлик ҳаракати аъзоларига қарши аёвсиз кураш бошлайди.
“Санусийлик ҳаракати” раҳбари Умар Мухтор маҳаллий аҳоли томонидан қилинган хоинлик сабаб 1931 йил 11 сентябрь куни Италия армияси томонидан Слунта вилоятида қўлга олинди.
Умар Мухтор 1931 йил 16 сентябрь куни суд қарори билан ўлимга маҳкум этилди.
Умар Мухтор вафотидан кейин Родолф Гразияний у ҳақида шундай дейди: “У ўрта бўйли, соч ва соқоли оппоқ, илм ва маърифатли, ҳаракатчан ва бўйсунмас бир шахс эди. У бутун бошли “санусийлик ҳаракати” раҳбари бўлса-да, жуда фақирона ҳаёт кечирарди”.
Умар Мухтор инсоният тарихида ватан равнақи, унинг озодлиги учун жон фидо қилган миллат қаҳрамони сифатида эсга олинади...