Оғир жанг ва шубҳали газ ҳужуми бир ҳафта давомида иккинчи марта Сурияда ёрдам кўрсатишни тўхтатишга сабаб бўлди.
Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, оғир жанглар шароитида жангарилар ҳудудига шубҳали кимёвий ҳужум амалга оширилган.
“Бугунги колонна бекор қилинди, жойлардаги вазият бизга ёрдам кўрсатишга имкон бераётгани йўқ”, дейди Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси матбуот-котиби Инжи Седки.
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, БМТ ва Сурия Араб Республикаси Қизил ярим ой жамиятининг ҳамкорликдаги инсонпарварлик ёрдами бугун Шарқий Ғутадаги асосий шаҳар Думага етказилиши кутилмоқда.
Юк машиналари Шарқий Ғута атрофига, ҳукумат назоратидаги назорат ўтқазув пункти Вафиденга жойлаштирилган.
Шаҳар атрофини етти йил урушдан кейин исёнчилардан қайтариб олишга қарор қилган ҳукумат, ўз аскарлари йўлини очиш учун ўта хавфли отишма ва ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда.
Шифокорлар тиббиёт муассасаларининг бирида хлордан заҳарланиш белгилари бўлган 29 беморни даволашган.
БМТ терговчилари айтишича Сурия ҳукумати 2014-2015 йиллар давомида хлордан 3 маротаба қурол сифатида фойдаланган ва бир марта 2016 йилда сариқ газдан фойдаланган.
Таъкидлаш жоизки, Шарқий Ғутага бориши керак бўлган ёрдам колоннаси ҳафта давомида ҳарбий ҳодисалар туфайли икки марта кечиктирилган.
Маълумот ўрнида, Шарқий Ғута 2013 йилда қамал қилинган бўлиб, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа кундалик буюмлар етишмовчилиги юқори. Бу районга ёрдам етказиш учун барча курашувчи томонлар розилиги керак бўлади.