...
МЕНЮ
ONLINE TV

Саакашвили: "АҚШда яшириниб юриш ниятим йўқ, Украинага қайтаман!”


13:53, 02.08.2017 Олам
 2 855

Деярли ярим аср умр кечирган Саакашвили таҳдид қилишдан уёғига ўтмаяпти.

Шу кунларда барча ОАВларда  Михаил Саакашвили билан боғлиқ можаролар қайноқ мавзуга айланди. Бир неча йиллар аввал Грузидан “қочиб”, Украинадан макон топган собиқ сиёсатчи яқинда Украина фуқаролигидан ҳам маҳрум этилди.
 
Айни вақтда АҚШда бўлиб турган Михаил Саакашвили қўшма штатлардан эмас, Украинадан яна паноҳ сўрашни мақсад қилган. 1 август куни Киевда Саакашвили иштирокида видео-матбуот анжумани ташкил этилди.
 
Одесса вилоятининг собиқ губернатори унга қарши фитна уюштирилганини таъкидлаб, бунда Украина ҳукуматини айблади. Саакашвили Украинага қайтишини ва президент Петр Порошенконинг буйруғини бекор қилдиришга эришишини айтиб ўтди. Аммо Михаил Саакашвили Украинага қайтиш санасини аниқ эълон қилмади. Деярли ярим аср умр кечирган Саакашвили таҳдид қилишдан уёғига ўтмаяпти.
 
“Мен АҚШда беркиниб ўтирмоқчи эмасман. Мен, албатта, Украинага қайтаман ва ҳақ эканлигимни исботлайман. Агар ҳокимият мендан қўрқмаса, мамлакатга кириб келишимга руҳсат берсин, агар улар қўрқишса... нима бўлганда ҳам мен ўз уйимга йўл топаман”, деди Михаил Саакашвили.
 
Аслида Украина Михаил Саакашвилининг уйи, яъни она юрти эмас. Сиёсатчи Грузиянинг Тбилиси шаҳрида туғилган. 2004-2007 йиллар ҳамда 2008-2013 йилларда Грузия президенти лавозимида фаолият юритган. Президентликнинг биринчи муддати қаршилик намойишлари туфайли ўз якунига етмаган ва муддатидан аввалги сайлов ўтказилган. Иккинчи сайловда ҳам Саакашвили ғолиб бўлган.
 
2013 йилда Грузияга янги президент тайинланганидан сўнг, Саакашвили мамлакатни тарк этганди. Грузия бош прокуратураси собиқ президентга қарши жиноят иши очган. У давлат бюджетидан 5 миллион долларни шахсий эҳтиёжи учун сарфлаганликда айбланмоқда. Унга нисбатан Грузияда шартли равишда ҳибсга олиш жазоси тайинланган.
 
2015 йилда Украина фуқаролигини олган Саакашвили Грузия паспортидан воз кечди. Ўшанда президент Петр Порошенко уни Одесса вилоятининг губернатори этиб тайинлади. Орадан бир йил ўтиб, Саакашвили бу лавозимни ўз ихтиёри билан тарк этди.
 
Ўз юртида “ватангадо”га айланган Михаил Саакашвили 26 июль куни  Украина фуқаролигидан ҳам маҳрум бўлди. “Юрт қўрисанг, ўсарсан. Қўримасанг, тўзарсан” деганларидек, айни вақтда АҚШда бўлган Саакашвили Украинага ҳам, Грузияга ҳам кира олмайди. Ўз вақтида Грузияга хиёнат қилган собиқ президент Украинада ҳам маълумотларни яширганликда айбланмоқда. Грузияда эса у дарҳол ҳибсга олиниши керак. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Михаил Саакашвили Грузия Украина 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!