Ўғли шифохонага тушиб қолган аёл гап нимада эканини билиш учун унга олиб берган KFC товуғини кўздан кечирган вақтда, таомнинг ичи қуртлар билан тўла эканига гувоҳ бўлган.
Арканзас штати Вест Хелена шаҳрида истиқомат қилувчи аёл шу ердаги ресторанларнинг биридан ўғлига KFC грилл товуғидан олиб бергач, кўп ўтмай 5 ёшли боланинг тоби қочган. Болакай кучли ич кетиши ва қайт қилиш билан шифохонага ётқизилган. Гап нимада эканини аниқлаш мақсадида KFC товуғини кўздан кечирган аёл эса унда қуртлар борлигини кўрган.
Аёл полицияга мурожаат қилмаган. Бироқ ижтимоий тармоқда, хусусан FOX13 янгиликлар тармоғи орқали ичи қуртлар билан тўлиб кетган KFC товуғининг суратини жойлаштирган. FOX13га мурожаат қилиш баробарида у аҳолини бўлган воқеадан воқиф этишни лозим топганини айтган. Шу билан бирга, аёл KFC товуғига буюртма берилган ва сотиб олинган ресторан маъмуриятига айни воқеа юзасидан мурожаат қилганини, бироқ уларнинг қайтиб алоқага чиқмаганликларини ҳам билдириб ўтган.
Маълумот учун, KFC (Kentucky Fried Chicken) компаниясига АҚШда 1952 йил полковник Сандерс томонидан асос солинган. 2013 йил ҳолатига кўра, ушбу ресторанлар тармоғининг 18 876 савдо филиаллари мавжуд бўлиб, айни таом дунёнинг 118 мамлакатида сотилади.