Ўзгаларнинг фикрига эмас, ўз билим даражангизга қараб танлов қилинг. Чунки ҳар кимда вазифаларни қабул қилиш доираси турлича бўлади.
Ёшларнинг талаби ошган сари ҳудудларда ҳам янгидан-янги ўқув марказлари ўз фаолиятини бошламоқда. Баъзиларининг 2-3-4 тагача филиаллари ҳам мавжуд. Бироқ уларнинг сони ортган сари танлов борасида қийинчиликлар юзага келмоқда. Кимдир яқинларининг фикрига қулоқ солса, яна кимлардир чиройли реклама қилинганларига мурожаат қилади. Бу қанчалар тўғри? Биз сизга бу борада ёрдам бера оладиган кузатишлар, фикрлар, хулосалар натижаси бўлган 10 маслаҳатни келтириб ўтамиз:
1. Танлов ижобий бўлиши учун албатта режангиздаги ўқув марказларига ўзингиз бориб кўринг. Илк дарсларида қатнашинг. Бу ўзингизга ёқадиган дарс услубини кашф этишингизга ёрдам беради;
2. Имкон даражасида ўзингиз яшайдиган ҳудудга яқин масофада жойлашган ўқув марказини танланг. Бунда олтинга тенг вақтингиз йўлда ўтиб кетишидан сақланасиз. Агар сизга маъқул келгани узоқроқда бўлса, аудиодарслардан фойдаланинг. Бунда ўрганганларингиз хотирангизда тезроқ муҳрланади;
3. Ўзгаларнинг фикрига эмас, билим даражангизга қараб танлов қилинг. Чунки ҳар кимда вазифаларни қабул қилиш доираси турлича бўлади. Дўстингизга ёққан услуб сизга маъқул келмаса, натижа кутганингиздек бўлмаслиги мумкин;
4. Ўқув марказларидаги ноанъанавийликка алоҳида эътибор беринг. Бир хилликдан зериккан ёшлар учун бу янги методика бўлиб, қизиқишлар кўламини кенгайтиришга ёрдам беради.
5. Сизга дарс берадиган ўқитувчини танлашда ҳам адашманг. Унинг билим даражаси юқорилиги эмас, ўқувчиларга билганларини етказиб бера олиш даражаси катта аҳамиятга эга.
6. Ўқув мараказига илк бора ташриф буюрганда ўз билим даражангиздан бир поғона баланд бўлган гуруҳга жойлашишга ҳаракат қилинг. Кузатишлар шуни кўрсатадики, кўпчиликнинг билим олишга қандай интилиши ён-атрофидаги инсонларга ҳам боғлиқ. Агар сиз дарс олаётган гуруҳдагиларнинг билим даражаси юқори бўлса, уларга етиб олишга ҳаракат қиласиз. Агар пастроқ бўлса, ўзингиз билмаган ҳолатда дангасалашиб бораверасиз.
7. Нархларига алоҳида эътибор қаратинг. Кўпчилик қиммат бўлган ўқув марказларини бошқаларига қараганда анча яхши деб ҳисоблайди. Аслида бу фикр ҳақиқатдан қисман йироқ. Сабаби айрим ҳолларда нархнинг баландлиги ўқув маркази биносига, ходимларга тўланадиган маошга, фойдаланиладиган электр-энергия миқдорига ва шу каби қўшимча харажатларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам чекка ҳудудлардаги нархлар пойтахт ва марказий шаҳарларда фаолият олиб бораётган ўқув марказларига нисбатан арзонроқ бўлади.
Юқоридаги маслаҳатлар ўқув марказлари фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлган ёки билим олиш учун бир неча марказларга бориб кўрганларга таниш бўлиши мумкин. Бироқ ҳамон танловда қийналаётганларга асқотади деган умиддамиз.