Инсоннинг асаб тизимига таъсир этиб, уни шол ҳолатига олиб келувчи ушбу кимёвий модда марҳумнинг кўз ва юз шиллиқ қаватидан олинган намуналардан топилган.
Кун сайин ушбу қотиллик юзасидан янги маълумотлар ошкор бўлмоқда.
Қотиллик иши бўйича бир неча фуқаро қўлга олинган. Улар орасида аёллар ҳам бор.
22 февраль куни Куала-Лумпурдаги Ким Чон Намнинг жасади сақланаётган моргга номаълум шахслар кирмоқчи бўлгани ҳақида маълумот тарқалганди.
Бугун, 24 февраль куни Малайзиядаги моргда сақланаётган жасадни ўрганиш чоғида марҳумнинг кўз ва юз шиллиқ қаватидан олинган намуналарда VX" типидаги асаб тизимига таъсир қилиб, шолни келтириб чиқарувчи заҳарли модда борлиги аниқланди.
“Ким Чон Намнинг организмидан топилган заҳарли модда “VX Nerve Agent” деб аталади. Бу бу кимёвий қурол турига кирувчи заҳарли модда саналади”, дейди Малайзия полицияси вакили Холид Абу Бакар.
Қотиллик юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари вақтида малайзиялик 30 ёшли фуқаро полиция ходимларини заҳарли кимёвий моддалар сақлайдиган фуқаронинг уйига олиб чиққан.
Полиция берган маълумотларга кўра, фуқаронинг уйидан бир неча турдаги заҳарли кимёвий моддалардан ташқари, бир жуфт оёқ кийими ва резина қўлқоплар топилган.
Айни вақтда ушбу фуқаронинг Ким Чон Намнинг қотиллигига алоқаси бор ёки йўқлиги ўрганилмоқда.
Ким Чон Нам ўлим топган Малайзия аэропортини эса яқин кунларда дезинфекция қилиш режалаштирилмоқда. Айни маълумотни ҳам Малайзия полицияси вакили Холид Абу Бакар берган:
“Ҳа, биз мутахассислардан марҳум ва уни ўлдиришда алоқаси бўлиши мумкин бўлган шахслар юрган жойларни дезинфекция қилишни сўрадик. Айтиш керакки, ушбу аэропортга кўпчилик боришдан қўрқаяпти. Аммо бунга ҳожат йўқ, бир неча кун ичида экспертлар аэропорт ҳудудини кимёвий моддалардан бутунлай тозалаш ишларини амалга оширишади”.