Россия ИИВ нинг ваколатхонаси очилиши тўғрисидаги ҳужжат шу йилнинг 21 декабридан бошлаб кучга кирган.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларининг жорий йил апрел ойида имзолаган келишувига биноан, Тошкентда Россия Ички ишлар вазирлигининг ваколатхонаси очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов маълумот берган.
Россия ИИВ нинг ваколатхонаси очилиши тўғрисидаги ҳужжат шу йилнинг 21 декабридан бошлаб кучга кирган. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон фуқароларининг Россияга боришидан олдинги тайёргарлиги ва уларнинг манзилли ишга жойлашишини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.
Эркин Муҳитдиновнинг фикрича, бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Шунингдек, Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг ваколатхонаси ҳам тез кунларда Россияда очилишига умид қиламиз, деб қўшимча қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Россияга келадиган умумий меҳнат мигрантларининг 10 фоизини ташкил қилади. Уларнинг ҳам фақат ярмигина меҳнат фаолияти юритиш учун патент расмийлаштиришади.