Бу ким дейсизми? Савол беришга шошманг, сиз уни албатта, танийсиз...
Шу жамоа сафида кўплаб иқтидорли футболчилар фаолият олиб боришарди. Ҳатто, “Обод” футболчисининг номини Олий лига тўпурарлари рўйхатида ҳам учратар эдик. Ҳа, бу футболчи шубҳасиз Алишер Азизов ҳисобланади.
Аввалига “Андижон”, “Қизилқум”, “Обод” кейин Қирғизистоннинг “Дордой” клубида ўйнаган ўзбек ўғлони ҳозирда Уммоннинг “Ал Салам” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. “Дордой” клубидаги қисқа фаолияти давомида у 20 та гол урди ва чемпионат тўпурарларидан бирига айланди. Мавсум якунлангандан сўнг қишда Уммонга йўл олди. Биз Алишер билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, унинг Уммонда қандай яшаётгани ва бир қанча мухлислар номидан йўлланган саволар билан мурожаат қилдик.
– Ҳайрли кун, Алишер ака!
– Ассалому алейкум!. Сизга ҳам ҳайрли бўлсин.
– Ҳозир қайси чемпионатда ўйнаяпсиз?
– Уммоннинг “Ал Салам” клубида.
– Шароитлар қандай?
– Нолийдиган даражада эмас, ҳар ҳолда бунгача борган бошқа мамлакатлардан яхши.
– Масалан?
– Бундан аввал Қирғизистон клубида бироз муддат ўйнадим...
– “Умм Салал” билан қанча муддатли шартнома имзолагансиз?
– Ярим йиллик шартнома? Июнь ойида мавсум якунланади. Шу билан бирга шартнома муддати ҳам ниҳоясига етади.
– Уммон чемпионатидаги клублар унчалик машҳур бўлмаса-да, лекин футболчиларга яхши маош тўлашади. Сир бўлмаса, айтингчи, Уммонга агент хизматлари орқали бордингизми?
– Тўғри, маош яхши тўлашади. Лекин ҳар бир ишнинг ўз қийинчиликлари бор. Футболчи бўлиш осон эмас. Жароҳатлар, доимий назорат остида бўлиш ва жисмоний ҳаракатларнинг кўплиги одамни чарчатади. Очиғини айтаман, бу ерга келишимда агент менга ёрдам берди.
– “Ал Салам” клуби билан шартномангиз яқин кунларда тугайди. Ортга қайтмоқчимисиз ёки янги шартнома таклиф этишса, Уммонда яна қолишингиз мумкинми?
– Ҳозирча, аниқ билмайман. Тўғриси, Ўзбекистонни соғиндим. Ўзбекистонда футбол ўйнаш барибир бошқача. У ерда дўстларим оилам ҳамма-ҳаммаси бор.
– Ўзбек клубларидан таклифлар бўлдими?
– Афсуски, аниқ таклиф бўлгани йўқ. Шунчаки, қизиқиб кўришди.
– Қайси клуб?
– Энди бу иш ўхшамагандан кейин, у клублар номини айтишдан фойда кўрмаяпман.
– Ҳеч бўлмаса биттасини...?
– Шунчаки, таклиф бўлмади дейишингиз ҳам мумкин. Чунки ўша клублар чақирганимизда келмади деб юришмасин.
– Сизни футбол мухлислари йўқ бўлиб кетган “Обод” клубидаги тўпурарлик қобилиятингиз билан танишади. Шу клубнинг ўзбек футболидан “ўчиб” кетишига муносабатингиз қандай?
– Албатта, “Обод”нинг аҳволи аянчли тугагагини ачинарли ҳол. Жуда ҳам яхши клуб эди. Ўз олдига доим катта мақсадларни қўярди. Таркибида иқтидорли йигитлар йиғилганди.
“Обод” бошидан молиявий муаммони ўтказгани учун ёпилди деб ўйлайман. Барча ҳаражатларга клубнинг кучи етмади. Клубда келди-кетди кўпайиб кетди. Бир хиллик буткул йўқолди. Ҳар даврада ўнталаб ўйинчининг алмашгани бу нормаль ҳолат эмас.
– Ҳа, молиявий муаммолар ҳамма клубларда бор, инкор эта олмаймиз. Қирғизистон чемпионатида ҳам ўйнадингиз. У ердаги шароитлар Ўзбекистондан яхшироқ эдими?
– “Дордой” клубида шароит зўр эди. Қирғизистоннинг ҳақиқий профессионал клубларидан бири эди. Қолганлари ўзбек клубларидан кучсиз. Чемпионат даражаси бўйича ҳам Ўзбекистонга ета олмайди.
– Сиз айтаётган “Дордой” кучини Ўзбекистоннинг қайси клуби билан тенглаштириш мумкин?
– “Дордой”да Қирғисистон терма жамоасининг кўп футболчилари ўйнайди. Шунинг учун яхши савияга эга клуб, деб биламан. Ўзбекистон Суперлигасида камида 5-6 ўринга кураша олади. Лекин қойил қолиш керак, қирғизистонликлар тарихида биринчи марта Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритди.
– Ҳа, бу натижада ҳам “Дордой” клубининг ҳиссаси бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, Қирғизистон халқи учун яхши янгилик. Ўзингиз футболни қачон тарк этмоқчисиз?
– Қачон футбол ўйнашдан чарчаб, жисмоний ҳолатим бардош бера олмаса, шунда бутсаларимни михга иламан.
– Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб боряпсизми? Ортда қолган турларда қайси ўйин сизда кўпроқ таасурот қолдирди?
– Деярли, ҳамма ўйинларда рақобат кучли. Жамоалар аввалгидан анча кучайган.
– “Навбаҳор” Наманганда амалдаги чемпиони “Локомотив”ни мағлуб этди. Ўша ўйинни 25300 нафар мухлис бевосита стадионда томоша қилди. Шу ўйин ҳақида нима дея оласиз?
– Ўйинни кўрдим, қойил! Наманганлик мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши “Навбаҳор”га фойда келтирди. “Навбаҳор” ўша куни бошқача ўйин намойиш этди, айниқса, мухлисларига гап йўқ. Лекин майдон ҳолати кўнгилдагидек эмас эди. Тўп кўп вазиятда сакраб кетди.
– ЎФА Олий Лигани Суперлига алмаштирди ва жамоалар сонини кескин қисқартирди. Сизнингча бу тўғри қарорми?
– ЎФАнинг иши қанчалик тўғри эканлигини мавсум якунланса биламиз. Қани, охиригача кўрайлик-чи қандай бўлар экан?
– Юқорида майдон ҳақида гапирдингиз. Умуман Ўзбекистон стадионларидаги майдонлар ҳолати сизни қониқтирадими?
– Ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Ҳатто, аксарият Суперлига клубларининг майдонлари талабга жавоб бера олмайди. Барчаси вақт ўтиши билан изига тушади, деб ўйлайман.
– Уммонда сизни қандай кутиб олишди?
– Ҳеч қандай муаммо йўқ, кўнгилдагидек кутиб олишди. Жамоада озгина молиявий муаммолари бор экан, ҳал бўлади, деб ваъда беришди.
– Ўзбекистонга қайтиш..?
– У ерни қумсаганман, лекин ҳали ҳам иш юзасидан Уммонда бўлиб турибман. Ҳозир мавсум авжида, шу учун тайёргарлик кўриб, клуб билан юқори ўринларни эгаллашни мақсад қилганмиз.
Яна икки ойдан сўнг, Ўзбекистонга қайтаман. Балки шу муддат ичида бориб келишим ҳам мумкин. Мавсум якунланиши ва таклифларга қараб қарор чиқараман. Иложи борича Ўзбекистонга қайтиб, қандайдир клубда ўйнашга ҳаракат қиламан.
Ўзбекистонда туғилиб ўсганман, оила-аъзоларим ҳам Тошкентда. Ўзбекча гаплашиш қандайдир ёқимли, ўзбеклигимдан фахрланаман. Айтишади-ку, “ўз уйинг – ўлан тўшагинг”! Ёш укаларимизга ҳам келажакда Ўзбекистонда ўйнашларини маслаҳат бераман.