...
МЕНЮ
ONLINE TV

Швецияда Нобель ҳафталиги бошланди


11:51, 04.10.2016 Олам
 2 312

Бу йил 376 номзод ғолиблик учун даъвогарлик қилмоқда. Улардан 148таси жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳисобланади.

Швецияда Нобель мукофоти эгаларини аниқлаш ҳафталигига расман старт берилди. 3 октябрдан 10 октябрга қадар дунё аҳли турли соҳаларда Нобель мукофотига эга бўлган совриндорлар номини билиб олишади. Мукофотни расман топшириш маросими 10 декабрь куни, яъни швециялик кашфиётчи, саноатчи, лингвист ва файласуф Альфред Нобель вафот этган санада Стокгольм ва Ослода бўлиб ўтади. 2016 йилда Нобель мукофоти соҳиблари 8 миллион Швеция крони, яъни тахминан 932 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пулига ҳам эга бўлишади.
 
Кеча, 3 октябрь куни Нобель мукофотининг бу йилги илк  совриндори номи маълум қилинди. Физиология ва тиббиёт йўналишида мукофот япониялик Йосинори Осумига насиб этди. Олим ўзининг “Автофагия механизми” назарияси учун мукофотга лойиқ деб топилди. Йосинори Осуми кашфиётининг асосий моҳияти ҳужайраларнинг зарур бўлмаган қисмларини қайта ишлашдан иборат.
 
Бугун, 4 октябрь куни физика, 5 октябрь куни кимё йўналишида ғолиблар номи эълон қилинади. 7 октябрь куни эса Ослода Нобель мукофотининг тинчлик йўналишида ғолиб аниқланади. Иқтисод йўналишида ғолиб номи 10 октябрда маълум бўлади. Бу йўналиш Швеция Давлат банки томонидан 1968 йилда жорий этилганди.
 
Одатга кўра, адабиёт йўналишида ғолиб номи академиклар йиғилишининг тўртинчи ҳафтаси тўртинчи кунида, яъни пайшанба куни эълон қилиниши керак. Жорий йилда бу кун 13 октябрь санасига тўғри келди. Шу сабаб бу йўналиш ғолиби Нобель ҳафталиги якунига етгач, оммага ошкор этилади.
 
Маълумотларга кўра, бу йил 376 номзод ғолиблик учун даъвогарлик қилмоқда. Улардан 148таси жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳисобланади.
 
Шу ўринда Нобель мукофоти тарихига назар солсак... 1833-1896 йилларда яшаб ўтган Альфред Нобель қурол-яроғ ишлаб чиқаришда етарлича кўп маблағ тўплаган. У ҳар йили Швеция банкига қўйган пул маблағидан тушган даромадни илм-фан соҳасига катта ҳисса қўшган кишиларга мукофот сифатида ажратиб беришни васият қилганди. Альфред Нобелнинг ўзи мукофотни 5 йўналишда тақсимлаб берган: физика, кимё, физиология (тиббиёт), адабиёт ва тинчлик учун қўшган ҳиссаси учун. Бу йўналишдаги мукофотлар 1901 йилдан буён ўз эгаларига топшириб келинади.
 
Шу ўринда Нобель мукофоти билан боғлиқ айрим қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз:
  • Нобель мукофоти ғолибларига бериладиган пул маблағи ҳар йили камайиб бормоқда. 2000 йил бошларида мукофот пули 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 15 йилдан сўнг бу маблағ 960 минг долларгача тушиб кетди.
 
  • Нобель мукофоти совриндорларини аниқлаш учун махсус Нобель фонди ташкил этилган. Бу фонд номзодларни саралаш ва маросим ташкилий ишлари билан шуғулланади.
 
  • Сўнгги йилларда ҳар бир йўналиш бўйича тахминан 300 киши ғолиблик учун даъвогарлик қилмоқда.
 
  • Мукофотга даъвогар номзодлар исмлари қатъий тартибда сир сақланади. Рўйхат тузилгандан 50 йил ўтибгина номзодлар билан танишиш мумкин.
 
  • Бир йўналишда икки ва уч карра мукофотланган олимлар ва ташкилотлар ҳам бор.
 
  • Нобель мукофотини топшириш марсими кечасида махсус дизайндаги сочиқлар ва дастурхон ёзилади. Уларнинг бурчагига Нобель портрети туширилади. Бу борада столдаги идишлар ҳам махсус дизайн асосида қўл меҳнати билан безатилган бўлишини қўшимча қилиш мумкин.
 
  • Залдаги столлар қатъий математик аниқлик билан жойлаштирилади, ҳатто, официантларнинг хизмат кўрсатиши ҳам сониясигача ҳисоблаб режалаштирилади.
 
  • Зални безаб турувчи 23 минг дона гуллар эса Сан-Ремодан келтирилади.
 
  • Сўнгги йилларда илм-фан йўналишида қилинган янгиликлар, кашфиётлар муаллифлари уларнинг ихтиролари ҳакамлар томонидан кўриб чиқилгунга қадар вафот этишлари дунё олимларини хавотирга солмоқда.
 
Бу йил истисно сифатида Норвегия ОАВлари бир неча номзодлар ҳақида тахминий фикрларни билдириб ўтишди. Уларнинг ёзишича, номзодлар орасида собиқ АҚШ махсус хизмати агенти Эдвард Сноуден, АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп, Рим Папаси ҳам бор.
                         Дурдона Расулова
 

Теглар:нобель мукофоти 2016 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!