...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ойнадаги аксингизда яшайдиган “эгизаклар” ҳақида нималарни биласиз?


15:37, 17.10.2017 Бу қизиқ
 4 498

Юзнинг чап бўлагидан пайдо бўлган портретни “ҳаётий”, ўнг томондан пайдо бўлганини эса “руҳий” деб атай бошлади. “Эгизаклар”га қараб ташхис...

Синчковлик билан эътибор берган бўлсангиз, симметрик шаклга эга деб аталмиш танамиз аслида унчалик ҳам симметрик эмас. Худди шундай юзимиз ҳам...
 
Бу шунчаки тасодиф десангиз — адашасиз!
 
Олимлар юздаги айрим чизги, белги ва “нуқсон”ларга қараб унинг руҳиятига боғлиқ хусусиятларни аниқлаш усулини ишлаб чиқишди.
 
Ҳусн фақат тўйда керак, одоб ҳар куни, деган ўзбекона гаплар қулоғингизга чалингани аниқ. Бегона кишиларнинг истарасига қараб мурожаат қил, деган доно ўгитлар ҳам бежиз эмас. Кишининг юзи, унинг тузилиши кўп нарсалар ҳақида дарак бериши мумкин.
 
Маълумки, миямизнинг ўнг яримшари танамизнинг чап томони, чап яримшари эса ўнг томони учун “масъул”.
 
Шунинг учун чапакайларнинг ўнг яримшари, ўнақайларнинг эса чап яримшари яхшироқ ишлайди. Келинг, аввало, уларнинг “жавобгарлиги” қай тарзда тақсимланганини кўриб чиқайлик.
 
Тадқиқотчи олимларнинг таъкидлашича, чап яримшар “мантиқ”, “таҳлил” ва “ўзни тута билиш” каби фаолиятларни “бошқарар” экан. Шундан келиб чиқадики, кимнинг чап яримшари устунликни қўлга олса, демак, у илм-фан, маъмурий-идоравий ишлар, тадбиркорлик ва шунга ўхшаш ақлий меҳнат (бошқарув) билан боғлиқ вазифаларни бошқаришга интилади.
 
Ўнг яримшар эса “кўнгил сезиши”, “тасаввур”, “вазиятни ҳаққоний баҳолаш” каби хусусиятларни идора қилади. Бу ҳам ўз-ўзидан маълумки, бундай кишилардан кўпроқ ижодкорлар чиқади. Шоир-ёзувчилар, мусиқашунос-бастакорлар, актёр ва хонандалар кўпроқ эҳтирос ва ҳиссиётлар билан иш кўришлари шундан.
 
Агар яримшарларнинг орасида навбатма-навбат “тенглик” даражаси бўй кўрсатиб турса, бунда номутаносиблик, яъни шахснинг тушуниш қийин бўлган феъл-атвори, унинг хатти-ҳаракатида “бетайинлик”, “ўзгарувчанлик” каби қусурлар кўринишида намоён бўлиши билан ифодаланади. Аниқроғи, эҳтирос ва мантиқ, руҳият ва ақл ўйғунлигига путур етади.
 
Техник маълумотга ҳам эга (муҳандис-физик), бироқ ўзини тиббиёт, хусусан руҳшуносликда намоён қилган олим — психология фанлари доктори, профессор А.Н.Ануашвилининг бир қатор тадқиқотлари шуни кўрсатдики, юқорида келтирилган қоида юз кўринишида ўзгача ифодаланар экан.
 
Аниқроғи, юзимизнинг ўнг томонида чап яримшарлар ҳолати ифода этса, чап қисмида ўнг яримшарлар ифодаси муҳрланган экан. Демакки, биз инсонлар барибир тўкисликка даъво қила олмаганимиздек, яъни ақл ва эҳтирос чегараларини бузиб турганимиз учун юзимиз симметрик ҳолатда бўлиши мумкин эмас. Бунинг исботи сифатида тадқиқотчилар кишининг юз суратини икки қисмга: ўнг ва чап томонларга бўлишдилар. Ўнг томондан симметрик нусха олиб иккисини бирлаштирдилар. Худди шундай чап томоннинг ўзини иккига кўпайтириб, бир-бирига “пайванд” қилишди.
 
Кутилмаган натижа: иккита бошқа-бошқа кишининг сурати пайдо бўлди!
 
Уларни “эгизак” ёки “ака-ука” деб аташ мумкин, бироқ сўровдагиларнинг аксарияти суратлар битта кишига тегишли эканлигини инкор этдилар.
 
Шундай қилиб, Автандил Николаевич юзнинг чап бўлагидан пайдо бўлган портретни “ҳаётий”, ўнг томондан пайдо бўлганини эса “руҳий” деб атай бошлади. Натижада бу тадқиқот натижасида ажойиб бир услуб яратилди ва компьютер ёрдамида кишиларнинг “шахсияти” ўрганила бошланди.
 
Шахсиятга ташхис қўйилгандан сўнг эса уни даволаш осон. Чуқур қайғудаги кишилар, ичкиликка рўжў қўйган айрим беморлар ушбу услуб методлари орқали даволашга киришдилар ва натижа — аъло!
 
Автандил Ануашвилининг фикрича, кишининг руҳий ҳолати, феъл-атворидаги фазилату қусурлар йиллар давомида унинг юзига моҳирона тарзда муҳрланар экан. Юзнинг дастлабки кўриниши қандай бўлиши эса, бизга аён бўлмаган сир, негаки битта ота ва онанинг насл ҳужайраларидан пайдо бўлган фарзандлар бир-бирини такрорламас феъл ҳамда кўринишга эга, ҳатто битта оилада бир хил тарбия топган бўлсаларда.
 
Ўзбекона қилиб таърифласак, бир палакда ҳар хил қовун!
 
Шуниси аниқки, киши насл белгиларини четлаб ўтиб алоҳида бир кўриниш ёки феълга эга бўлолмайди. Унинг йиллар давомида “шаклланиб бориши” ёки “ўсиши” унинг руҳий олами ва ақл-заковатига боғлиқ эканлигини юқорида келтирилган мисол ва далилларда кўрдингиз.
 
Шундай қилиб, кишининг юз тузилиши графика кўринишига келтирилиб, компьютерда махсус дастурлар ёрдамида таҳлил қилинади ва унинг руҳий ва жисмоний ҳолатига ташхис қўйилади.
 
Бу усул такомиллашгандан сўнг тиббиёт ва психологияда янги бир йўналиш — психодиагностика ва психокоррекцияга айланиши ҳам мумкин, дейди тадқиқодчилар раҳбари.
 
Илгари бу психологик тестлар орқали амалга оширилар эди. Айрим ҳолларда гипнозга ҳам мурожаат қилинар эди. Энди эса компьютерга киши юзининг акси туширилса бас, “икки эгизак” таққосланиб дастлабки маълумотларни олиш мумкин.
 
Ҳозирда бу янгиликка кўпгина мамлакатлар психологлар жамияти, тиббиёт муассасалари қизиқиш билдирмоқдалар. Кейинчалик буни жиноят қидирув ишларида ҳам қўллаш мумкин бўлади.
 
Ишонмаймиз, дея гумон қилаётган бўлсангиз, портрет суратингизни электрон вариантини компьютерингизга киритинг. Сўнг махсус дастурлар орқали уни ўнг ва чап бўлакка бўлиб, ўнгларидан алоҳида, чапларидан алоҳида “коллаж” ясанг.
 
Қарабсизки, иккита бир-биридан фарқ қилувчи “ўзингиз” тайёр!
 
Уларни қандай номлаш сизнинг ихтиёрингизда. Бирини “жаҳл”, иккинчисини “ақл”, бирини “қўпол”, бирини “мулойим”, биринчиси — “истарали”, иккинчиси — “совуқ”...
 
Алқисса шуки, иккисига ҳам битта ном бера олмайсиз...
 
Ҳа, айтгандай, юзингиз қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкаламанг!
 
Азиз мухлислар, эслатиб ўтамиз, аввалроқ кишининг феъл-атвори унинг қандай касалликларга тет-тез чалиниб туриши, узоқ умр кўриш сирлари, “олтинчи туйғу” деб аталмиш сезги хусусиятлари, сурункали толиқиш, теридаги айрим табиий ўсмалар хавфи, яссиоёқлик ва мия фаолияти ҳақидаги мақолалар орқали саломатликка оид маълумотларни эътиборингизга ҳавола этган эдик.
Улуғ БЕК

Теглар:Инсон руҳияти Тана тузилишининг симметрияси Илмий тадқиқотлар Тиббиётда янги йўналиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!