Шайма Салим шифокорларни Имоннинг ҳикояси орқали клиникани реклама қилишда айблади.
Аёл 2 ҳафтадан кейин уйига қайтиб кетиши мумкин. Аммо вазият кутилмаганда можарога айланди. Имон Аҳмад Абдулатийнинг опаси Шайма Салим клиникага видеомурожаат йўллади. 14 апрелда юборилган хабарда Шайма Салим шифохонанинг даволаш усулига нисбатан ишончсизлик билдирган, Имоннинг саломатлигида ижобий ўзгариш йўқлигини таъкидлаган. Имонни даволаётган шифокор унинг вазни ярмига қадар қисқариши ҳақида ваъда қилган, аммо натижа кутилганидай бўлмаган. Бундан ташқари, Шайма Салим шифокорларни Имоннинг ҳикояси орқали клиникани реклама қилишда айблади.
Шайма Салим Имон шифохонада бўлган вақтда унинг юзи ва қўли кўкарганини, унда инсульт юзага келганини қайд этган. Шифокорлар синглисининг мия фаоллигини қисқартириш учун кўп миқдорда таблеткалар беришаётганини қўшимча қилган. Шу сабаб компьютер томографиясини ўтказишни талаб этган.
Имонни даволаётган шифокор Шайма Салимнинг сўзларини айблов деб атади. Шу билан бирга компьютер томографияси Имондаги айрим хасталикларнинг сабабини кўрсатиши мумкинлигини тан олди. Унинг айтишича, шифокорлар Имоннинг вазнини охирги марта ўлчашганида, 171 кг бўлган. У даволанишда давом этяпти.
Имон Аҳмад Абдулатий ҳақида илк марта октябрь ойида хабар қилинганди. 36 ёшли Имон инсультга чалиниб, ўринга “михланиб” қолганди.
Ўтган йилнинг охирида аёлни айни вақтда даволаётган шифокор унга ёрдам беришини айтиб, ўз клиникасига келишни таклиф қилганди. Аёл шифохонага 11 февраль куни келтирилган. У дастлаб ошқозонининг бир қисмини олиб ташлаш бўйича операцияни бошдан кечирди. Унга парҳез белгиланди. Клиникага келган илк кунларида аёл 100 кг йўқотган. Апрель ойи ўрталарида эса 242 кг вазндан халос бўлгани айтилганди.