Уч ҳафтадан бери Сурия ҳукумати қўшинлари мамлакатдаги Шарқий Ғута воҳвсида ўзига хос тозалаш ишларини олиб бормоқда.
Кеча, 10 март куни Суриядаги Инсон ҳуқуқлари вакили Башар Асад ҳукумати томонидан уюштирилган ҳужумлар натижасида 1031 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва шулардан 229 нафари болалар эканини маълум қилди.
Ҳозирда Шарқий Ғутада 4350 нафардан ортиқ ярадор ва ёрдамга муҳтож аҳоли қолмоқда. Шу сабабли воҳадаги Дома маҳаллий кенгаши ҳудудга халқаро ташкилотларнинг эътибор бериши ва ёрдамини чақирган.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, охирги уч кун давомида уюштирилган ҳужумлар натижасида ўлган одамларни кўмишга ҳам имкон бўлмаяпти.
Сурия Инсон ҳуқуқлари вакилига кўра, Шарқий Ғута воҳасидаги Дома ҳудуди ва ғарбий Ҳараста лагери орасидаги инсонпарварлик йўлаги Сурия ҳукумати кучлари томонидан тўсиб қўйилган. Таъкидланишича, агар ушбу коридор очилса, ичкаридаги ёрдамга муҳтожлар олиб чиқилади.
Сурия эса бу ердаги террорчилар хавфининг ошиб бораятганини ва барибир жараёнга ҳалақит қилишини таъкидлаган.
Аммо шунга қарамай, Шарқий Ғутада аҳолига озиқ-овқат этказиб бериш амалга оширилмоқда. Очликнинг олди олинишига ҳаракат қилинмоқда.
Маълумот ўрнида, ҳозирда Сурия ҳукумати Шарқий Ғутадаги ҳудуднинг тенг ярмини террорчилардан тозалаб бўлган.