...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нумерология: “душман” сонлар бизни хавф-хатардан огоҳлантира оладими?


09:06, 29.09.2017 Бу қизиқ
 3 551

Чексиз омад эвазига битта омадсизлик “қурбон” берилса нима қилибди?

Азиз ўқувчилар, “Бу қизиқ” туркуми орқали нумерологияга оид баъзи бир башоратлар билан таништириб бормоқдамиз. Бундан олдинроқ “дўст” ва “тумор” сонлар ҳақида қизиқарли маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилганди.
 
Келинг, “омадли” сонларга соя соладиган айрим “ёзув рақамлар” ҳақида маълумотлар билан танишамиз.
 
“Душман” сонлар
 
Бундай “рақамлар”дан эҳтиёт бўлиш керак ва уларни дарҳол “пайқай” олиш ўзига хос кузатувчанлик талаб этади.
 
“Душман сонлар” ҳақида гап кетганда эҳтимол сиз дарҳол 13 рақамини ёдга олгандирсиз...
 
Йўқ! 13 рақами таърифлашларидек “омадсизлик” белгиси эмас! Уни ёқтирадиган, ҳатто ўзининг “омадли рақами” деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўплаб учрайди.
 
Аслида ўзингиз учунгина омадсиз бўлган рақамга жиддий эътибор бериш керак. Ҳамманинг ҳам ўз “хавотир уйғотувчи” рақами бўлади...
 
Одам нима иш қилмасин, қандай режалар тузмасин, у “аралашиб” қолса, ҳаммасини чиппакка чиқаверади, воқеаларга шундай таъсир кўрсатиши мумкинки, натижада ҳеч нарсага эриша олмайсиз!
 
Руҳиятингизга тўғри келмайдиган бундай рақам сизга кўп дилхиралик, ташвиш келтирмаслиги учун имкон қадар ундан узоқрода бўлиш, таъбир жоиз бўлса, “айланиб” ўтиш керак. Бунинг учун албатта, ўша “рақиб” рақамни “таниб” олиш, яъни аниқлаб олиш талаб этилади. Бунинг учун “тумор сон”ни ҳисоблагандан бошқача йўл тутилади.
 
Бир варақ қоғозга кирилл алифбоси ҳарфларини тартиб билан ёзиб чиқинг. Сўнг ҳар бир ҳарф устига 1 дан 9 гача рақамларни кетма-кетликда қўйиб чиқинг. Яъни:
           
1 2 3 4 5 6 7 8 9 1 2 3 4 5 6 7 8 9 1 2 3 4 5 6 7 8 9 1 2 3 4 5 6 
а б в г д е ё ж з и й к л м н о п р с т у ф х ц ч ш э ю я ў қ ғ ҳ
 
Масалан, Одилов Баҳром Расулович исмли киши учун “душман сон”ни аниқлаш керак бўлсин. Уни тўлиқ қоғозга туширамиз. Сўнг шу исм-фамилиядаги ҳар бир ҳарфга қайси сон тўғри келса, кетма-кет ёзаверамиз.
 
 Юқоридаги жадвал бўйича: “о” ҳарфи устида 7 рақами, “д”нинг устида эса 5, шунингдек, и — 1, л — 4, о — 7, в — 3 рақамлари турибди.
 
Энди “Баҳром Расулович”га қайси сонлар мос келишини кўрамиз: б — 2, а — 1, ҳ — 6, р — 9, о — 7, м — 5, р — 9, а — 1, с — 1, у — 3, л — 4, о — 7, в — 3, и — 1, ч — 7.
 
Энди ҳамма сонлар қўшиб чиқсак, 93 сони келиб чиқади. Айнан шу рақам Одилов Баҳром Расуловичга “душман”, яъни омадсизлик келтирувчи сон саналади.
 
Шу рақам унинг ишида, йўлида учраши билан турли кўнгилсизлик бошланиши мумкин. Масалан, у 93 ёшида ... Келинг, шу ҳақда гапирмайлик. Яратганнинг ўзи баракали умр берсин!
 
Уй, маршрут, телефон, автомобиль номерларида унинг “омадсиз рақами” акс этса, билингки, бу омадсизликдан огоҳлантириш...
 
Тўғри, бу нарса шунчаки бир ихлос билангина аҳамият касб этиши мумкин, акс ҳолда маъно-мантиқсиз бир башорат, нумерологлар ўйлаб топган “антиқа сафсата” бўлиб қолаверади.
 
Шундай бўлсада, киши ўзини 13 ёки бошқа бир рақам билан қўрқитмаса ҳам бўлади. Исм-шарифи узундан узун бўлган киши, агар бу нарса рост бўлса, 100 йилдан кўп умр кўриши аниқ!
 
Хуллас, ишонсангизу ишонмасангиз, сиз ўз “душман” сонингизни ҳисоблаб аниқлагач, унинг “омадли” ёки “омадсиз” эканлигини кузатишингиз мумкин...
 
Шунинг ўзи, психологлар таъкидлашича, сизни “душман сон”дан ташқари барча сонлар билан “дўстлаштиради”!
 
Чексиз омад эвазига битта омадсизлик “қурбон” берилса нима қилибди?
 
Нумерологларнинг фикрича, табиат сизга шундай катта куч, имконият берганки, сиз “дўст” ва “душман” сонлардан қатъи назар керакли қарор қабул қилишингиз ҳамда режангизни тартиб билан амалга ошираверишингиз мумкин.
 
“Хабарчи” сонлар
 
Астролог мутахассисларнинг фикрича, ҳар бир кишининг ана шундай деб номланувчи сонлари ҳам мавжуд. Улар сизни доимо ҳаётингизда рўй беражак жиддий ўзгаришлар ҳақида огоҳлантириб, ўзлари ҳақида эслатиб туради.
 
Агар сиз туғилган кунингизнинг аниқ соату минутларини ҳам билсангиз, шу орқали “хабарчи рақам”ингизни аниқлаш қийин эмас.
 
Масалан, сиз 20 август 2001 йилда, душанба (ҳафтанинг 1-куни), соат 17:29 да таваллуд топгансиз дейлик.
 
Келтирилган тартибда рақамларни қўшиб чиқамиз: 2+8+2+1+1+1+7+2+9 = 33.
 
Агар йиғинди икки ёки уч хонали сон чиқса, уларни ўзаро қўшиб, битта сонга келтириш керак.
 
33 = 3 + 3, яъни 6 сони келиб чиқади. Демак, 6 рақами —  бу сизга тааллуқли бўлган “хабарчи рақам” саналади.
 
Бу сон ҳаётингизнинг муҳим дақиқаларида тақдирингизда рўй беражак ўзгаришлардан хабар беради. У мураккаб дақиқаларда ўзининг мавжудлигини билдириб туради.
 
Сиз уни тасодифан турли жой ва вақтда эшитиб ёки кўриб қоласиз, демакки, иккиланиб турган хулосангиз тўғрисида огоҳлантириласиз.
 
Кузатишлар шуни кўрсатадики, “хабарчи” сон кўпинча ҳаётдаги кўнгилсиз воқеа-ҳодисалардан, баъзан эса қувончли воқеалардан дарак бераркан.
 
Аммо инсон руҳиятида “хабар берувчи” рақамлардан ҳам муҳимроқ ва ишончлироқ туйғу бор... Бу — ички интуиция! Сиз буни оддий қилиб “кўнглим сезаяпти” дейсиз.
 
Бу ҳақда психологияга оид кейинги туркум маълумотларимизда ўртоқлашамиз!
 
Сиз — қалбингизга қулоқ тутинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Нумерология 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!