...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сув устида яшаймизми?


09:37, 17.03.2018 Бу қизиқ
 3 266

Халқаро иқлим ўзгаришлари ташкилотининг берган маълумотига кўра, сув сатҳи ҳар юз йилда бир метрга юқорилаётган экан.

Иқлим ўзгаришлари оқибатида шимолий ва жанубий қутб музликлари ҳам эришга юз тутаётгани дунё олимларини янги аср бошидан буён ўйлантириб келаётган глобал  масалага айланди.
 
Уларнинг ташвишга тушаётгани бежиз эмас. Негаки, ҳаво ҳароратининг исиши шу зайлда давом этса, янги аср ўрталарига бориб, океан сувларининг сатҳи айни пайтдаги ҳолатидан бир неча сантиметрга кўтарилиши мумкин.
 
Халқаро иқлим ўзгаришлари ташкилотининг берган маълумотига кўра, сув сатҳи ҳар юз йилда бир метрга юқорилаётган экан.


 
Демакки, ўз-ўзидан аён - бу ер сайёрасининг айрим ҳудудлари сув остида қолишини англатади. Қолаверса, дунё аҳолиси ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
 
Бу эса табиийки, турар жой эҳтиёжини орттириб, қишлоқ хўжалиги билан банд бўлган ерларнинг ҳам секин-аста қисқаришига олиб келиши мумкин.
 
Олимлар бу борада атроф-муҳитга зарар бермайдиган лойиҳалар устида изланишлар олиб боришиб,  сайёрамиз аҳолисининг хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлашга уринишмоқда. Шундай иншоотлардан бир нечаси океан ва денгизларда қурилиши режалаштирилмоқда.
 
Дарвоқе, шундай шаҳарларни барпо этиш мумкинми? Футуристларнинг фикрига кўра, янги мўъжизавий шаҳарлар кўз ўнгимизда қад ростлашига унчалик кўп вақт қолгани йўқ. Бугун сизлар билан яқин келажакка саёҳат қиламиз.
 
Артинасанаполис – сузувчи орол
 
Айни пайтда бундай “орол шаҳар”ни яратишга Франция ҳукумати жиддий киришган. Чунки океан сатҳи кўтарилиши оқибатида ушбу мамлакат ҳудудининг учдан икки қисми сув остида қолиш хавфи бор.
 
Шунинг учун ҳам мамлакат олимлари  сувда сузувчи шаҳар - Артисанаполис лойиҳасини 2016 йилдаёқ синаб кўришганди.
 
Сузувчи орол  шаҳар  синовдан муваффақиятли ўтгани унинг ҳақиқатга айланишини тобора ойдинлаштирмоқда.
 
Дарвоқе, Артисанаполис қуруқликдан тамоман айри қолсада, у  60 мингдан зиёд аҳолисини электр-энергия, сув ва бошқа керакли эҳтиёжлар билан бемалол таъминлай олади.
 
Чунки сузувчи орол шаҳри бинолари устига қуёш панеллари ўрнатилади. Ундан олинадиган иссиқлик манбаи орқали “орол шаҳар” да инсон учун барча шароитларни яратиш имконияти мавжуд.
 
“Имконсиз! Бўлиши мумкин эмас!” деганларга қарши Франция Полнезия ҳукумати сузувчи оролни  2019 йилда қуришни бошлайди.
 
Ушбу лойиҳанинг асосий иштирокчиларидан бири “Seasteading” Артисанаполисни тезроқ ҳақиқатга айлантириш учун аллақачон ишга киришган.
 
Улар 5 йилдан бери айнан сузувчи орол шаҳар лойиҳаси устида иш олиб боришмоқда.  Яъни улар бир неча эскизлардан сўнг айнан экранда кўриб турганингиз макетга тўхталишди.
 
“Seasteading” компанияси ходимлари сузувчи оролни бутунлай хавфдан ҳоли эканлигига ҳам алоҳида эътибор қаратишган.
 
Яъни океанда ҳаттоки, цунами ҳодисаси юз берганида ҳам  на шаҳар,  на аҳолиси бундан азият чекади. Чунки унинг атрофи океаннинг инжиқликларига қарши турувчи мосламалар билан жиҳозланган.
 
“Нилуфар япроғи”
 
“Океан шаҳар” лойиҳалари  устида анчадан бери бельгиялик мемор Винсент Келлабаут ҳам жиддий бош қотириб келмоқжа. У бу йўналишда хаёлот маҳсулини рўёбга чиқишига ишонади.
 
Чунки Келлабаут сузувчи шаҳар эскизини айнан сув ўсимлигидан олган.  Шунга биноан бельгиялик меъмор бунёд этилажак иншоотини Лилипад, яъни “Нилуфар япроғи”, деб номлади.
 
Лилипад иқлим ўзгаришлари туфайли яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлганларга доимий уй вазифасини ўтайди. 
 
Меъморнинг фикрича, “Нилуфар япроғи”ни эслатувчи бундай шаҳарларни ҳар ерда қуриш имконияти мавжуд.
 
Айни чоғда “Лилипад”ни Бангладеш, Мальдив ороллари, Лондон ва Нью-Йорк қирғоқларида қуриш режалаштирилмоқда.
 
Чунки сувнинг кўтарилиши бу шаҳарларга хавф солиш эҳтимоли катта. Шаҳар қуёш нурлари ва шамолдан электр энергия ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.
 
Табиийки, Лилипадда истиқомат қилувчилар Артисанаполисдаги шаҳардошлари каби ҳеч нарсага эҳтиёж сезишмайди.
 
Дарвоқе, меъмор “Нилуфар япроғи”ни энг тоза сузувчи шаҳар бўлишига ҳам аҳамият қаратган. Унга нанотехнологиялар асосида экилган дарахтлар карбонат ангидридни ютиб, ҳавони турли заҳарли газлардан тозалайди.
 
Бельгиялик меъмор шаҳар ичида кичкинагина кўлча учун ҳам алоҳида жой ажратган. Бу кўлча ёмғирни тўплаб, аҳолини ичимлик сувига бўлган талабини  қондиради.
 
Кўлчанинг “хизмати” шу билан чегараланиб қолмайди. Унинг атрофида  учта сунъий тоғ ҳам бунёд этилади. Шаҳар бутунлай осма боғлар билан қопланади.
 
Бу эса “Лилипад” аҳолисининг гўзал табиат манзараларига ошно қилиш билан бир қаторда, уларнинг соғлом ҳаёт кечиришини таъминлайди. 
 
Яна бир гап: Сузувчи орол шаҳар аҳолиси ультрабинафшанурлардан ҳам ҳимояланади. Томдаги махсус қурилма - Титан икки оксиди  ультрабинафшанурларни фотосинтез қилиш эвазига, атмосферани тозалайди.
 
Олимларнинг айтишича, “Нилуфар япроғи”да яшовчиларда   фақат таом танлаш имконияти чегараланган.
 
Улар денгиз маҳсулотлари, хусусан, балиқ, қисқичбақадан тайёрланган таомларни тановул қилиш билан кифояланишади.
 
Тайваннинг Тайпеи шаҳридаги Люкс Резиданс минораси ва Франциядаги Роят сузувчи ҳовуз лойиҳалари муаллифи сифатида мукофотланган Винсент Келлабаулт яқин  йиллар ичида бундай шаҳарларда яшовчилар сони ортишига ишонч билдирмоқда.
 
Чунки сузувчи ороллар нафақат мўъжизавий, балки табиийлиги билан ҳам одамлар эътиборини ўзига тортади, демоқда.
 
“Буюк тепаликлар”
 
Келажакнинг ажойиб иншоотларидан яна бири Жанубий Кореяда барпо этилиши лойиҳалаштирилмоқда. “Гван Гё куч маркази” ёки “Буюк тепаликлар” деб номланган бу биноларда 77 минг киши истиқомат қилиши тахмин қилинмоқда.
 
Тепаликларга экилган дарахтлар ва турли-туман ўсимликлар карбонат ангидрид миқдорини камайтириб, атмосферани тозалайди.
 
Жанубий Корея пойтахти Сеулдан 35 километр жанубий узоқликда бунёд этиладиган иншоот Гван Гё шаҳрини яқин келажакда ушбу мамлакатнинг янги бош кентига айланиши аниқ.
 
Кореянинг янги кентида лойиҳалаштирилаётган икки марказнинг бирида кўп қаватли бинолар зич жойлаштирилади. 
 
Лойиҳа иштирокчиларидан бири ДЭУ концерни Гван Гё шаҳар маъмурияти билан биргаликда шундай қарорга келишган.
 
Уларнинг ҳисобларига кўра, иншоотларнинг ўта зич жойлашиши аввало замон талабидир. Қолаверса, бунинг яна бир афзал томони шундаки, шаҳарни бошқариш қулайлашади.
 
Демак, Гван Гё куч марказининг  200 минг квадрат метр майдони турар-жой биноларига ажратилади.  48 минг квадрат метр ҳудуд эса офислар учун.
 
200 минг квадрат метр майдонда маданий, тижорий ҳамда таълим иншоотлари ўрин эгаллайди. Яна шунча майдон фақат қуёш батарейкаларидан куч оладиган автомобилларга парк вазифасини ўтайди.
 
Тўғри, бинолар ўта зич жойлашган. Кўринишидан яшаш ёки ҳаракатланиш учун ноқулайдай. Аслида эса ундай эмас. Яъни бино атрофи ҳалқалар билан ўраб чиқилган.
 
Бу эса қулай ҳаракатланишни таъминлайди. Негаки, ҳалқаларнинг ҳар биридаги эшиклар орқали айвонга чиқиш мумкин.
 
Айвонларнинг тепаси эса яшилликка бурканади. Лойиҳага кўра, ҳар бир қаватнинг айвони тепасига турли ўсимлик ва гуллар экилади. Демак, Гван Гё ҳам худди замондош шаҳарлар каби ўз-ўзини кислород билан тўйинтира олади.
 
Юқоридан қараганда, гўёки баҳордаги ям-яшил либос кийган адирликларни эслатади. Улар эса худди шаршарасимон шаклда энг юқори қаватдан суғорилади.
 
Бу эса табиийки, иссиқда ҳам ҳаво ҳароратини бир меъёрда ушлаб туришини кафолатлайди. Буюк тепаликлар лойиҳасини шаҳар маъмурияти 2016 йилдаёқ тасдиқлаган.
 
Лекин қурилиш ишларига ҳалигача киришилгани йўқ. Маълумотларга кўра, замонавий ва экологик тоза шаҳарни бунёд этиш учун жуда катта маблағ зарур экан.
 
Сан-Франциско – қўзиқорин шаҳар
 
Янги Сан-Францискони қандай тасаввур этасиз? Осмонўпар бинолар! Уларнинг баландлиги минг метрдан ҳам ошиб кетса керак, деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз.
Янги аср ўрталарига бориб, Сан-Франциско қирғоқларида гидрология шаҳри қад ростлаши мумкин.
 
Лойиҳачилар шаҳар бино макетини тузишда табиатга мурожаат этишган. Сувда ҳам қуруқликда ҳам бирдай ривожланадиган, аммо ёмғирни жуда севадиган қўзиқоринининг ўзига хослиги улар эътиборини тортган.
 
Натижада америкалик олимлар ХХI асрнинг 50 –йилларида иншоот этишни режалаштираётган “Гидрология шаҳри”ни айнан қўзиқоринлар шаклида қуришни режалаштиришмоқда.
 
Қўзиқоринли шаҳар океаннинг шўр сувини чучуклаштириб беради. Бу билан янги шаҳар айни пайтда муаммога айланган чучук сув етишмовчилигидан ўз-ўзини асрайди.
 
Шунингдек, Гидрология шаҳри ҳам Артисанаполис каби океан офатларидан бемалол ўзини ҳимоя қила олади.
 
Лойиҳачиларнинг айтишича, “Гидрология шаҳри”ни 2050 йиллар талабига тўлиқ жавоб берадиган марказга айланишига тўлиқ кафолат беришмоқда.
 
Сесу
 
“Кўҳна қитъа” давлатлари, америкаликлар ва қўшнилари - кореяликлар “орол шаҳарлар” барпо этишга киришган пайтда япониялик олимлар уларга маҳлиё бўлишни ўзларига эп кўришмайди, албатта.
 
Улар ҳам орол давлатда орол шаҳарчалар барпо этиш лойиҳаларини тезроқ рўёбга чиқаришмоқчи. Бунинг учун уларда  барча имкониятлар бор. Дарвоқе, сув офатларидан энг зарар кўрадиган мамлакат айнан Япония.
 
Шунингдек, бу ҳудудда сув ости зилзиллари ҳам кўп бор қайд этилади. Шу боис янги лойиҳани яратишда кунчиқар юрт олимлари бу муаммоларни кўздан қочиришмади. 
 
Сесу сув уйлари деб номланган янги шаҳар табиатнинг ҳар қандай инжиқликларига дош беради.
 
Энг муҳими, японияликларга хос – доимо табиат билан ҳамнафас бўлишлик Сесу сув уйларида ҳам ўз аксини топган. Ҳаттоки, уйларнинг ички қисми ҳам яшилликка бурканган. Улар ўзларининг энг севимли дарахти Сакурани ҳам сузувчи оролда етиштиришмоқчи.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Сузувчи ороллар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!