Тўй сўнгида 300 кишига баҳоси 165 минг рулбллик ичи Swarovski тошлари билан тўлдирилган қутича тақдим этилди.
26 март куни бўлиб ўтган тўй ҳақида қисқача
Михаил Гуцериев ҳақида
Forbes журнали берган маълумотларга кўра Михаил Гуцериевнинг оиласи “2015 йилнинг энг бой оиласи” деб тан олинган.
Михаил Гуцериев “РуссНефть”, “Рус кўмир”, “Моспромстрой”, “Бинбанк”, нефть қазиб олиш билан шуғулланувчи “GCM Global Energy Inc” каби бир қатор бошқа ташкилотлар, шунингдек 8 та “Шансон”, “Love Radio “Баҳор FM”, “Шарқ FM”, “Пойтахт FM”, “Радио Дача”, “Такси FM”, “Говорит Москва” радио станцияларига эгалик қилади.
Тўйга Михаил Гуцериевнинг яқин дўстлари, ҳамкорлари қаторида ҳурматли меҳмон сифатида Ингушетия президенти Руслан Аушев ҳам ташриф буюрган.
Булардан ташқари яна бир ишониш қийин бўлган маълумот бор. Муваффақият чўққисидаги тадбиркор, миллиардер Гуцериев шеър ёзади. Унинг шеърларини Россиянинг машҳур қўшиқчиларидан Иосиф Кобзон, Стас Михайлов, Лайма Вайкуле, Валерия, Кристина Орбакайте, Филипп Киркоров куйга солиб ижро этишган.
Келин ва куёв ҳақида
Куёв – Саид Гуцериев 28 ёшда. У ҳам отаси каби тадбиркор. Россияда бизнес соҳасида муваффақиятга эришаётган ёш тадбиркорлардан бири саналади. Айни вақтда у “ФортеИнвест” га раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек у “РуссНефть” компанияси акцияларининг бир қисмига эгалик қилади.
Келин – Хадижа Ужахова 20 га киради. Маълумотларга кўра, у оддий ингуш оиласидан бўлиб, Евдокимов номидаги тиббиёт-стоматология университетида таҳсил олади. Гуцериевлар оиласи ўғиллари Саид учун 4 йил давомида томонлама мос келадиган оила қизини излашган. Ҳар томонлама мос дейилганда, уларнинг моддий ҳолати назарда тутилмаган. Аксинча, улар бўлажак келинни бир қатор қоидалар, ингуш урф-одатлари асосида излашган. Хадижанинг одоби, ўзининг тутиши, бирорта ҳам расмий ноўрин тадбирларда иштирок этмагани, оқилалиги уларни ром этгани боис ҳам келинликка айнан уни танлашган.
Келиннинг кўйлаги
Маълумотларга кўра, келиннинг кўйлаги махсус буюртма асосида Elie Saab томонидан тикилган. Кўйлакнинг оғирлиги 25 килограммни ташкил этади. Унга табиий Swarovski тошлари билан безак берилган. Маълумотларга кўра, ушбу кўйлакнинг баҳоси 25 миллион рублдан ортиқ, баъзи нашрларда эса унинг нархи 27 миллион рубль деб кўрсатилган.
Келинчакнинг бошидаги тожи 5 миллион евро, соч турмаги ва макияжига эса 15 минг рубль сарфланган.
Тўй оқшоми
26 март куни бўлиб ўтган тўй Россиянинг энг қимматбаҳо ресторанларидан бири бўлмиш “Сафиса” ресторанининг банкет залида нишонланди. 600 киши таклиф этилган тўй маросимини ташкиллаштириш ишлари билан Игорь Крутойга тегишли “АРС” компанияси шуғулланди.
Тўй вақтида бино атрофини қуролланган тан соқчилар ўраб олишди, туни билан эса ёнғин хавфсизлиги ходимлари қўриқчилик қилишди. Рестораннинг ички қисми гуллар билан безатилган, атрофда эса кўплаб декторатив дарахтлар экилган. Тўйхонани гуллар ва дарахтлар билан безатишга 200 минг АҚШ доллари – 14 миллион рубль миқдоридаги маблағ сарф этилди.
Бино атрофидан турли фавворалар ҳам ўрин олган. Уларнинг бири оловли рақсни ижро этиш хусусиятига эга.
Дастурхонга ош, кабоб, суши, қизил икра каби дунёнинг бошқа миллий таомлари ҳам тортилган.
Тўйга таклиф этилган машҳурлар ва уларнинг нархлари
Тўйда Ингушетия халқ артисти Тамара Яндиева бошловчилик қилган. Стинг ва Энрике Иглесиас буюртма қилинган қўшиқларни куйлаб беришган. Женнифер, Патрисия Каас эса рақсбоб қўшиқларини куйлашган. Бошқалардан фарқли ўлароқ Жей Ло бир неча бор либосларини алмаштирган ва рус тилида ёд олган “Саид ва Хадижанинг тўйлари, нақадар тотли” сўзларини қайт-қайта такрорлаб тургани барчани ҳайратга солган.
Бошқа маълумотларга кўра, тўйдан сўнг Жей Ло пойтахтдаги бутиклардан бирига йўл олган ва 2,5 миллион рубллик кийим кечакларни сотиб олган.
Саид ва Хадижанинг 26 март куни бўлиб ўтган тўйларига Бейонсе ва Элтон Жонлар ҳам таклиф қилинганди. Оммавий ахборот воситаларида уларнинг тўйда иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар ҳам тарқатилди. Бироқ тўйдан кейингги маълумотлар ва суратлар орқали уларнинг номаълум сабабларга кўра тадбирда иштирок эта олмагаликлари ошкор бўлди. Тахминларга кўра, Бейонсе ва Элтон Жон келин ва куёвнинг Лондонда бўлиб ўтадиган иккинчи тўйларида иштирок этишлари керак.
Умумий қилиб олганда машҳур хонандаларни таклиф қилиш учун оила 3 миллион евродан ортиқ маблағни сарф этган. Баъзи нашрларда эса хонандаларнинг чиқишлари учун жами 10 миллион евро сарфлангани айтилмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Жей Лога ушбу тўйга келиши учун 5 миллион евро миқдорида ҳақ тўланган, бошқа манбалар эса унинг гонорари 1 миллион еврони ташкил этгани ҳақида ёзмоқда. Стинг 1,5 миллион евро, Энрике Иглесиас 500 минг евро, Алла Пугачева 300 минг евро мидқоридаги гонорарга розилик билдиришган. Тўйда дунё юлдузларидан ташқари Россиянинг кўзга кўринган хонандалари ҳам иштирок этган.
Меҳмонларга тақдим этилган тилла қутича
Қувончли маросимда меҳмонларни шахсан Гуцериевнинг ўзи кутиб олган. Тўй тадбири якунига етгач, у аксарият меҳмонларни қўлида совға билан яна ўзи кузатган. Ингушетия урф-одатларига кўра, тўйдан кетаётган меҳмонларга совға-салом улашилади. Совға сифатида миллиардернинг оиласи меҳмонларга тилла қутичаларни ҳадя этган. Буюртма асосида ясалган жами 300 та қути 50 миллион рубллик маблағни талаб қилган. Тўйда қатнашганлар учун тайёрланган олтин қутичанинг ҳар бирида 56 та Swarovski тошлари мавжуд. Шунингдек унга Саид ва Хадижанинг никоҳдан ўтган саналари ўйиб ёздирилган. Олтин қутичалар буюртма асосида Артем Жариков раҳбарлигидаги “МАОК” устахонасида 1 ой ичида тайёрланган. Буюртма сонининг кўплиги туфайли устахона 10 фоизлик чегирма берган. Ҳар бир қутининг нархи 165 минг рублни ўз ичига олади. Аслида эса унинг баҳоси 180 минг рублдир.
Торт
Икки ёшнинг никоҳ маросимида қандолатчилар томонидан пиширилган тортнинг узунлиги 2 метрдан ҳам ошган. Ширинликнинг устки қисмида ярим ой белгиси балқиб турибди.
Тўйда узук ва сумка йўқотилган
Маълум бўлишича, ушбу тўйда аёллар хонасида меҳмонлардан бири 100 минг евролик узугини қолдириб кетган.
Баъзи манбаларга кўра, келиннинг дугоналаридан бири аёллар хонасида оғирлиги 2,5 карат келадиган олмос кўзли узугини йўқотиб қўйган. Унинг баҳоси тахминан 100 минг евро деб баҳоланар экан. Шунингдек кимдир Valentino брендига тегишли баҳоси 160 минг рубль бўлган сумкасини унутиб қолдирган. Узук ва сумка топилган, аммо тўйда қатнашган меҳмонларнинг ҳеч бири на узук ва на сумка учун ресторан маъмуриятига ёки полицияга мурожаат қилмаган.
Иккинчи қисм: Лондондаги тўй маросими
Ингуш урф-одатларига кўра никоҳ маросими 10 кунгача давом этиши мумкин экан. Шу аснода Саид ҳамда Хадижаларнинг тўйлари энг ками билан яна бир марта ўтказилади. Оммавий ахборот воситалари иккинчи тўй Буюк Британияда бўлиб ўтиши айтилмоқда. Аммо унинг қайси куни ва қаерда бўлиши ҳозирча номаълум. Шуниси аниқки, Лондондаги тўй ҳам Россиянинг энг қиммат саналадиган “Сафиса” ресторанидан қолишмайдиган жойда ўтказилади. Олдинги тадбирдан фарқли ўлароқ, иккинчи тўйда оиланинг энг яқин кишиларигина иштирок этишади.
Машхурлардан кимлар таклиф этилади
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тўйга Элтон Жон ва Бейонселарнинг келиши кутилмоқда. Бошқа хонандалар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. Бизни кузатинг, энди ушбу юлдузли тўйнинг Лондондаги қисми ҳақидаги тафсилотларни кутинг.
Изоҳ: Қандай тўй қилиш, йиллар давомида топган давлатини қандай сарфлаш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ, албатта. Бироқ тахт билан бахтни сотиб олиб бўлмаслиги, исботини топган ҳақиқат. Миллионлаб сарфлаб тўй қилқагинмиздан кейин, икки ёш бир-бирини тушуниб, ҳурмат қилиб яшаб кетса хўп-хўп, бироқ акси бўлсачи? Ҳар қайси миллат ва жамиятда оиланинг мустаҳкамлиги пул ёки қимматбаҳо буюмлар билан ўлчанмайди.